Home / МАҚОЛАЛАР / “Фатовойи Сирожиййа” асари ва унинг аҳамияти

“Фатовойи Сирожиййа” асари ва унинг аҳамияти

Фарғона фиқҳ мактабининг йирик вакили Сирожиддин Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон Ўший Фарғоний Ҳанафий Шаҳидий (ваф. 568/1173) ислом оламида ўз илмий асарлари билан ўчмас из қолдирган шахсдир. Унга берилган қатор нисбалар билан бир қаторда “Шаҳидий” нисбасининг берилиши унинг Фарғона водийси таркибига кирган Ўшнинг Шаҳидтепа деган жойидан бўлганлигига ишорадир.

Манбаларда Сирожиддин Ўшийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар қисқа бўлиб, у зотнинг туғилган ва вафот этган йиллари аниқ айтиб ўтилмаган. Хожа Халифанинг “Кашф аз-зунун” асарида алломанинг 569/1173 йилларда ҳам ҳаёт эканлиги айтиб ўтилган. Аммо олимнинг ҳаёти ва илмий фаолият борасида тадқиқот олиб борган тарихчи олим Маҳмуд Ҳасаний уни айнан 569/1173 йили вафот этганлигини таъкидлайди.

Сирожиддин Ўший дастлабки таълимни ўз она юрти Ўшда олган. Чунки XI-XII асрларда Фарғона водийсининг Ўзганд, Ахсикент ва бошқа шаҳарлари каби Ўш шаҳри ҳам исломий илмларнинг энг ривож топган шаҳри бўлган. Олимнинг илм талабида бошқа шаҳарларда бўлганлиги ҳақида маълумот йўқ. Аммо у зот қолдириб кетган нодир асарлар орқали унинг нақадар юксак илмга эга олим эканлигини англаш мумкин.

Манбаларда алломанинг қуйидаги асарлари аниқланган:

  1. “Фатовойи Сирожиййа” (Сирожиддин фатволари).
  2. “Ғурар ал-ахбор ва дурар ал-ашъар” (Сараланган хабарлар ва шеърий дурдоналар).
  3. “Нисоб ал-ахбор ли-тазкират ал-ахёр” (Хайрли кишиларни эслашда дастлабки хабарлар).
  4. “Жавоҳир ал-аҳком” (Шаръий ҳукмларнинг жавоҳирлари).
  5. “Мухталиф ар-ривоя” (Турли ривоятлар).
  6. “Бадъул амолий” (Имлонинг бошланиши).

Ушбу асарлар ўзининг аҳамияти жиҳатидан алоҳида қийматга эгадир. Биз қуйида олимнинг “Фатовойи Сирожиййа” асари ва унинг аҳамияти борасида фикр юритамиз.

“Фатовойи Сирожиййа” асари Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг фиқҳга доир асаридир. Буни асарнинг номидан ҳам англаб олиш мумкин.

Кичик ҳажмли ушбу асарда бошқа китобларда учрамайдиган масалаларни қамраб олишга ҳаракат қилинган. Мазкур фатво тўплами 57 та китоб, 408 боб ва боблар остида яна 37 фасллардан таркиб топган[1]. Ҳар бир китоб аввалида унинг боблари мундарижаси келтириб ўтилган. Унда мерос тақсимоти, ҳийлаи шаръийлар ҳақидаги мавзу билан бирга муфтий ва фатво сўровчининг одоби ҳақидаги китоблар ҳам баён этилган.

Ўший ушбу китобида фиқҳшуносларнинг, хусусан, фиқҳ илми билан танилган машҳур саҳобаларнинг, бошқа мазҳаб имомлари ва ҳанафий мазҳаби уламоларининг қарашларини баён қилиб, улардан намуналар келтирган. Муаллиф асосан, Садрушшаҳид Умар ибн Абдулазиз Бухорий (ваф. 536/1141), Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Аҳмад ибн Сарахсий (ваф. 483/1090) ва Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий (ваф. 373/983) каби фақиҳ олимларнинг қарашларига мурожаат қилган.

Асарда ҳар бир мавзу муҳокама қилинганда, аввал тегишли сўзларнинг луғати ва атамавий маънолари берилади. Мавзулар асосан савол-жавоб тарзида келтирилади. Баъзан муаллиф жамият учун муҳим бўлган саволларни сўрайди ва унга ўз услубида жавоб беради[2].

