Инсон фаришта эмас, балки нафс, хоҳиш ва васваса билан яратилган мавжудотдир. Шунинг учун гуноҳ қилиши ва камчиликларга эга бўлиши табиий.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Жоним “Қўли”да бўлган Зотга қасамки, гуноҳ қилмаганингизда, Аллоҳ сизни кетказиб, (ўрнингизга) бошқа бир қавмни келтирар, улар гуноҳ қилиб, сўнг Аллоҳдан мағфират сўрар ва У Зот уларни мағфират қилган бўлар эди” (Муслим ривояти).
Муқаддас динимиз инсонни хатоси билан эмас, балки унга муносабати – тавбаси, пушаймонлиги ва ўзини ислоҳ этиш истаги билан баҳолайди. Муаммо ва аянчли томони гуноҳ ё хатода қаттиқ туриб олиш, уни тан олмаслик ё ундан қайтмасликда, холос.
Инсон баъзан тўғри йўл тутади, баъзан хатога йўл қўяди. Чунки билганлари билмаганларининг олдида жуда кам. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни Исро сурасининг 85-оятида айтиб қўйган: “Сизга жуда оз илм берилгандир”. Ушбу оят инсон ақли ва билими, онгу тафаккурининг чеклангани, ҳақиқий ва мутлақ илм фақат Аллоҳ таолога хос эканини англатади.
Демак, хатосиз одам бўлмайди, айбсиз – Парвардигор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақиқатни қуйидагича баён қилганлар: “Одам фарзандларининг ҳар қандайи кўп хато қилувчидир. Хатокорларнинг энг яхшилари кўп тавба қилувчилардир” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган).
Ҳадисда “хато қилувчи” сўзи муболаға сийғаси, яъни “доим”, “кўп қилувчи” деган маъно берадиган грамматик шаклда айтилган. Бундан тушуниладики, инсон бир марта эмас, кўп хато қилади.
Инсон заифлик табиати билан яратилган – баъзан Парвардигорининг буюрганларига тўлиқ итоат қила олмайди, қайтарганларидан тийила олмайди. Лекин Аллоҳ таоло бандалари учун тавба эшигини очиб қўйган ва гуноҳкорларнинг энг яхшиси кўп тавба қилувчилар эканини хабар қилган.
Бироқ хатонинг ўзидан ҳам оғирроқ жазога лойиқ бир жиҳат бор. Хатога йўл қўйган инсон уни тан олиш ўрнига, турли баҳона ва асоссиз далиллар билан ўзини оқлашга, пок қилиб кўрсатишга уриниши ёмон оқибатга олиб боради. Албатта, ҳеч ким ўзини нуқсонли ёки айбдор кўрсатишни истамайди. Лекин хатони ноҳақ равишда оқлаш жуда хавфли иллат бўлиб, у адолат ва инсоф мезонларини бузиб юборади.
Мазкур ҳадис инсоннинг хато қилиши унинг имонсизлигини англатмаслигини, балки тавба орқали Аллоҳга янада яқинлашиш имкони борлигини кўрсатади.
Хатони тан олмасликка кўпинча такаббурлик сабаб бўлади. Бу борада Аллоҳ яратган икки махлуқ (мавжудот) ҳақидаги машҳур воқеани эслаймиз: Одам алайҳиссалом ва Иблис.
Шайтон Раббига осийлик қилиб, Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортганида, ўз хатосини тан олмади. Аксинча, ўзини оқлашга киришди. Такаббурлиги шунга ундади. Келтирган далили эса асоссиз ва бузуқ қиёс эди: “Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг” (Сод сураси, 76-оят ва Аъроф сураси, 12-оят). Яъни, Иблис хатони тан олиш ўрнига ўзини оқлашга уриниб, кибр сабабли ҳалокат йўлини танлади. Айбига иқрор бўлиб, Раббидан мағфират сўраганида, Аллоҳ уни кечирган бўларди.
Одам алайҳиссалом эса, ман этилган дарахт (меваси)дан еб қўйиб хато қилганида, такаббурлик қилмади. Хатосини дарров тан олди, ўзини оқлашга уринмади, баҳона ва далиллар келтирмади. Ростгўйлик қилди, бу хато учун ягона сабаб беҳуда қизиқиш ва шайтоннинг васвасасига эргашиш бўлганини англади. Шунинг учун жуфти билан бирга тавба қилиб, бундай деди: “Эй Раббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз” (Аъроф сураси, 23-оят).
Баъзилар хатосини ўринсиз важ-карсон, ёлғон баҳоналар билан оқлашга уринади. Бири ўғирлик содир этиб, эҳтиёж билан оқлайди, бошқаси жаҳлдорлигини сабаб қилиб, аёли ва фарзандларини уради, яна бири пора олиб, раҳбарлари ҳам пора олаётганини рўкач қилади. Шу тарзда ҳар бир хатокор ўз хатосини оқлайдиган баҳона топа олади.
Бундай “оқланиш” ҳақ-ҳуқуқни йўққа чиқаради. Масалан, назорат бўлмаган ҳудудда бир киши автоулов ҳайдаб кетаётганда, оралиқ масофани сақламай, бошқа бир машинани уриб олади. Кейин бу хатосини турли баҳоналар (“йўл бўш эди, тезлик паст эди, у тўсатдан тўхтади” ва ҳк.) билан оқлашга ҳаракат қилади. Иккинчи томон “бу – сенинг хатоинг” деб ҳақни талаб қилади. Бу ҳолатда ҳақ қоидани бузмаган томонда бўлади, албатта. Орқадан келаётган ҳайдовчи масофа сақлаши керак. Бунга риоя қилмагани учун айб унда бўлади. Назорат йўқлиги хатога йўл очиб қўймайди. Баҳона билан оқланиш ҳақиқатни ўзгартирмайди.
Инсон ҳар қанча “мен ҳақ эдим” десин, қоидани бузган бўлса, гуноҳ ва жавобгарлик зиммасида қолаверади.
Исломда ҳам, умумий инсоний тафаккур нуқтаи назаридан ҳам ҳақиқат гап-сўзга эмас, воқеага қараб белгиланади. Зулм тан олинмаса-да, зулмлигича қолаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулмдан сақланинг, чунки зулм Қиёмат кунида зулматдир”, деганлар (Муслим ривояти).
Мол-мулкка етказилган зарар қоплаб берилиши шарт. Узр гуноҳни енгиллаштиради, лекин ҳақиқатни бекор қилмайди. Оқланиш эса ҳалокатга етаклайди.
Қалби пок ва теран идрокли инсон хатосини баҳоналар билан оқлашдан тийилади. Чунки хато қилиш инсон табиатига хос эканини билади. Шу билан бирга, хатони тан олиш шаън ва қадр-қимматни камайтирмаслигини ҳам яхши англайди. Аксинча, хатодан сабоқ олиб, такрорламасликка ҳаракат қилади. Шунингдек, Яратган Зотни кузатувчи деб билади. Хатосини оқлаш учун одамларни чалғитиши мумкиндир, лекин барча нарсани билиб, назорат қилиб турувчи Зотни алдай олмайди.
Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида хатоларини баҳона билан оқламай, жасорат билан қабул қилган киши ҳақида ибратли бир воқеа бор. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Табук ғазотига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиқмай, узрсиз қолиб кетганлардан эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтганларида, ғазотда қатнашмаган саксондан ортиқ киши у зотнинг ҳузурларига бориб, турли баҳоналар айтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳукмлар дастблаб зоҳирга қараб чиқарилиши сабабли узрларини қабул қиладилар. Кўнглидагиларни Аллоҳга ҳавола этадилар.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтмасларидан олдин ёлғон гапиришни ўйлаб юрган бўлади. Лекин қайтиб келганларини эшитганда, баҳона билан қутулиб қолиш фикридан қайтади. Ёлғон аралашган нарса билан пировард жазодан қутулиб қола олмаслигини англаб, у зотга фақат ростини айтишга қарор қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан нима сабаб билан бормаганини сўраганларида, у тўла очиқлик билан бундай дейди: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, агар сиздан бошқа бирорта одамнинг қаршисида ўтирган бўлганимда, узр айтиб, унинг ғазабидан албатта қутулиб кета олар эдим, чунки гапга жуда чечанман. Лекин Аллоҳга қасамки, агар бугун сиз мендан рози бўладиган ёлғон гап айтсам, Аллоҳ мени ғазабингизга дучор қилиб қўйишини биламан. Агар сиз мендан аччиқланадиган рост гапни айтсам, бунинг оқибати (яхши бўлиши)ни Аллоҳдан умид қиламан. Аллоҳга қасамки, менинг ҳеч қандай узрим йўқ эди. Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон сиздан (шу сафар) ортда қолган пайтимдагидек бақувват ва бой (ғазотга муносиб) бўлмаган эдим”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аммо мана бу рост гапирди. Тур, Аллоҳ сен ҳақингда бирон ҳукм чиқармагунча (кутгин)!” дедилар.
Ўшанда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан бошқа яна икки киши ҳақиқатни гапирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу уч киши билан гаплашишни ман қиладилар. Одамлар уларни яккалаб қўяди, муомаласи ҳам ўзгариб қолади. Шу зайлда эллик кун ўтади ва Аллоҳ мана бу оятларни нозил қилиб, уларнинг тавбасини қабул қилади: “Аллоҳ Набийнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул этди. Улардан бир гуруҳининг диллари чалғиёзгандан кейин оғир (бир) соатда унга эргашган эдилар. Сўнг тавбаларини қабул этди. Албатта, У Зот уларга шафқатлидир, раҳмлидир. Ортда қолган уч кишининг ҳам (тавбасини қабул қилди). Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларидан сўнг, бутунлай қайтишлари учун тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Таввоб (тавбани кўплаб қабул қилувчи)дир, раҳмлидир. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинг ва содиқлар билан бирга бўлинг!” (Тавба сураси 117-119 оятлар).
Бу воқеада инсоннинг ҳақиқий жасорати, журъати, кўнглининг поклиги намоён бўлган. У ўзини ёлғон билан ҳимоя қилишга қодир бўла туриб, ростгўйликни танлади ва хатосини тан олди, қандай натижа бўлишидан қатъи назар, унга тайёр турди. Оқибатда тавбасини қабул бўлди.
Инсон хато қилганда, такаббурликни тарк этиб, айбига иқрор бўлиши, баҳоналар билан оқланишдан воз кечиши лозим экан. Чунки ўзи бошқалардан худди шундай адолатни кутади.
Динимиз таълимотига кўра, инсоннинг хатога мойил бўлиши заифлик эмас, синовдир. Бу имтиҳон орқали инсон сабр, тавба ва тақвонинг моҳиятини англайди. Зеро, ҳақиқий комиллик хато қилмасликда эмас, балки хатодан кейин ўзини ислоҳ қила билишдадир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





