Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тил ва тарих туташтирган қадимги луғатлар – илмий таҳлил марказида

Тил ва тарих туташтирган қадимги луғатлар – илмий таҳлил марказида

26 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Р.Сулаймонов номидаги Шарқшунослик институти (Қозоғистон) бўлим мудири, доктор Багдат Дюсенов маъруза қилиб, “Қуръон луғатлари, “Муқаддаматул адаб” ва мамлуклар даври луғатшунослиги: шакл ва мазмун узвийлиги” мавзусини атрофлича ёритиб берди.

Семинар одатдагидек маҳаллий ва хорижий илмий доиралар вакилларининг катта гуруҳини бир даврага жамлади – унда IRCICA олимлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ориентал универститети, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти шунингдек, Туркия  ва Қозоғистондан тадқиқотчилар фаол иштирок этди.

Маърузачи араб, форс ва туркий тиллар ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни ўрта аср луғатлари мисолида чуқур таҳлил қилди. Шарқ қўлёзмалари бўйича мутахассис сифатида асосий эътиборни Қуръон тилшунослигига қаратди. Олимнинг таъкидлашича, мусулмон Шарқида луғатчилик анъаналари аввало Мусҳафи шарифни тўғри тушуниш, ундаги нодир сўзлар ва нозик ибораларни шарҳлаш эҳтиёжи асосида шаклланган.

Маърузанинг марказий қисми мамлуклар даврида яратилган арабча-туркча (қипчоқча) луғатларга бағишланди. Улар нафақат тил ўрганиш воситаси, балки ўша давр ижтимоий-сиёсий ва маданий муҳитини акс эттирувчи муҳим манба сифатида баҳоланди. Хусусан, “Китобул идрок”, “Туҳфатуз закия”, “Дурратул мудийа” каби асарлар орқали қипчоқлар тилининг ривожи, унинг араб тили билан ўзаро интеграцияси ёритиб берилди.

Доктор Дюсенов айниқса луғат тузиш услубларига алоҳида урғу берди. Сўзма-сўз таржима усули – ҳар бир арабча сўз остига унинг туркий ё форсий муқобилини ёзиш анъанаси ўрта асрларда кенг қўлланганини таъкидлади. Бу услуб нафақат тил ўрганишни осонлаштирган, балки луғатларнинг ўзига хос илмий шакл сифатида шаклланишига ҳам хизмат қилган.

Маърузадаги яна бир муҳим жиҳат туркий тиллар тарихи ва уларнинг таснифи масаласи бўлди. Олим бу борада қадимги ва ўрта туркий ёдгорликларни қарлуқ, ўғуз ва қипчоқ гуруҳларига ажратган ҳолда таҳлил қилди. Машҳур аллома бобомиз Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул адаб” асари Олтин Ўрда даврида қипчоқ тилида қайта ишлангани тиллараро алоқалар юқори даражада бўлганидан далолат бериши таъкидланди.

Сўзи якунида маърузачи қадимги луғатлар шунчаки сўзлар жамланмаси эмас, балки халқлар ўртасидаги илмий ва маънавий алоқаларни акс эттирувчи кўп қиррали тарихий ҳужжат экани ҳақидаги илмий хулосани илгари сурди. Бу мазмундаги фикрлар “кулуарча стил”да (анжуманларнинг ўзида эмас, танаффуслар чоғида) кўп айтилган бўлса-да, расмий илмий анжуманда камдан-кам ҳолда тилга олинади. Гарчи, мутлақ ҳақиқат экани инкор этилмаса-да.

Тақдим этилган маъруза орқали тил ва тарих, илм ва тараққиёт чамбарчас боғлиқлиги, аждодларимиз қолдирган илмий мероснинг нақадар бой ва серқирра экани яна бир бор намоён бўлди.

Онлайн учрашув юқори илмий савияда ўтгани қайд этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳашар – юрт ободлиги ва ҳамжиҳатлик рамзи

Халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари орасида ҳашар алоҳида ўрин тутади. Бу анъана нафақат атроф-муҳитни ободонлаштириш, балки …