Китобнинг бу тарзда ёзилиши уни ўқишга бўлган қизиқишни оширади. Муаллиф саволга жавоб беришда мазҳаб имомларидан Имом Шайбонийнинг “Зоҳир ар-ривоя” асарларига мурожаат қилсада, фатво беришда воқиот (навозил, фатово)[3] усулидаги асарларга ҳам алоҳида аҳамият берган. Масалани ёритишда ушбу манбалардан фойдаланган ҳолда, ўзининг қарашлари ва мулоҳазаларини ҳам келтириб ўтган.

Исмоил Пошо Боғдодийнинг “Ҳадиятул орифийн” китобида келтирилган маълумотларга кўра, “Фатовойи Сирожиййа”нинг тартиби Нажмиддин Юсуф ибн Аҳмад (ваф. 634/1236) томонидан ишлаб чиқилган[4].

Сирожиддин Ўшийнинг “Фатовойи Сирожиййа” асарининг энг қадимий нусхаларидан бири 599/1203 йилда кўчирилган. Бу нусха мазкур сананинг муҳаррам ойи сешанбасида Ўшда Али ибн Усмон ибн Муҳаммад Таймий томонидан кўчириб битказилгани ҳақида Хожа Халифа “Кашф уз-зунун” асарида маълумот келтиради[5].

“Фатовойи Сирожиййа”нинг қўлёзма нусхалари дунёнинг турли кутубхоналарида сақланмоқда. Жумладан, ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида ҳам № 3009 рақами остида сақланади. Бундан ташқари Туркиянинг Тўпқопи саройи музейи кутубхонасида (№ 796), Сулаймония кутубхонасида (№ 1133) ва Анқара университетининг Илоҳиёт факултети кутубхонасида (№ 41731) ҳамда Саудия Арабистони, Ироқ, Ҳиндистон, Покистон, Тунис, АҚШ, Ливан, Буюк Британия каби давлатларнинг кутубхоналарида сақланади.

Асар биринчи марта 1243/1827 йилда Калкуттада, иккинчи марта 1293-95/1876-78 йилларда Лакҳнауда нашр этилган.

“Фатовойи Сирожиййа” асари арабча бўлиб, баъзи жойларда форсий иборалар ишлатилганлиги кузатилади. Фарғона водийси кўплаб этник қатламлар бирга яшайдиган жой бўлган. Асарнинг “Китоб ат-талоқ”, “Китоб ас-сияр” ва “Китоб ал-буйуъ” бўлимларида кўп учрайдиган форсча сўзлар ўша даврнинг кундалик ҳаётида тез-тез ишлатиб турадиган иборалар бўлиши керак[6].

Яна “Фатовойи Сирожиййа” номли асар “Фароизи Сирожиййа”нинг муаллифи Абу Тоҳир Сирожиддин Сижовандий (ваф. 596/1200)га ҳамда Қори ал-Ҳидоя лақаби билан шуҳрат қозонган Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Али Киноний Ҳусайний Қоҳирий (ваф. 829/1426)га нисбат қилинган.

Хулоса тариқасида шуни айтиш мумкинки, фақиҳ ва мутакаллим Сирожиддин Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон Ўшийнинг бизгача етиб келган асарлари ва уларга ёзилган шарҳ ва таржималар ислом маданияти ва маърифати тараққиётида муҳим ўрин тутади. Олимнинг асарларидан, айниқса, “Бадъул амолий” ва биз ўрганаётган “Фатовойи Сирожиййа” китобларидан ҳозиргача кенг фойдаланиб келинмоқда.

Р. Элмуродов
ИБХИТМ Фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Kemal Yildiz. Zharkynbai Sebetov. Orta Asyali hanefî fakihi sirâceddin Ali b. Osmân el-Ûşî’nin “El-fetâva’s-Sirâciyye” adli eseri ve bazi fikhî görüşleri.
[2] Muhittin Düzenli. Siracüddin Ali b. Osman el-Ûşî’nin Fıkıhçılığı Ali Yüksek.
[3] Янги юзага келган, мазҳаб асосчиларидан нақл қилинмаган масалалар бўйича кейинги давр олимларининг фатволари тўпламидир.
[4] Kemal Yildiz. Zharkynbai Sebetov. Orta Asyali hanefî fakihi sirâceddin Ali b. Osmân el-Ûşî’nin “El-fetâva’s-Sirâciyye” adli eseri ve bazi fikhî görüşleri.
[5] О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. Т:.“Фан”, 2009. – Б.76.
[6] Kemal Yildiz. Zharkynbai Sebetov. Orta Asyali hanefî fakihi sirâceddin Ali b. Osmân el-Ûşî’nin “El-fetâva’s-Sirâciyye” adli eseri ve bazi fikhî görüşleri.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …