Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 декабрь куни Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, ЎзФА Шарқшунослик институти, Тошкент ислом институти олимлари, Самарқанд ва Бухородаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, Туркия, Миср ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.

Семинарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилла Умаров “Саҳиҳул Бухорий” асарининг қўлёзмалари, санад ва ровийлари тарихи” мавзусида маъруза қилди.
Ислом цивилизацияси тарихида шундай асарлар борки, улар нафақат диний, балки илмий, маданий ва маънавий мерос сифатида ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Ана шундай ноёб манбалардан бири бу, шубҳасиз, буюк муҳаддис Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳул Бухорий” асаридир. Маърузачи ундаги ривоят йўллари, ровийлар, асарнинг қўлёзма нусхалари ҳамда унга нисбатан билдирилган шубҳаларга берилган илмий раддияларни кенг қамровда ёритиб берди.

Маърузада алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири — “Саҳиҳул Бухорий”нинг саҳиҳ ҳолда бизгача етиб келиш механизми бўлди. Таъкидланганидек, асар Имом Бухорий вафотидан кейин 400 йилдан ортиқ давр мобайнида узлуксиз ва ишончли санадлар орқали ривоят қилинган. Бу жараёнда Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан муҳаддислар, хусусан, Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий ва Иброҳим ибн Маъқал Насафий каби зотларнинг хизмати беқиёс экани алоҳида урғу билан қайд этилди.
Маърузада, шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий” қўлёзма нусхаларининг географияси ва сони ҳақида ҳам муҳим илмий маълумотлар келтирилди. Манбаларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 2300 дан ортиқ қўлёзма фондида мазкур асарнинг 8000 дан зиёд нусхаси сақланмоқда. Улар Туркия, Миср, Германия, Болгария, Қатар, АҚШ ва Ўзбекистон каби мамлакатларнинг йирик кутубхоналарида мавжуд. Айрим қўлёзмалар Имом Бухорий вафотидан атиги 5-10 йил ўтиб кўчирилгани билан алоҳида илмий ва тарихий қиймат касб этади.

Маъруза давомида “Саҳиҳул Бухорий”га нисбатан билдирилган танқидий қарашлар ҳам илмий таҳлил қилинди. Айрим замонавий танқидчиларнинг асарнинг асл нусхасига нисбатан шубҳаларга асосланган даъволарига қарши ишончли илмий далиллар келтирилди. Маърузачи Қуръони карим ҳам айнан санад, ҳифз ва уммат иттифоқи асосида сақланиб келганини қиёсий мисол сифатида келтириб, ҳадис илмига нисбатан билдирилаётган бундай шубҳалар аслида исломий манбаларнинг нуфузини заифлаштиришга қаратилганини таъкидлади.

Тақдим этилган маъруза “Саҳиҳул Бухорий” асари тасодифий ё афсонавий тарзда эмас, балки аниқ илмий мезонлар, мустаҳкам санадлар, юксак масъулият ва асрлар давомида уламоларнинг узлуксиз меҳнати орқали бизгача етиб келганини асослаб берди. Бу эса унинг нафақат диний, балки жаҳон илмий меросидаги ўрнини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.
Семинар қизғин фикр алмашувлар ва савол-жавоблар билан ўтди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz