Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тайёрланиб, нашр этилаётган китоб ва рисолалар аҳоли орасида тобора кенг тарқалиб, одамларнинг илм-маърифатга иштиёқини кучайтиряпти. Марказимиз олдига қўйилган асосий вазифалардан бири – буюк алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг жамоатчиликка содда, равон ва тушунарли тилда етказиш. Шу мақсадда илмий ходимлар Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги “Алиобод” ва “Туркибола” маҳаллаларида тарғибот тадбирлари ва Марказ нашрлари тақдимотларини ўтказди.


“Алиобод” маҳалласи фаоллари иштирокида бўлиб ўтган тақдимотда Марказнинг илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий йўналишлардаги фаолияти ҳақида, бунинг сирасида, “Ватанга муҳаббат – имон аломати”, “Бахт фақат бойликдан иборат эмас”, “Фарзанд тарбияси – ижтимоий ҳодиса” каби долзарб мавзуларга бағишлаб чоп этилган 19 номдаги халқчил рисола ва буклетларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида сўз юритилди.

“Туркибола” маҳалласидаги ибратли оилаларда “Оила мустаҳкамлиги – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида ўтказилган давра суҳбатларида ота-оналик масъулияти, фарзанд тарбияси, илмнинг фазли каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Тажрибали оила бошлиқлари Марказ билан бу борада ҳамкорлик қилиб, жамият тараққиётига ҳисса қўшишга тайёрлик билдирди.

Маҳалла фаолларига тақдим этилган рисолаларнинг содда ва халқчил тилда ёзилгани, кундалик ҳаётда учрайдиган муҳим масалалар қамраб олгани ва уларнинг ечимига доир амалий тавсияларни ўзида мужассам этгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





