Ислом динида инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган барча яхши амалларга катта аҳамият берилган. Ана шундай эзгу амаллардан бири – саломлашишдир. Саломлашиш кундалик ҳаётимизда доимо такрорланадиган амалдир!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда саломлашиш ҳақида бундай марҳамат қилади: “Қачонки сизларга бирор салом берилса, ундан ҳам яхшироқ ёки ўшанинг ўзи билан жавоб қайтаринг” (Нисо сураси, 86-оят).
Бу оятда саломга албатта жавоб қайтариш лозимлиги ва имкон бўлса, янада гўзалроқ жавоб бериш мақбул экани таъкидланган.
Саломнинг энг мукаммал шакли – “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ” бўлиб, у “Сизга Аллоҳнинг тинчлиги, раҳмати ва баракалари бўлсин”, деган маънони англатади. Унга “Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ”, деб жавоб қайтариш энг афзал ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саломлашишни мусулмонлар ўртасидаги муҳаббатнинг муҳим омили сифатида кўрсатганлар. Ҳадиси шарифда: “Жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасам! Сизлар имон келтирмагунча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча эса ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар. Сизларни бир-бирингизни яхши кўришга сабаб бўладиган амалга йўллаб қўяйми? Ўзаро саломни ёйинглар”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, саломлашиш нафақат хушмуомалалик белгиси, балки қалбда меҳр-муҳаббат уйғотувчи ва жамиятда тинчликни таъминловчи муҳим омилдир.
Саломлашиш нафақат оддий муомала воситаси, балки инсонлар қалбини яқинлаштирувчи, ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамловчи ибодат ҳам ҳисобланади. Шу боис Қуръони карим ва ҳадисларда саломлашиш фазилати, унинг одоблари ҳамда талаблари ҳақида кўплаб кўрсатмалар берилган. Ҳар бир ишнинг ўзига хос одоби бўлгани каби, саломлашишнинг ҳам ўз одоб ва талаблари мавжуд.
Ислом одобига кўра саломлашишнинг муайян қоидалари мавжуд. Аввало, салом бериш суннат, унга жавоб қайтариш эса вожиб ҳисобланади. Шунингдек, кичиклар катталарга, уловда кетувчи пиёдага, юриб кетаётган ўтирган кишига, озчилик кўпчиликка биринчи бўлиб салом бериши тавсия этилган. Бу тартиблар инсонлар ўртасида ҳурмат ва тартибни қарор топтиришга хизмат қилади. Биз буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак ҳадисларидан билиб оламиз.
عن ابي هريرة رضى الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال:» يسلم الصغير على الكبير والمار على القاعد والقليل على الكثير»
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик каттага, ўтувчи ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар.
Салом бериш одоб ва шартлари тўғрисида Ҳусайн Воиз Кошифий қуйидаги фикрларни билдирган: “Агар “Саломга жавоб бериш одоби қайси?” деб сўрасалар, “Бунинг еттита шарти бор”, деб айтгин. Биринчидан, саломга хурсанд бўлиб алик олиш. Иккинчидан, салом берганга “Раҳмат”, дейиш. Учинчидан, ислом миллатига мансуб бўлмаган одам салом берса ҳам алик олиш. Тўртинчидан, саломга алик олувчининг ҳам таҳоратли, пок бўлиши. Бешинчидан, кўп киши турган бўлса, ораларидан бир одам саломга жавоб қайтарса кифоя эканлиги. Олтинчидан, саломга ишорат ёки имо билан эмас, овоз чиқариб алик олиш. Еттинчидан, саломга алик олганда салом берган кишининг эшитиши зарурлиги”.
Хулоса қилиб айтганда, саломлашиш – тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳурмат рамзидир. У жамиятда ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, қалбларни яқинлаштиради ва мусулмонларнинг ахлоқий фазилатларини намоён қилади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон саломлашиш одобига амал қилиши, саломни кенг ёйиши ва унга муносиб тарзда жавоб қайтаришни одат қилиши лозим. Зеро, саломлашиш орқали инсон нафақат яхши муомала қилади, балки савобли амални ҳам адо этган бўлади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





