Home / МАҚОЛА / ФИТНАЛАРГА АРАЛАШИБ ҚОЛМАНГ!

ФИТНАЛАРГА АРАЛАШИБ ҚОЛМАНГ!

Ҳар бир давлатнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонуний ҳужжатлари бор. Шу билан бирга, ҳуқуқни бузганлар учун жавобгарлик чоралари ҳам мавжуд. Бировнинг ҳаққини ейиш, ўғрилик, талончилик, порахўрлик, судхўрлик ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар каби диний масалаларда одамларни фитнага солиш учун ҳам жавобгарлик бор, албатта. Диний айблов туфайли панжара ортига тушганлар соф эътиқодни бузиб, одамларни йўлдан оздиргани учун озодликдан маҳрум этилган. Шариат асосида ибодатини қилиб юрганларга ҳеч ким тазйиқ ўтказмайди.

Тарихдан маълумки, адашган тоифалар адолатли раҳбарларга қарши исён қилиш билан машҳур бўлган. Улар ғаразли мақсадлари йўлида одамлар орасида фитналар уюштирган. Бундан кўпчилик зарар кўрган. Бундай ғаламислик ҳаракатлари ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.

Халифалик даъвосини қилувчиларнинг ҳаракатлари ўша фитналардан биридир. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтади: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида сўрарди. Мен эса бошимга тушишидан қўрқиб, ёмонлик ҳақида сўрар эдим. “Эй Аллоҳнинг Расули, жоҳилиятда, ёмонликда эдик. Аллоҳ бу яхшиликни келтирди. Энди мана шу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Ўша ёмонликдан кейин яхшилик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа, лекин унда тутун (яъни, хиралик) бўлади”, дедилар. “Унинг тутуни нима?” дедим. У зот: “Бир қавм менинг тўғри йўлимдан бошқа йўлга бошлайди. Сен улар(нинг амаллари)дан баъзиларини биласан, баъзиларини билмайсан”, дедилар. “Ўша яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа, жаҳаннам эшиклари томон чорловчилар бўлади. Бу (даъват)ни ижобат қилганни ўшанга ташлайди”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларни сифатлаб беринг?” дедим. У зот: “Улар ўзимиздан бўлади, ўзимизнинг тилимизда гапиради”, дедилар. “Ўша нарса бошимга тушгудек бўлса, нимани буюрган бўлар эдингиз?” дедим. У зот: “Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имомини(нг йўли)ни маҳкам тутасан”, дедилар. “Уларнинг жамоаси ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?” дедим. У зот: “У ҳолда дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам ўлгунингча ўша фирқаларнинг барчасидан четда бўласан”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Набий алаҳиссалом бу гаплари билан аҳли сунна вал жамоа ва уларнинг имомлари йўлини лозим тутишни назарда тутганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик бўлади”, деганлар. Дарҳақиқат, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва Ҳасан розияллоҳу анҳумнинг халифалиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ўттиз йил давом этди.

Энди эса, халифаликни даъво қилувчи тоифалар одамларни жиҳодга чақириб, шаҳидлик мақомини ваъда қилмоқда. Лекин шаҳидлик аслида нима эканини яширмоқда.

“Шаҳид” сўзи луғатда “гувоҳ”, “ҳозир бўлувчи”, “билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини билдиради. Шунингдек, Шаҳид Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлиб, ҳар нарсага гувоҳ, ҳар доим ҳозиру нозир деган маънони ифодалайди. Истилоҳда ушбу сўз ҳақ йўлда ҳалок бўлган шахсга нисбатан қўлланади. Манбаларда шаҳидликнинг қуйидаги турлари кўрсатилган:

  1. Дунё шаҳидлиги – инсоннинг обрў орттириш, ном қолдириш сингари дунёвий мақсадлар йўлида жанг қилиб, ҳалок бўлиши. Бундай кимса ҳақиқий шаҳид ҳисобланмайди.
  2. Охират шаҳидлигига, ҳадисларда баён этилганидек, чўкиш, девор босиши каби ҳолатлар туфайли ҳаётдан кўз юмиш киради.
  3. Дунё ва охират шаҳидлиги – душман билан жангда холис Аллоҳ учун эътиқоди, Ватани ва аҳли оиласини асраш йўлида ҳалок бўлиш.

Келтирилган далиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, адашган тоифаларнинг жиҳод ва шаҳидлик ҳақидаги даъволари ислом динига мутлақо бегонадир. Мусулмонлар дуч келган одамнинг айтганига кўр-кўрона эргашиб кетавермасдан, ўз диний қадриятлари ва муқаддас исломий тушунчаларни ишончли олимлардан ўрганиши мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда, ўзи билмаган ҳолда дин душманлари бўлган кимсаларнинг тузоғига тушиб қолиши ҳеч гап эмас.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲАҚИҚИЙ БОЙЛИК ҚАЕРДА?

Ҳакимлар бежиз айтмаган… Ҳомид Лифофий шундай деган: “Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда …