Home / МАҚОЛАЛАР / Одам савдоси – аср вабоси

Одам савдоси – аср вабоси

Инсон бепарволиги, шошқалоқлиги, илмсизлиги, очкўзлиги, соддалиги туфайли муаммоли ҳолатларга тушиб қолади. Ҳозирги кунда баъзиларимиз бойлик ортидан қувиш, дабдабали тўйлар қилиш қимматбаҳо автомобилга эга бўлиш бошқалардан баландроқ, ҳашаматлироқ уйлар қуриш дардига тушиб, четга борсам бирданига қанча мол-дунё ишлаб келаман деб сўраб суриштирмай, чет давлатларга иш истаб, пул истаб жўнаб қолади.

Бойлик дардида узоқ муддатга сафарга кетиб у ерларда тузалиб бўлмас касалликни юқтириб ишлаб келган пули даволашга етмаганлар, ногирон бўлиб қайтаётганлар, болаларини ташлаб кетиб, боласини тарбияси бир аҳвол бўлганлар ҳам йўқ эмас. Ёш навқирон йигитни тобути келаётгани ҳам ҳақиқат-ку. Диний, эътиқодий билими саёз, фақат пул ишлаш дардидаги ғўр ёшлар у ерларда изғиб ўзларига ўлжа истаб юрган ақидапараст оқимлар, миссионерлар таъсирига тушиб ватан, дин хоинига айланиб қолаётганлари ўта афсусланарли ҳол.

Маълумотларга қараганда Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 21 млн киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади. Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

Афсуски, айрим шахслар бундай шарт-шароит ва имконият-лардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб,  фуқароларимизни турли алдов ва фирибгарлик йўллари билан хорижга олиб чиқиб кетишга уринмоқдалар. Бунинг оқибатида юртимиз фуқаролари ҳам одам савдоси қурбонига айланмоқда.

Таҳлиллар, мамлакатимиз фуқароларини фоҳишалик билан шуғуллантириш учун асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Тайланд, Туркия, Хиндистон, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония ва Коста-Рика  давлатларига мажбурий меҳнат ёки хизмат кўрсатиш учун эса-Қозоғистон ва Россияга олиб чиқиб кетилаётганлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги 505-сонли Қарори асосида фуқароларни чет элларга ишга юбориш ва уларнинг меҳнат фаолиятни ташкил этиш Ўзбекистон Републикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйлган.

Фуқароларнинг  чет эллардаги  меҳнат фаолияти ушбу агентлик  орқали амалга оширилиши ҳам уларнинг муайян давлат ҳудудида ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланиши ва ижтимоий тиббий муҳофаза этилишини таъминлайди. Жойларда фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар мавжуд бўлиб фуқаролар шу хизматларга мурожаат қилсалар одам савдоси қурбони бўлишларининг олди олинган бўлар эди.

Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …