Оят ва ҳадисларда инсоннинг ўз қўли билан қиладиган иши энг яхши касб экани таъкидланган. Қуръони каримда – темирчилик, дурадгорлик, деҳқончилик ва қурилиш, ҳадисларда – деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандлик, саноатчилик ва савдогарлик каби касблар тилга олинган. Бугунги хизмат кўрсатиш соҳасининг кўп тармоқларини шу савдогарликнинг таркибига киритиш мумкин. Чунки бу хизматлар пировард натижада сотилади.
Исломда инсон ўз меҳнати билан ҳаёт кечириши, ҳалол ризқ топиши энг улуғ фазилатлардан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ касб қиладиган бандани яхши кўради. Ким оиласи учун меҳнат қилса, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишидек бўлади”, деганлар. Бу ҳадисда меҳнат фақат моддий эҳтиёжни қондириш эмас, балки илоҳий розиликка эришиш воситаси ҳам экани айтилмоқда.
Касб-ҳунар бобида саҳобалар ҳаёти биз учун энг гўзал намунадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг ҳаммаси ўз касби билан машғул бўлган. Хусусан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мато савдоси, Усмон ибн Аффон, Талҳа, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳум савдогарлик, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу қассоблик, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу қуролсозлик, Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳу тикувчилик, Абу Суфён розияллоҳу анҳу ёғ ва тери савдоси билан шуғулланган.
Саҳобаларнинг ҳаётидан бундай хулоса келиб чиқади: диндорлик меҳнатдан қочиш, белни оғритмай пул топиш эмас, балки меҳнатни ибодат даражасига олиб чиқишдир.
Барча пайғамбарлар ўз ризқини ҳалол пешона тери билан топган. Ҳаммаси касб-ҳунар билан шуғулланган. Ризқ Аллоҳдан эканини энг яхши билган инсон бўлгани ҳолда ҳам бирортаси ҳунарсиз ўтмаган. Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Ҳуд ва Солиҳ алайҳимассалом тижорат, Ҳорун, Илёс ва Идрис алайҳимуссалом тикувчилик, Иброҳим ва Лут алайҳимассалом зироат, Исмоил алайҳиссалом овчилик, Довуд алайҳиссалом темирчилик ва совутсозлик, Юсуф алайҳиссалом соатсозлик, Исҳоқ, Яъқуб, Шуайб ва Мусо алайҳимуссалом чўпонлик билан шуғулланганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогар бўлганлар.
Демак, касб ва меҳнат пайғамбар даражасидаги инсонлар учун ҳам шарафли ишлардан бўлган.
Рофиъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан меҳнат қилиши ва ҳар қандай яхши савдо”, деганлар.
Динимиз ҳамма соҳада мўътадил бўлишга чақиради. Дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни ташлаб қўймасликни буюради. Шунинг учун мусулмон киши икки дунёни ҳам эътиборга олиб яшайди. Ҳалол касб изидан ўзи ва аҳли-оиласига покиза ризқ излайди.
Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири саналади. Зеро, бажарилган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларнинг истиқболи ва салоҳияти, оиланинг фаровонлиги айнан луқманинг ҳалол, касбнинг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ҳалол ризқ излаш ҳар бир мусулмон учун вожибдир”, деган ҳадисни ривоят қилган.
Ҳалол касб-ҳунар бобида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларидан саналган алломаларнинг ҳаёти биз учун энг гўзал намунадир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг йўқлигида, шогирди Мадина шаҳридан келган бир кишига 400 дирҳамлик қалин кийимни 1000 дирҳамга сотиб юборган. Бундан хабар топган устози уни қаттиқ койиди ва дўкондан четлатган. Харидорнинг ташқи кўринишини сўраб олиб, уни қидириб, Мадина шаҳридан топган ва 600 дирҳамини қайтариб берган. Шундан сўнг хотиржам бўлиб Куфага қайтган.
Бировнинг ҳаққини ейишдан қўрқадиган инсоннинг ризқи баракали бўлади. Бунинг белгиси шуки, инсонда қаноат, шукр, сабр пайдо бўлади ва унга яхши амалларга тавфиқ насиб этади. Бу ҳақда Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ: “Бараканинг аломати қаноатга, тоат-ибодатларга муваффақ бўлишдир”, деган.
Меҳнатга лаёқатли киши ўзи ва аҳли-оиласи учун ҳалол касб қилиб мол-мулк топиши бевосита ибодат фарзларидан кейинги фарздир. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол касб талаб қилиш фарздан кейинги фарздир”, деганлар.
Бошқа бир ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таолога ёруғ юз билан рўпара бўлади”, дедилар”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз, киши ризқланадиган нарсаларнинг энг ҳалоли ўз касби орқали еган нарсасидир”, деганлар.
Яъни, динимизда касб-ҳунар эгаллашга интилиш ва иштиёқ қадрланади ва кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати Парвардигорига яқинлаштирувчи энг афзал ва шарафли амал деб ҳисобланади. Имом Ғаззолий бежиз бундай демаган: “Билиб қўйинг, инсон ўзи ва аҳлини одамлардан беҳожат қилиши ва оиласига керакли нарсаларни олиб бериш учун меҳнат қилиши нафл ибодатлардан афзалдир. У худди Аллоҳ йўлида юрган жангчига ўхшайди”.
Ҳомид Лифофий: “Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда хато қилдик ва уларни бошқа тўрт жойдан топдик: бойликни мол-дунёдан изладик, қаноатдан топдик. Роҳатни мўл-кўлликдан изладик, оз молдан топдик. Лаззатни неъматдан изладик, саломатликдан топдик. Ризқни ердан изладик, осмондан топдик”, деган.
Абу Лайс Самарқандий айтган: “Ким касби ҳалол бўлишини истаса беш нарсани маҳкам тутсин: касби туфайли Аллоҳ таолонинг фарзларидан бирортасини ортга сурмасин ва уларда нуқсон бўлишига йўл қўймасин. Касб туфайли Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бирортасига озор бермасин. Мол-дунё жамлаш ва кўпайтиришни эмас, ўзи ва аҳли-аёлининг иффатини сақлашни ният қилсин. Касб қиламан деб ўзини ортиқча қийнаб юбормасин. Ризқни Аллоҳ таолодан деб билсин, касбдан эмас, касб – сабаб, холос”.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





