Home / МАҚОЛАЛАР / Муқаддима кўпинча ғалатилик хусусиятига эга бўлади

Муқаддима кўпинча ғалатилик хусусиятига эга бўлади

Бу воқеа рўй берганига бир асрдан ошди.

Кунлардан бир кун Бостон вокзалида одмигина кийинган эр-хотин поезддан тушди. Ён-атрофдагилар уларга қишлоқдан келиб қолиб, энди боши айланиб турган одамларга қарагандек қарашди. Лекин аслида эр-хотин кам эмас, кўп эмас, нақд Гарвард университетига кетаётган эди.

Улар қабулхонага кириб ректор билан кўришиш ниятини билдирди. Табиийки, котиб аввалдан келишмай туриб, ректор қабулига кириш мушкул эканини, айниқса, шу бугун у жуда бандлигини айтди.

“Умуман, ўйлади котиб ичида, ректор келгинди ялангоёқлар билан гаплашишга қачондир вақт топиши даргумон“.

Аммо эркак ва аёл узоқ йўл босиб келганини, қандай бўлмасин, қанча кутишга тўғри келмасин, ректор билан учрашиши кераклигини айтди.

Соат кетидан соатлар ўтди. Ахийри ректор булардан осонликча қутула олмаслигини англаб етиб, қабул қилишга мажбур бўлди.

– Чақир, – деди котибига.

Ректор эр-хотинга курси ҳам таклиф қилмай, гапни қисқа қилишни сўради.

–Биласизми, – бошлади аёл паст овоз билан, – ўғлимиз шу университетда ўқирди. Биз у билан фахрланар эдик.

Афсуски, бир йил аввал фожеа юз бериб, жигарбандимиз ҳаётдан кўз юмди. Энди биз Гарвард университети ҳудудида унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида…

– Мадам, – деди ректор энсаси қотиб, – агар биз ўқиш давомида вафот этган ҳар бир талабага ҳайкал ўрнатаверсак, бу ер университет эмас, шаҳар қабристонига айланиб кетарди!

– Йўқ-йўқ, – деди аёл шошиб, – сиз мени нотўғри тушундингиз. Биз ҳайкал ўрнатмоқчи эмасмиз. Жилла қурса, бита кафедрага ярайдиган янги бино қуриб бериш ниятидамиз.

Ректор кулиб юборди. “Бу қишлоқилар университетда кафедра очиш қишлоқда кутубхонага қуриш билан баробар, деб ўйлашяпти чоғи!“

– Мадам, ҳамёнингиз бунга дош беролмайди, деб қўрқаман, – деди у насиҳатомуз оҳангда. – Агар билсангиз, Гарвард университети биноларининг умумий қиймати 7 миллион доллардан ошади.

Орага жимлик чўкди.

Ректор ишшаяр эди.

Шунда аёл овозини яна ҳам пасайтириб эрига мурожаат қилди:

– Шугина экан-ку, балки ўз университетимизни қурганимиз яхшироқдир?!

– Орий рост! – унинг фикрини маъқуллади эри.

Ректор қулоқларига ишонмас, эшитганларини тўлиқ тушуниб етолмай турарди. Эр-хотин эса секин бош силкиб, уни тарк этди.

Бу икковлон Леланд Стэнфорд ва Жейн Стэнфорд – темир йўлларнинг давлатманд хўжайини ва унинг рафиқаси эди.

Улар яккаю ягона ўғил хотираси учун Калифорния штатидаги Пало-Альто шаҳрида Стэнфорд университетини очди.

Бугунги кунда бу муассаса АҚШдаги инновацион олий ўқув юртлари орасида биринчи ўринда туради.

Янги университетни очар экан Леланд Стэнфорд хотинига бундай деган: “Бутун Калифорния болалари бизнинг фарзандларимиз бўлсин!“

Ҳа, кўпинча тарихдаги айрим майда бурилишлар йирик ўзгаришларга дебоча бўлади. Муқаддиманинг ғалатилик хусусиятига ҳам шундай, бир қарашда арзимас ҳодисалар сабабчи экан.

Музаййана МАШРАБХОН

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …