Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ҳожилар – маънавият тарғиботчилари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Жиззах вилоятидан муқаддас Ҳаж сафарига отланаётган нуроний отахон ва онахонлар иштирок этди.

Марказ директори, профессор Ш. Зиёдов уларни қутлаб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар диний-маърифий соҳада ҳам изчил давом этаётганини таъкидлади. Жумладан, Имом Бухорий мажмуасининг замонавий талаблар асосида тубдан қайта барпо этилгани ушбу эътиборнинг амалий ифодаси экани қайд этилди.

Шунингдек, халқаро стандартларга мос таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш орқали мамлакатимизда илм-фан ва маърифатга юксак эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу эзгу ташаббуслар асосида мазкур маскан чинакам илм-маърифат ва маънавият марказига айланиб бораётгани қайд этилди.

Тадбир давомида юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг бой илмий мероси ҳақида мазмунли маърузалар тингланди. Айниқса, марказ директори ўринбосари О. Муҳаммадиев томонидан Алоуддин Усмандий (Ўсмат ота) тарихи ҳақида келтирилган маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидланганидек, Ҳаж зиёрати нафақат муқаддас ибодат, балки инсон камолоти ва маънавий тарбияси учун муҳим мактабдир. Ушбу сафардан қайтган ҳар бир ҳожи ўз маҳалласида маърифат элчисига айланиб, жамиятда эзгулик ва юксак маънавият тарғиботчиси бўлиб хизмат қилиши зарур.

Шу тариқа, тадбир ҳаж сафари остонасида турган нуронийларда юксак маънавий руҳ, масъулият ва эзгуликка хизмат қилиш туйғусини янада мустаҳкамлади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





