Home / МАҚОЛАЛАР / ЁМҒИР ЁҒГАНИДА НИМА ҚИЛИШИМИЗ КЕРАК?

ЁМҒИР ЁҒГАНИДА НИМА ҚИЛИШИМИЗ КЕРАК?

Аллоҳ таолонинг неъматлари беҳисоб. Унинг Ўзи бу хусусда: Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз[1], деб таъкидлаб қўйган. Неъматдан мурод – бирор мақсад ё эваз учун эмас, яхшилик қилиш ва нафи тегиш ният қилинган ҳар қандай нарсадир[2]. Жумладан, ёмғир ҳам бизнинг фойдамиз учун ёғдириладиган – уламолар айтмоқчи: кўкдан нозил қилинадиган – ва биз шукрини адо қилишимиз вожиб бўлган ана шундай буюк неъматлардан биридир. Чунки у умидсизликка тушиб қолган бандаларга Парвардигор томонидан юбориладиган ёрдамдир. Шу нуқтаи назардан Аллоҳ таоло Ўзи ҳақида: “У (одамлар) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳматини (баракотини) кенг ёядиган Зотдир”[3], деб хабар берган. Бандаларни неъматлар учун Ўзига шукр қилишга чақириб: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрлик қилмангиз!”[4], деган. Шукрнинг маъноси неъмат берувчи Зотнинг шу иши учун Унга ҳамд айтиш, неъматини қабул қилиш ва эътироф этишдир[5].

Хўш, ана шу илоҳий неъматга биз қандай шукр қилишимиз керак? Ёмғирнинг шукри унинг ёғишидан хурсанд бўлиш ва мана шу шодликдан келиб чиққан ҳолда солиҳ амаллар қилиш билан амалга оширилади. Бинобарин, барча одамлар ҳақида яхши гумонда бўлиш ва ҳар бир инсонга, ҳатто ақлсиз жонзотларга ҳам яхшилик қилиш ёмғир ёққани учун қалб орқали шукр қилиш саналади. Фазлу карами билан бизни ёмғир неъмати билан сийлаган Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш эса унга тил билан шукр қилиш бўлади. Аъзолар билан шукр қилишга келсак, у Аллоҳ таолонинг неъматларини яхши ўринларга ишлатиш, гуноҳ бўладиганига сарфлашдан сақланиш билан ҳосил бўлади.

Ёмғир ёққани учун хурсанд бўладиган банда ҳар бир нарса ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканини ҳам эътироф этиши, борлиқда Ундан ўзга яратувчи йўқлигини англаши, ана шу эътирофи ва иқрорининг тақозосига кўра амал қилиши лозим[6]. Ёмғир аталмиш бу неъматни Аллоҳ таоло нозил қилаяпти, деган эътиқод билан фақатгина Унга шукрона айтиши керак. Ёмғирни бандалар ва юртлар учун манфаатли қилишини сўраб, Парвардигорига дуолар қилиши зарур.

Юқорида баён қилинганидек, ёмғир неъматига тил билан шукр қилиш, аввало, уни Аллоҳ таолога нисбат бериш, масалан, “Бу ёмғир бизга Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан ёғмоқда”, дейиш орқали бўлади. Чунончи, Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда айтилишича, Парвардигор: “Аллоҳнинг фазли ва марҳамати ила устимизга ёмғир ёғди” деган киши Менга мўмин, юлдузларга кофир бўлди”[7], дер экан. Бинобарин, уламолар, жумладан, Имом Нававий ёмғир ёғаётган вақтда шу сўзларни айтиш мустаҳаб эканини айтган[8].

Иккинчидан, ёғаётган ёмғир бандалар ва юртлар учун манфаатли бўлишини сўраб дуо қилиш билан Парвардигорга шукрона келтирилади. Бунга Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган мана бу ҳадис далил бўлади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғаётганини кўрганларида: “Эй Аллоҳ, бу ёмғирни биз учун фойдали, хайр-баракали қилгин!” деб айтар эдилар”[9]. Яна бир далил Жобир розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларидир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эй Аллоҳ, устимиздан безиён, манфаатли, оқибати хайрли, баракали, фойдали, кечикмай тез келадиган ёмғир ёғдиргин!” деб айтаётганларини кўрдим”[10].

Шунингдек, ёмғир мўл-кўл бўлиб ёғаётганини кўрганда, Анас розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу дуони ўқиш суннатдир: Эй Аллоҳим! Бу ёмғирни бизнинг устимизга эмас, ён-атрофимиздаги ерларга ёғдиргин. Эй Аллоҳим, тепаликларга, тоғларга, чангалзорларга, қир-адирларга, водийларга ва яйловларга ёғдиргин”[11].

Маълумки, дуо – ибодатнинг бир тури, ҳатто мағзи саналади. Ибодат эса Аллоҳга шукр қилиш, неъмати учун хурсанд бўлишнинг энг улуғ ифодасидир. Ёмғир ёғаётган вақт дуо ижобат бўладиган паллалардан саналади. Чунончи, Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Осмон эшиклари очилади ва мусулмоннинг дуоси ижобат бўлади: намоз ўқиётганда, ёмғир ёғаётганда, сафларни тўлдираётганда, Каъбани кўрганда”[12], деганлар.

Учинчидан, шамоллаб қолишдан эҳтиёт бўлиш шарти билан хайр-барака топиш умидида ундан ўзига ва кийимларига томчилар тегиши учун ёмғир остида бироз туриш билан шукр қилинади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам шундай қилганлар. Чунки Аллоҳ таоло: Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик[13], деб таъкидлаган. Анас розияллоҳу анҳу бундай ҳикоя қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юрганимизда ёмғир ёғиб қолди. У зот баданларига ёмғир тегиши учун кўйлакларини ечдилар. Биз: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима учун бундай қилдингиз?” дедик. У зот алайҳиссалом: “Чунки у ҳозиргина Олий Парвардигорининг ҳузуридан келди”, дедилар”[14].

Ҳа, Аллоҳ таолонинг биз, бандаларига ато этган ва этадиган сон-саноқсиз неъматлари бор. Ўз вақтида ёғадиган, эл-юрт учун манфаат олиб келадиган ёмғир ана шундай неъматлардан биридир. Мўмин-мусулмон киши ҳар бир неъмат каби ёмғир учун ҳам Аллоҳ таолога шукр қилиши, унинг манбаси фақатгина Парвардигорнинг марҳамати деб билиши лозим. Ўз вақтида ё узоқ вақт ёғин-сочин бўлмай қўйса ёхуд ёмғир меъёридан кўпроқ ёғса, дарҳол Аллоҳга тавба қилиши, истиғфор айтиши ва Унинг азобидан паноҳ сўраши керак. Бу кишининг имон-эътиқоди бут, қалби залолатдан озода ва разолатдан соғлом эканидан далолат бўлади.

 

[1] Иброҳим сураси, 34-оят.
[2] Журжоний. Ат-Таърифот, – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1973. 242-б.
[3] Шўро сураси, 28-оят.
[4] Бақара сураси, 152-оят.
[5] Имом Абу Қосим Зажжожий. Иштиқоқу асмоиллаҳи азза ва жалла, – Байрут: Муассасату рисола, 1976. 87-б.
[6] Имом Ғаззолий. Иҳё улумиддин, – Байрут: Дорул маърифа, 4-ж. 84-б.
[7] Муттафақун алайҳ.
[8] Имом Нававий. Равзатут толибин, – Байрут-Дамашқ-Уммон: Ал-мактабул исломий, 1991. 2-ж. 95-б.
[9] Имом Бухорий ривояти.
[10] Абу Довуд ривояти.
[11] Имом Бухорий ривояти.
[12] Байҳақий ва Табароний ривоят қилган.
[13] Қоф сураси, 9-оят.
[14] Имом Муслим ривоят қилган.
Алоуддин НЕЪМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ОЯТЛАРНИ НОТЎҒРИ ТАЛҚИН ҚИЛИШ ВА ТАКФИР ФИТНАСИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …