Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримнинг машҳур тафсирлари

Қуръони каримнинг машҳур тафсирлари

Буюк тафсиршунос олимларнинг “Тафсир ат-Табарий”, “Ибн Касир” ва “Ал-Кашшоф” каби машҳур тафсири ҳозирги кунга қадар дарслик сифатида ўрганилиб келинмоқда.

Бу тафсирлардан энг машҳури Ибн Жарирнинг “Тафсири ибн Жарир” тафсири ўзига хос аниқлик билан ёзилган. Бу тафсирни аста варақласангиз биринчи бор кўзга ташланадиган нарса тафсирига киришмоқчи бўлган оятни: “Аллоҳ таолонинг бу-бу оятлари таъвили хусусидаги гап” ибораси билан таништиришидир. Ундан кейин эса оятнинг мазмунини шарҳлашга ўтади ва бу оятлар хусусида саҳобалардан, тобиъийлардан ривоят қилинган нақлий тафсирларни ҳужжат сифатида келтиради. Агар бир оятнинг мазмунида икки ёки ундан ортиқ фикр мавжуд бўлса, ҳар бирини алоҳида келтириб, бу фикрларни тасдиқловчи ривоятларни саҳобалар ва тобиъийлардан алоҳида-алоҳида ривоят қилади. Ривоятларнинг ўзи билан кифояланмасдан уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб, икки фикрдан қайси бири қувватли эканлигини таржиҳ қилади. Шунингдек, агар зарурат тақозо қилса, баъзи оятлардан ҳукмлар ва хулосалар ҳам чиқаради.

Баъзида Ибн Жарир Мужоҳид ёки Заҳқок сингари муфассирлар, ҳатто Ибн Аббосдан нақл қилган муфассирлар ривоятларига ҳам ўз муносабатларини билдириб, раддия берган. Масалан: “Бақара” сурасининг 65-ояти:

“Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, биз уларга: “Бадбахт маймунларга айланингиз”, дедик” оятининг тафсирида шундай дейди: “Менга Мусанно Абу Ҳузайфадан, у Шиблдан, у Ибн Абий Нажиҳдан, у Мужоҳиддан ривоят қилган ҳадисда Мужоҳид мазкур оятни тафсир қилиб, деди: “Уларнинг ўзлари       маймунга айланган эмаслар, қалблари маймунникидек (беҳис, беимон) қилинган. Аллоҳнинг бу сўзи зарбул масал бўлиб, “устига китоб ортилган эшак”нинг зарби масалидекдир”. Кейин Ибн Жарир Мужоҳиднинг тафсирига раддия бериб, шундай дейди: “Мужоҳид айтган гап Аллоҳнинг каломидан очиқ-ойдин англашилган маънога бутунлай хилофдир” (Тафсири Ибн Жарир, 1-ж. 252-253-б) .

Ибн Касирнинг тафсири аввал Бағавийнинг “Маъолимут танзил” номли тафсири билан бирга, кейин эса тўрт жилдли, катта ҳажмли китоб шаклида 1969 йил Байрутда нашр этилган. 1992 йилда Истамбулда саккиз жилдда босилиб чиққан.

Ибн Касир тафсири Макка шаҳридаги “Малик Абдулазиз университети” нинг куллияси устози Муҳаммад Али Собуний томонидан мухтасар қилинган ва 1986 йилда Байрутнинг “Дорул-қалам” нашриётида уч жилдли китоб шаклида нашр этилган.

Ибн Касир оятнинг мазмунига мувофиқ барча оятларни келтиргандан кейин, шу мазмунга мувофиқ ҳадисларни ҳам ровийлар санади билан ривоят қилади. Ҳадислардан қайси бирига эҳтиёж бор, қайсинисига йўқ, уларга ҳам аниклик киритади. Кейин саҳобалардан, тобиъийлардан ва салаф уламоларидан эшитган гапларини қўшади. Баъзи қавлларни таржиҳ қилади, баъзисига эътироз билдиради, баъзи ровийларнинг саҳиҳлигини таъкидласа, баъзиларини заифликка нисбат беради. Бундай таҳлил Ибн Касирнинг ҳадис илми ва ровийлар ҳақида юқори даража илмга эга эканлигини кўрсатади.

Тафсирнинг кўп жойларида Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Атийя ва бошқа муфассирлардан ҳам нақл қилинган.

Ибн Касир тафсирининг яна бир муҳим жиҳати, унда исроилий (аҳли китобларда келган манбалар) ривоятлардан сақланишга чақирилганидир. Шу билан бирга баъзи ривоятларни келтирилса ҳам, унинг мункар эканлиги алоҳида таъкидланади. Масалан: “Эсланг, Мусо ўз қавмига: “Аллоҳ сизларга (бир) сигир сўйишликни буюрди” (Бақара, 67), ояти каримасининг тафсирида Аллоҳ таоло тарафидан яҳудийларга сўйишлик учун буюрилган махсус сигирнинг таърифини, у сигир яҳудийлардан ота-онасининг дуосини олган биргина одамнинг уйида мавжуд бўлиб, жуда катта маблағ эвазига сотгани ҳақидаги узундан-узун ривоятларни батафсил келтириб, охирида шундай хулоса қилади: “Бу қиссалар Убайда, Абул Олия ва Саддийлардан ривоят қилинган бўлиб, ўзаро ихтилофлар жуда кўп. Кўриниб турибдики, ҳамма ривоятлар Баний Исроил китобларидан олинган. Уларни нақл қилиш мумкин, аммо рост ҳам, ёлғон ҳам дейилмайди. Шунинг учун ҳақиқатга мос тушадиганига эътимод қилинади, мос тушмайдигани ташланади”.

Шунингдек, Ибн Касир фиқҳий масалалар тортишувига ҳам ўз тафсиридан катта ўрин берган. Аҳком оятларининг тафсирида уламоларнинг далиллари ва ҳужжатларини батафсил келтирган. Масалан:

“Бас сизлардан ким бу ойда (Рамазон) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки, бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир” ояти каримасининг тафсирида Рамазон рўзасига тааллуқли бўлган тўрт масалани ва бу масалаларнинг тасдиқловчиси бўлган олимларнинг далилларини ҳам келтирган.

Хулоса қилиб айтганда, Ибн Касирнинг тафсири нақлий тафсирлар орасида энг яхшиси эканлигига муфассир олимлар гувоҳлик берганлар. Ҳатто Имом Суютий “Тазкиратул ҳуффоз” китобининг иловасида, Зарқоний “Шарҳул мавоҳиб китобида: “Ибн Касир тафсирига ўхшаш тафсир бошқа яратилмаган”, деб баҳо берганлар.

“Ал-Кашшоф” асари Қуръони каримга бағишланган машҳур тафсирдир. Бу тафсир Замахшарий Маккада турган пайтида уч йил давомида, 1132-1134 йилларда (ҳижрий 526-528) ёзилган.

Насафийнинг “Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут таъвил” номли тафсири Ал-Байзовий ва Замахшарийнинг тафсирларидан қисқартириб олинган ва “аҳли сунна” эътиқодига мос равишда ёзган. Бу тафсир ўртача ҳажмда бўлиб, унда қироатлар, эъроб йўналишлари билан бирга “Кашшоф”даги балоғий нуқталар, гўзал иборалар, нозик маъноларни кашф қилиш каби фазилатлар жамланган.

Аллома Ибн Халдун Маҳмуд Замахшарийнинг тафсирини шундай таърифлайди: “Тафсирларнинг балоғат, фасоҳат ва тил соҳасида энг гўзал ёзилгани Хоразм элидан бўлган Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” тафсиридир. “Ал-Кашшоф”ни мутолаа қилиб, муаллифнинг тил соҳасидаги санъатини, унинг беназирлигини кўриб ибрат олсин.

Ироқ ажамларидан бўлган Шарафиддин Тоййибий “Ал-Кашшоф”га шарҳ ёзган. У шарҳида, Қуръон оятларининг балоғати мўътазилийларнинг ақидасига эмас, “аҳли сунна” ақидасига мувофиқ эканлигини исботлаган. (Муқаддимату Ибн Халдун. 491-б.)

Замахшарийнинг ёзган тафсири ўзига хос томони шундаки, “у филологик таҳлилга катта эътибор берган”,деб ёзади арабшунос олимимиз Убайдулла Уватов. Араб олимларининг таъкидлашича, Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асари турли даврларда ёзилган тафсирлар ичида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. “Ал-Кашшоф” бутун дунёга машҳур исломий университетлардан ҳисобланган “Ал-Азҳар” дорилфунунининг талабаларига Қуръони каримнинг тафсирини ўрганиш учун муҳим дастур вазифасини ўтайди. “Ал-Кашшоф” асари дунёнинг бир неча мамлакатларда нашр қилинган. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Ал-Кашшоф” асарнинг турли даврларда кўчирилган нодир нусхалари сақланмоқда.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …