Home / МАҚОЛАЛАР / Қурбонлик ибодати ва унинг ҳукмлари

Қурбонлик ибодати ва унинг ҳукмлари

Қурбонлик ҳижратнинг иккинчи йилида вожиб бўлган. 
– Қурбонлик зарурий эҳтиёждан ошиқча, қиймати кумуш нисоби миқдоридага етадиган мулкка ёки  шунча миқдор пулга эга бўлган ҳар бир муқим эркак ва аёл мусулмонга вожибдир.
– Қурбонлик китоб, суннат ва ижмоь билан собитдир.
– Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат.
– Қурбонлик сўйиш вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилганидан бошлаб то ўн иккинчи кунининг шомигачадир.
– Қурбонлик қилиш мусофирга вожиб эмас. 
Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши қурбонлик учун қўй сотиб олганидан кейин сафарга чиқса, ундан қурбонлик соқит бўлади, олган қўйини сотиб юбориши жоиз.
– Қурбонлик сўйиш вақтининг охиридаги бойлик ҳолати қурбонликнинг вожиб бўлиши учун ҳисобга олинади. Яьни, камбағал киши қурбонлик сўйиш вақтининг охирига келиб кумуш нисоби миқдорича бойликка эга бўлса, унга қурбонлик вожиб бўлади. Агар бой киши шу вақтда камбағал бўлиб қолса, унга қурбонлик сўйиш вожиб бўлмайди.
– қурбонлик учун беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол,олти ойга тўлган қўй, бир ёшли эчки ярайди.
– Қурбонлик ниятида товуқ ғоз, курка кабиларни сўйиш макруҳдир.
– Икки ёки бир кўзи кўр, ўта даражада ориқ сўйиладиган жойигача юриб      боролмайдиган даражада чўлоқ туғилишидан қулоғи ёки таносил аъзоси бўлмаган ,шохи ва думининг   учдан бир қисмидан кўпроғи кесиб    ташланган қўй, эчки, мол ва туяни  қурбонлик   учун сўйиб бўлмайди. 
-Туя ва қорамолларни етти ёки ундан кам киши бирлашиб қурбонликка сўйишлари жоиз. Агар улардан бирининг нияти гўшт олиш бўлса,  қолганларнинг қурбонлик нияти ҳам ўринга ўтмайди. Зеро, қурбонликнинг рукни гўшт олиш эмас, мол сўйишдир. Етти киши бир бўлиб cўйган қурбонлик гўштини килолаб тортиб, тенг тақсимлаб олишлари лозим бўлади.
– Қурбонлик қилувчи сўйишни билса, ўзи сўяди. Билмаса, бировга буюриб, ўзи унинг олдида туради.
– Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган  киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа  қилиши вожибдир.
-Сўйилган қурбонликнинг учдан бирини садақа қилиши, учдан бирини едириш, учдан бирини кейин ейишга олиб қўйиш мустаҳаб. Серфарзанд бўлса, ҳаммасини ўз фарзандлари учун қолдириши мустаҳабдир. Мусулмон бўлмаган қўшниларига ҳам қурбонлик гўштидан берса бўлади. 
-Қурбонлик ҳайвон сўйиладиган жойга озор бермасдан олиб келинади. Туядан бошқа ҳайвонлар қиблага қаратиб, чап ёнига оҳиста ётқизилади. қурбонлик қиладиган киши агар ўзи сўйса, Аллоҳ учун қурбонлик  қилаётганини ният қилиб: «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар» дейдию катта ва ўткир пичоқ билан дарҳол жонлиқни сўяди.
-Агар қассобга сўйдирса, қассоб сўйишни буюрган кишининг қурбонлиги эканини ният қилади. Агар қассоб билан бирга пичоқни ушласа, у ҳам жонлиқ гўшти ҳалол бўлиши учун «Бисмиллаҳи. Аллоҳу акбар» дейиши лозим бўлади.
– Қурбонлик терисини сотиш, қассобга меҳнати эвазига бериш мумкин эмас, у фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун меш, палос(пўстак) тайёрланади. Ёхуд узоқ муддатга ишлатиш учун мўлжалланган  қозон, товоқ каби буюмларга алмаштирилади.
 
Пешкў туман “Ҳалим Полвон” жомеъ масжиди
имом хатиби Р.Хамроев.
 Манба:naqshband.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …