Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганининг 9 йиллиги муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари учун медиа-тур ташкил этилди. Тадбирда элликдан ортиқ иштирокчи Марказ фаолияти, илмий салоҳияти ва амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Медиа-тур доирасида меҳмонлар Марказ музейи, студияси, кутубхонаси, қўлёзмаларни реставрация қилиш ва консервациялаш лабораторияси ҳамда мажлислар залларида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароит, замонавий инфратузилма ва илмий муҳит билан танишди. Айниқса, нодир қўлёзмаларни асраш ва ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, уларни илмий муомалага киритишга қаратилган изланишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.


Тадбир давомида катта мажлислар залида Марказ фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилиб, сўнгги йилларда амалга оширилган илмий тадқиқотлар, нашрлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва маънавий-маърифий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, Марказнинг ташкил этилиши мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг яққол амалий самараси бўлиб, у аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини, ислом илмларини чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишда муҳим илмий платформага айланди.



Меҳмонлар бу ерда яратилган имкониятлар ва амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бундай медиа-турлар жамоатчиликни Марказ фаолияти билан яқиндан таништириш, илмий меросимизни кенг тарғиб қилишда муҳим ўрин тутишини қайд этди. Шунингдек, Марказ фаолиятига юқори баҳо бериб, унинг халқаро илмий майдондаги нуфузи ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Медиа-тур доирасидаги очиқ мулоқот ва самимий учрашувлар ОАВ вакиллари учун янги ижодий мавзулар манбаига айланди. Бундай анжуманлар Марказнинг илмий ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш билан бирга, халқимизнинг маънавий хазинасини асраб-авайлаш йўлидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





