Home / МАҚОЛАЛАР / «МЕНИНГ БУ ИШИМ ҲАЛОЛМИ?»

«МЕНИНГ БУ ИШИМ ҲАЛОЛМИ?»

Мушоҳада

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турган Ўзбекистон – янгиланиш, маърифат ва инсонпарварлик сари дадил қадам ташлаётган мамлакатдир. Бу жарaённинг марказида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Учинчи Ренессанс” ғояси ётади. Ушбу ғоя нафақат миллий тикланиш, балки бутун инсоният учун маънавий уйғониш ва ҳамкорлик, маданий юксалиш концепцияси сифатида эътироф этилмоқда.

Инсоният тараққиёти тарихига назар ташласак, ҳар қандай жамиятнинг барқарорлиги ва ахлоқий юксалишида ҳалоллик тамойили алоҳида ўрин тутиб келганини кўрамиз. Бу қадрият фақат диний тушунча эмас, балки ижтимоий муносабатлар, иқтисодий тараққиёт, давлат бошқаруви ва шахсий ҳаётдаги энг муҳим мезонлардан бири сифатида намоён бўлади. Ислом таълимотида ҳалоллик инсоннинг эътиқоди, феъл-атвори, меҳнат фаолияти, оилавий муносабатлари ва ҳатто ички дунёсига дахлдор бўлган кенг қамровли ахлоқий принцип сифатида белгилаб қўйилган. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳалол ризқ топиш, адолат билан иш юритиш, ўлчов ва тарозида ҳаққа хилоф қилмаслик, ўзаро муносабатларда риёкорлик ва хиёнатдан йироқ бўлиш каби масалалар инсоннинг комиллик сари интилишининг асоси сифатида кўрсатилади.

Ҳалолликнинг моҳияти шундаки, у инсоннинг амали билан ниятига ҳам боғлиқ бўлиб, ҳар бир ишида пок ният ва адолатни талаб этади. Демак, ҳалоллик – бу фақат иқтисодий муомаладаги шаффофлик эмас, балки инсоннинг бутун ҳаёт фалсафасига айланиши лозим бўлган маънавий меъёрдир. Бугунги замон шароитида ҳалолликнинг аҳамияти янада ортаётир. Зеро, коррупция, манфаатдорлик, ноқонуний бойиш ва адолатсизлик каби иллатлар жамиятнинг маънавий асосларини издан чиқаради, иқтисодий ривожланишни секинлаштиради, давлатга бўлган ишончни пасайтиради. Ҳалоллик устувор бўлган муҳитда эса иқтисодий ўсиш барқарор, давлат бошқаруви самарали, фуқароларнинг ўзаро ишончи эса мустаҳкам бўлади.

Шу жиҳатдан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ичида “ҳалоллик маданиятини шакллантириш” ғоясининг ўрни беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббус мамлакатда маънавий софлик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат хизматини шаффоф ва ҳисобдор этиш, жамиятда адолатга интилишни умумий тамойилга айлантириш каби мақсадларга хизмат қилади. Бу ғоянинг муҳим жиҳати шундаки, ҳалоллик эндиликда фақат маъмурий назорат объекти эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ички маданиятини шакллантирувчи омил сифатида талқин қилинмоқда. Давлат идораларида рақамли бошқарув ва очиқ маълумотлар тизимининг жорий этилиши, таълим муассасаларида ёшлар онгида ҳалоллик ва адолат туйғусини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятида шаффофлик стандартларини татбиқ этиш каби жараёнлар мамлакатда янги ахлоқий муҳит шаклланишига замин яратмоқда.

Инсоннинг қадр-қимматини асраш, унинг ақл-заковатини эзгу йўлда ишлатиш, пок ризқ ва пок ният билан яшаш – барча динлар ва маънавий тизимларда устувор ўринда туради. Шу боис ҳалоллик глобал қадрият сифатида шаклланиб, халқаро бизнесда этика кодекслари, давлатларда антикоррупция стандартлари, жамиятда шаффофлик ва масъулият тамойиллари айнан шу тушунчага таянади.

Бугунги ҳаётда ҳалолликнинг амалий аҳамияти жуда катта. Иш билармонликда ҳалоллик – компания обрўси, барқарор ривожланиши ва ишончли ҳамкорликнинг пойдевори; давлат бошқарувида – адолатли қарорлар ва қонун устуворлигининг кафолати; таълим соҳасида – ёшларнинг ҳаётга тўғри муносабат билан кириб келишига хизмат қилувчи асосий омил; оилада эса – муҳаббат, ишонч ва барқарорликни таъминловчи маънавий устун сифатида намоён бўлади. Инсоннинг шахсий ривожланишида ҳам ҳалоллик ўз-ўзини назорат қилиш, интизом, масъулият ва пок виждонли бўлиш каби фазилатларни шакллантиради.

Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик – инсонни инсон қиладиган асосий фазилатлардан бири. У жамиятнинг маънавий устуни, давлат барқарорлигининг, адолатнинг, тараққиётнинг, тинчлик ва ишончнинг пойдеворидир. Ислом таълимотидаги ҳалоллик тамойили эса бизга фақат диний бурч эмас, балки ҳаёт қоидаси, инсонийлик мезони асосига қурилган. Шу боис ҳалол бўлиш – оғир вазифа эмас, аксинча, инсоннинг табиий ҳолати, қалб поклиги ва виждон равшанлиги билан боғлиқ хусусият.

Шундай экан, ҳалолликка интилиш ҳар биримиздан ўз нафсимиз устидан қувват, фикримизда аниқлик, амалиётимизда масъулият талаб этади. Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган “ҳалоллик маданияти” муҳити биздан фақат қонунларга итоаткор бўлишни эмас, балки кундалик ҳаётда – ишда, ўқишда, савдо-сотиқда, оилавий муносабатларда ҳам пок ният ва пок амал билан яшашни талаб қилади. Чунки ҳалол жамиятни давлатнинг ўзи эмас, балки унда яшайдиган одамларнинг юраги, қалби ва виждони бунёд этади.

Эътибор қилишимиз керак бўлган энг муҳими – ҳалолликни бошқадан талаб қилишдан аввал уни ўзимизда қарор топтиришдир. Инсон ўзини тоза тутса, унинг атрофи ҳам тозаланади; оилада ҳалоллик бўлса, жамият ҳам софлашиб боради; раҳбар ҳалол бўлса, тизим ислоҳ топади; ёшлар ҳалол бўлса, келажак нурли бўлади. Шунинг учун ҳам ҳалоллик – ҳамма нарсанинг бошида турувчи нур, инсонни муваффақият ва баракага етакловчи йўлдир.

Демак, ҳалолликни шахсий фазилат сифатида эмас, балки умумий масъулият сифатида англаш, уни ҳаётнинг ҳар бир қиррасида татбиқ этиш ва кейинги авлод учун ҳам ана шу соф муҳитни мерос қолдириш – бугун биздан талаб этиладиган энг муҳим вазифа. Маънавий юксалишнинг калити, жамият тараққиётининг асоси, давлат барқарорлигининг энг катта куч-қуввати айнан шу тамойилга таянади.

Ҳаётда муҳим қарор қабул қилаётганда ёки оддий амални бажараётганда ҳам “Менинг бу ишим ҳалолми?” деган саволни ўзимизга бериш – барчамизни эзгуликка етаклайдиган энг тўғри йўл!

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

Меҳнат — ибодатнинг энг улуғ кўриниши

Динимизда касб-ҳунар эгаллашга интилиш ва иштиёқ қадрланади ва кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати Парвардигорига …