Home / МАҚОЛАЛАР / Мир Араб мадрасаси тарихи

Мир Араб мадрасаси тарихи

Юртимизда ҳозирги кунга келиб, бир қанча ўрта махсус мадрасалар фаолият олиб боряпти. Шулардан бири бу Бухорода жойлашган қадимий Мир Араб мадрасисидир.

Ушбу мадрасага асос солган Мир Араб бобо Яманнинг марказида туғилган. Тўлиқ исмлари Саййид Абдуллоҳ амирлардан бўлган. Мусулмон бўлиб, ёшлигиданоқ ислом динига бўлган ҳурмати ва муҳаббати кўп зиёда бўлган. Ўз тенгқурларига ўрнак бўладиган илмли ва одобли бўлган. Аллоҳга бўлган муҳаббати ошиб, илм ўрганиш учун тожу тахтдан воз кечиб, Самарқандга йўл олади. Самарқанднинг Хўжа Кафшир гузарида Хўжа Аҳрор Валийга йўлиқиб, у кишининг суҳбатига эришади ва шогирдликка тушади. У кишидан илм ўрганиб, қисқа муддатда устози Хўжа Аҳрор Валийдан иршод хати олиб, буюк пир даражасига етишади. Шу даврда Бухоро амири бўлган Убайдуллохоннинг пири бўлишга эришади.

1512 йил Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг буйруғига биноан Нажми Соний (асл исм-шарифи Амир Нажмиддин Ёр Аҳмад Исфаҳоний) бошлиқ саксон минг Қизилбошлар Амударёдан ўтиб, Мовароуннаҳрга ҳужум бошлайди. Қўшин бошлиғи Нажми Соний Мовароуннаҳрни қўлга киритиб, Самарқандни ер билан теп-текис қиламан ва у жойда қовун экаман, деб сўзлайди. Убайдуллохон ва Жонибек Султон каби амирлар ундан қўрқиб қочадилар. Бу воқеани эшитиб, Мир Араб Убайдуллохонга эй буюк амир, қизилбошларнинг бу зулмлари ўзларига зиён келтиради, деб хитоб қилади. Зулм чўққига чиқдики, албатта, завол топиши муқаррардир. Сиз, албатта, Нажми Сонийнинг устидан ғалаба қозонасиз барча аскарларни урушга бошланг, деб подшоҳга далда бериб, Мир Арабнинг ўзи ҳам бирга жангга чиқади. 1512 йил ҳозирги Ғиждувонда тўқнашув бўлади ва шу тўқнашувда Нажми Соний ўлади. Қизилбошлар мағлуб бўлиб қочадилар.

Мир Араб Туркистонни кўп жойларида қудуқ қаздиради, мустаҳкам қалъалар бино қилади. Шунингдек, Шофиркон, Вобкент, Ғиждувонда ариқлар қаздириб, катта-катта янги боғлар барпо эттиради. Бу зот ўз даврида пири муршиди бўлиб, Нақшбандия тариқати ривожига улкан ҳисса қўшган шахслардан бири бўлган.

Пирларидан бўлган Сайид Абдуллоҳ шундан сўнг Бухорога 1536 йил Мадраса қурдиришга жазм қилади ва қурилишни бошлайди. Мадраса қурилиши тугамай туриб, Мир Араб вафот этади ва шу ерда дафн қилинади, ва унинг васиятига кўра, куёви Шайх Закариё қурилишни охирига етказган.

Ҳозирги Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси Сайид Абдуллоҳ Мир Араб номи билан аталади. Мадраса Минораи Калоннинг қаршисида жойлашган. Бош тарзи улкан пештоқли, дарвозаси орқасида 5 гумбазли миёнсарой, икки ёнида баланд гумбазли кенг дарсхона ва масжид, гўрхона жойлашган.

Ушбу мадраса улкан иншоотлардан бўлиб, у 114  ҳужрадан иборат.

Мадраса қарийб беш асрдан буён Шарқу Ғарбга илм нурини таратишдек эзгу йўлда хизмат қилмоқда. Фақат ўтган асрнинг 30 йилларида унинг фаолияти бир неча йил тўхтатиб қўйилди. 1943 йилга келиб, собиқ иттифоқда ягона Ислом ўқув юрти сифатида яна иш бошлади. Замонасининг етук олимларидан Миён Малик, у кишининг шогирди, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати асосчиси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Қози Асқар, Домла Икромча, Сулаймон Хўжа, Домла Изомий, Домла Қосим, Мухторжон Абдуллаев, Абдуғани Абдуллаев, Юсуфжон Шокиров ва бошқалар шу мадрасанинг талабалари бўлишган. Илм масканида қўшни Афғонистон, Эрон, Марказий Осиё мамлакатлари, Россия ва Хитойдан ҳам жуда кўп талабалар таҳсил олишган.

Бугунги кунда ҳам Мир Араб мадрасаси фаолият юритмоқда. Ўқиш  муддати 4 йил. Бу ерда талабаларга диний фанлардан ташқари умумтаълим фанлари араб, инглиз, рус ва форс тиллари ҳам ўргатилади. Дарслар ўзбек ва араб тилларида олиб борилади. Мир Араб мадрасаси бошқа мадрасалардан буюк тарихи ва ноёб иншооти билан ажралиб тўради. 

А.Рахимов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …