Home / МАҚОЛАЛАР / Самовий китоблар ичида Қуръони каримнинг тутган ўрни

Самовий китоблар ичида Қуръони каримнинг тутган ўрни

Аллоҳ таоло Одам ва Ҳавони ерга тушириб, уларнинг насллари ер бўйлаб тарқалганидан кейин уларни ўз ҳолича ташлаб қўймай, балки уларнинг ичидан расуллар[1] ва набийларни[2] танлаб олиб, уларни ўзининг халқига элчи қилиб юборди. Натижада расуллар халқларни ягона Аллоҳнинг ибодатига чорлаб, уларга дунё-ю охират саодатига кафил бўлувчи шариатни баён қилиб, иймон келтирганларга жаннат хушхабарини ва кофир бўлганларга дўзах хабарини бериб, уларни огоҳлантирди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», деган ваҳий билан бир пайғамбар юборганмиз. Шунда ўша умматлар орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган”[3].

Аллоҳ таоло Қуръонда йигирма беш пайғамбарнинг исмини зикр қилиб, Ўзи яратган дунёда Ўзи яратган инсон қандай ҳаёт кечиришини баён қилиб бериш учун самовий китоблар нозил қилиб туришни хоҳлаб, уларнинг баъзиларига саҳифалар ва айримларига китоб нозил қилган.

Аллоҳ таоло айтади: “Сизга (эй Муҳаммад), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди”[4]. “Биз Довудга Забурни ато этдик”[5].

Аллоҳ таоло мазкур китоблар нозил қилинаётган давр ва шарт-шароитларни эътиборга олгани ҳам аён. Яъни, ушбу китоблар инсоният тарихидаги маълум бир босқич учун кўзланган бўлиб, улардан аввалгиси ўз вазифасини ўтаб бўлганидан сўнг кейингиси келиб, уни амалдан қолдирар ва ўзига белгиланган вазифани адо этишга киришар эди. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмат борки, ана шу илоҳий китоблар туширилган халқлар ўзларига юклатилган масъулиятни муваффақият ила адо эта олмади. Самовий китобларнинг барчаси Аллоҳнинг муборак каломидир. Уларнинг ӯртасида зиддият йӯқ. Мусулмонлар олдинги пайғамбарларга нозил бӯлган китобларга иймон келтирганлари каби бошқа дин вакиллари ҳам Қуръонга иймон келтиришлари, бу самовий китобни ҳурмат-эҳтиром қилишлари керак. Зеро, умуман олиб қаралганда Қуръон таълимоти ҳам олдинги пайғамбарларга нозил бӯлган китоблар таълимотига ӯхшашдир. Улар ўзларига нозил қилинган самовий китобнинг аслиятини сақлаб қола олмади ҳамда янги самовий китоб келганида эскиси амалдан қолиши ҳақидаги илоҳий кўрсатмани бузди. Баъзи аҳли китоблар ҳасад қилган ҳолда янги самовий китобни инкор этиб, эскисини маҳкам ушлаб олди. Улар ўзлари ихтиро этган ботилни тўғри қилиб кўрсатиш учун илоҳий китобга ўзгартиш киритишдан ҳам қайтмади. Шу тарзда ҳозирда сақланиб қолган эски илоҳий китоблар ҳақни ботилдан ажратиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолди. Қуръони карим самовий китобларнинг энг улуғи ва охиргисидир. У ўзидан аввалги китобларда бор бўлган ҳақ-рост сўзларни тасдиқловчи, уларга киритилган ўзгартиришларни баён қилиб берувчи, уларнинг баъзи шариатларини мансух қилувчи ва уларда бор бўлган барча яхшиликларни ўзида жамловчи китобдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бизларга ҳидоят манбаи қилиб берган. У муборак китоб инсон умрининг таваллуд босқичидан тортиб, то поёнига қадар келиб чиқадиган барча эҳтиёжларига жавоб берувчи, мавжуд муаммоларнинг адолатли ва муфассал ҳал қилинишига йўл кўрсатувчи, ҳар замон ва ҳар маконда дастурул амал бўлгувчи ягона илоҳий китобдир. Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга Худои таборак ва таоло томонидан ато этилган мўъжизаларнинг энг буюги бўлиши билан бирга, уни ўқиб, сўнгра уқиб, унга амал қилганларни икки дунё саодатига етакловчи манбадир. Унда ҳалол билан ҳаром, ҳақ билан ноҳақ очиқ-равшан баён этилиб, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек: “Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир”[6]. Бошқа оятда Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръони карим) тўқиб чиқарилган сўз эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни илоҳий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир китобдир)”[7]. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам:“Қуръони каримнинг бошқа сўзлардан афзаллиги худди Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотидан устунлиги кабидир”. Мана шу ҳадис Қуръони каримнинг фазилатини англашлик учун, буюк неъматлигини тушуниш учун етарлидир. Қуръони каримнинг фазилати шунчалик кўпки, уни ёзиб ёки айтиб адоғига етиб бўлмайди. Бу муқаддас китоб сизни дунёу охиратингизни бахтли қилади. Бу дунёдаги барча мушкулингизни осон қилади. Шундай экан фақат унга амал қилиш ва бошқа китобларни тарк қилиш мусулмон кишига вожиб бўлади: “Сизга (Эй Муҳаммад) ўзидан олдинги китобларни тасдиқловчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққи-рост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг”[8]

Хуллас калом, Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо ибн Марям алайҳиссалом, Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган. Қуръони карим – биз мўмин – мусулмонларнинг Китобимиз. Таврот яҳудийлар китоби, Инжил насронийлар китоби. Айтилишича, ҳозирда ер юзида Забурни ўз китоби деб биладиган биронта ҳам миллат йўқ экан. Аслида киши ким бўлишидан қатъий назар ҳамма Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларига имон келтириши лозим. Зеро, бу охирги шариатдир. У ўзидан олдинги шариатларни амалдан қолдирган. Барча пайғамбарлар дини бир, Парвардигорлари бир, аммо шариатлари бошқа – бошқа бўлган. Энди қиёматгача келадиган одамлар ва жинлар Ислом шариатига амал қилишлари керак. Аллоҳ бандалар Исломдан бошқа “дин”га эътиқод қилишларига рози бўлмайди…

О. Баҳриев
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Расул – Аллоҳ тарафидан саҳифа ёки китоб нозил қилинган.
[2] Набий – Расулга қараганда умумий бўлиб, саҳифа ёки китоб нозил қилинганни ҳам, нозил қилинмаганни ҳам ўз ичига олади.
[3] Наҳл, 36.
[4] Оли Имрон, 3.
[5] Исро, 55.
[6] Бақара сураси, 2.
[7] Юсуф, 111.
[8] Моида, 48.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …