Home / МАҚОЛАЛАР / Қалбларга озор бермайлик!

Қалбларга озор бермайлик!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимда бир шаҳарда бой савдогар яшарди. Бир куни шу савдогарнинг умри тугаб, вафот этибди. Унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам сафарда эди. Кишилар марҳумнинг ўғлини қидира бошлашди. Чунки, отасининг ёлғиз меросхўри шу йигит эди. Афсуски, шаҳарда бирор киши у йигитни қанақалигини билмасди. 

Орадан бир неча кун ўтиб, уч киши келди. Улар ўзларини вафот этган савдогарнинг мерос оладиган ёлғиз ўғли деб даъво қилишарди. Қози уларни қозихонага чақиртирди ва текшириш учун бир доска илиб, доскага вафот этган ўша тожирнинг расмини илиб қўйди. Кейин қози бояги уч йигитга қараб: “Ким шу расмнинг ўртасига мана шу ўқни теккиза олса, ўша йигит меросни олади” деди. 

Биринчи йигит қўлига ўқни олиб, зарб билан отди. Ўқ мўлжалга тегай деди. 

Кейин иккинчи йигит келди. У ҳам ўқни зарб билан отди. Ўқ аввалги йигитникидан кўра нишонга анча яқин борди. 

Навбат учинчи йигитга келди. У ўқни қўлига олганда қўллари титради, юзининг ранги сарғайди, кўз ёшлари оқиб тушиб, юзларини юва бошлади. У қўлидаги ўқни бир четга улоқтирди ва: “Мен отажонимнинг кўксиларига бу ўқни отолмайман. Мен меросга бу йўл билан эришгандан кўра ўша меросдан маҳрум бўлишни афзал биламан” дея қичқирди. 

Шунда қози у йигитга қараб: “Эй йигит, вафот этган кишининг ҳақиқий ўғли ва шаръий меросхўри сенсан. Булар иккиси эса, муттаҳам ёлғончилардир” деди. 

Ҳа, азизлар, ҳеч бир фарзанд ўз отасининг қалбига, ҳатто расмда бўлса ҳам, ўқ отиб, қалбини оғритишни, яралашни хаёлига ҳам келтиролмайди. Худди шунингдек, чинакам дўст, ҳеч бир ака-ука, ҳеч бир эру хотин бир бирининг қалбига озор беришни истамайди.  

Бир-биримизнинг қалбларимизга озор беришдан сақланайлик! Аксинча, ёнимиздагиларнинг қалбларига шодлик, ҳурсандчилик олиб киришга уринайлик! Зеро, бу иш ҳадисларда фарз амаллардан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал деб айтилган.

Манба: islom.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …