Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад алайҳиссаломга оламни огоҳлантириш учун юбориб, тўғри ақидани ва оятлардаги кучли асосларни инсонларга белгилаб қўйди. Тушунишликда ихтилофи бўлмаган бу Қуръони Карим оятлари ислом уммати битта бўлишида ва айблардан холи бўлиши учун етарлидир. Аллоҳ таоло: “Биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган Китобдир”[1]– деб марҳамат қилган. Зеро, Қуръондаги кўп ўринда келган шаръий ҳукмлар лафзлари, иборалари ва услублари хилма-хил ва қарама-қарши келсада, аммо маъноси битта бўлишини ифодалайди. Шунинг учун ҳам баъзи оятлар бошқа оятларга ўхшайди ва қарама- қаршиликсиз маънолари мувофиқ келади. Қуръондаги умумий ва иштибоҳли бўлган оятлар тўғрисида мужтаҳид муфассирлар йўлни кенг олиб, муҳкам оятларга фуруъни аслга ва жузъийни куллийга бино қилишлик билан жавоб бердилар, агарчи ҳавойи нафс эгаларининг қалблари тўғри йўлдан бурилиб кетса ҳам. Усул қоидаларидаги бу муҳкамлик ва фуруъ масаларидаги бу умумийлик билан ислом дини инсонга қанча аср-замонлар ўтмасин дунё ва охиратда яхшиликларни беришга кафил бўладиган ягона диндир.
Муҳкам – луғатда “очиқ-ойдин”, “аниқ-равшан”, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни ҳаммасини муҳкам деб сифатлаб айтади: “Алиф.Лом.Ро. (Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган , сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир” [2].
Қуръони карим ҳақ билан ботилнинг ва ростгуйлик билан ёлғоннинг ўртасини ажратувчи, аъло даражада кенг қилиб нозил қилинган Аллоҳнинг каломидур. Бу эса Қуръони каримнинг умумий муҳкамлигини тақозо этади.
Муташобиҳ – луғатда иккита нарсанинг биттаси иккинчисига ўхшашидур. Истилоҳда баъзи оятлар баъзисига ўхшаши, бир-биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Шунга кўра Аллоҳ таоло Қуръоннинг ҳаммасини муташабеҳ деб номлади, шу маънога кўра: “Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб – Қуръон қилиб нозил қилдик” [3].
Демак, Қуръондаги оятларнинг баъзиси баъзисига мукаммалликда ва улуғликда ўхшаб, бир-бирини маънода ҳам тасдиқлайди. Ҳар бир муҳкам ва муташобиҳ оятлардаги ўтган маъно кейинги келган маънога зид келмайди. Агар Қуръон бир ишга буюрса, асло бошқа жойда унинг зидди бўлган ишга буюрмайди. Қуръонда бир-бирига зид бўлган ва ихтилофли бўлган оятлар йўқлигига ушбу оят далил бўлади: “Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?![4]
Аллоҳ таоло Қуръони каримда муҳкамликга хос ва муташобиҳликка хос бўлган оятларни шундай баён қилган: “У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у(Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам-аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ – тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир)”[5].
Қуръони каримда муҳкам оятлар кўпроқ насх қилувчи, ҳалол-ҳаромни ажратувчи, ҳадларни белгиловчи, фарзларни баён қилувчи, жаннатнинг ваъдалари ва дўзахнинг азоблари тўғрисида келган. Муташобиҳ оятлар эса насх қилинган ва Аллоҳ таолонинг исм-сифатлари баёнида келган. Бунга “(У зот) Ўз аршини эгаллаган Раҳмондир”[6], “Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)”[7], “Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида бўлур”[8] ва ҳоказо оятлар мисол бўлади.
Қуръони каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон бўлиб, муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қилади. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қилади. Демак, аслида эътиқоди бузуқ кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида душманлиги бор, ҳидоятдан адашган бундай кишилар ақийда ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин қилиб берган муҳкам оятларни бир четга суриб қўйиб, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзғаш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашади. “Таъвил” – бирор сўзни сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчиришдир. Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўғаш учун ўз ҳавои нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Шунинг учун мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвилига машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола этишлари керак[9].
Муташобиҳ оятларнинг маъноларини Аллоҳ таолога топширишда Ислом уммати мутақоддим (олдин ўтган) ва мутааххир (кейинги келган) уламолар фикрига таянадилар.
Мутақаддим уламоларининг йўли, Аллоҳ таолонинг каломи қандай нозил бўлган бўлса шундайлигича қабул қилишлик ва муташобиҳ оятларига ҳам иймон келтириб, уларни тафсир қилишга чуқур шўнғимасдан, таъвил қилишдан тийилишликдир. Шунинг учун Молик ибн Анас “(У зот) Ўз аршини эгаллаган Раҳмондир” деган оятдаги “Истиво” сўзининг маъноси ҳақида сўралганда, шундай жавоб берди: “Истиво маълумдир, аммо унинг кайфияти ноаниқдир ва у ҳақда сўрашлик бидъатдир, унга иймон келтириш вожибдир”.
Мутааххир уламоларининг фикрлари, фалсафий қарашлар ва Аллоҳ банданинг ичига тушиб гавдаланишига ишонган форсий ақидалар билан таъсирланган кўпгина ҳалқлар ислом динини қабул қилгач ислом майдони кенгайиши Аллоҳ таолога нисбатан шубҳаларнинг қайта ўйғонишига сабаб бўлди. Натижада, мутааххир уламолар шул ҳақда келган ва шаклга солишликга далолат қилувчи лафзларни таъвил қилишга мажбур бўлиб, Аллоҳ таолонинг шаънига ва мақомига муносиб келадиган қилиб ва шу нарсани араб луғати кўтара олиш шарти билан мажозий маънога бурдилар. Чунки Қуръони карим ва суннат мутаҳҳаро ҳақиқий маънони ўз ичига олиши билан биргаликда маъжозий маъноларни ҳам ўз ичига олган. Бунга мисол, Аллоҳ таоло айтади: “Қишлоқдан сўраб суриштиргин”[10], “(Эй Муҳаммад, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди”[11].
Ўтган оятдаги “Истиво”ни эгаллаш ва хар қандай ишга қодир бўлиш маъноларига таъвил қилдилар. Чунки бу оятни қарор топиш ва ўрнашиш маъноларига буришлик худди Аллоҳ таолога бир маконни хослаб қўйишлик бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло замон ва макондан холи бўлган зотдир.