Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда инсон манфаатлари

Исломда инсон манфаатлари

Ислом таълимотларининг барчаси, шариат аҳкомларининг ҳаммаси инсон ҳуқуқлари масаласига боғлиқ қилинган, десак заррача ҳам муболаға қилмаган бўламиз.

Бу ҳақиқатни тушуниб олишимиз учун «Шариат бу тўғрисида нималар деган?» деган саволга жавоб беришнинг ўзи кифоя.

Бу саволга Ислом уммати ўн тўрт асрдан буён бир овоздан: Ислом шариати: динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат, деб жавоб бериб келмоқда.

Бугунги кунда кўтарилаётган инсон ҳуқуқлари масалалари шу беш муҳим нарса: дин, жон, ақл, насл ва молни асраш, муҳофаза қилиш хақида кетмаяптими? Албатта, шу ҳақда кетмоқда. Бугунги кунда масала қилиб кўтарилаётган инсон ҳуқуқлари ҳам худди шу беш асосий нарса атрофида айланади.

Ислом кишиларни бирор ишга буюрган бўлса, ушбу беш нарсани асраш учун буюргандир.

Ислом кишиларни бирор нарсадан қайтарган бўлса, ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтаргандир.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида: “Эй иймон келтирган бандалар ораларингизда молларингизни ботил йўл билан емангиз, илло ўзаро розилик билан бўлса майли ва Ўз нафсларингизни ўлдирманг албатта Аллоҳ таоло сизларга меҳрибондир”-дейди.(29-оят)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедидар: “Ҳар бир мусулмон бошқа мусулмонга нисбатан унинг обрўси, моли ва қони ҳаромдир…” (Имом Термизий ривояти)

Мақсади шундоқ олий даражада бўлган тузумгина инсон ҳуқуқларини етарли даражада таъминлай олиши мумкин.

Ислом ана шу олий мақсадда амалга оширган, йўлга қўйган ва улар билан инсонларни манфаатлантирган. Бу улкан ҳақиқатга тарих шоҳид, кўҳна инсоният шоҳид. Фақат исломдагина.

Инсон қадр қиймати

Мулкчилик ҳаққи

Таълим олиш ҳаққи   

Фикр ва сўз эркинлиги ҳаққи

Эътиқод эркинлиги ҳаққи

Ҳаёт ҳаққи

Ҳуррият ҳаққи ва бошқа ҳақлар, умуман, инсонийлик манфаатлари тўла ва адолатли равишда таъминланган.

 Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг замирида, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон манфаатларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар бош мақсад сифатида мустаҳкамланган. Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаати, унинг қадр-қимматининг улуғворлиги ётади. 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳам бу бора олиб борилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …