Халқ орасида “Пойдевор мустаҳкам бўлса, уй тик туради, томи ҳам бутун бўлади” деган ҳақли гап бор. Давлатчилик нуқтаи назаридан бу пойдевор вазифасини Конституция бажаради. Унинг аҳамияти фақат ҳуқуқий нормалар тўплами билан чекланмайди. Бош қонун жамиятнинг ўзи ҳақидаги тасаввурини, ҳокимият ва фуқаро муносабатларига ёндашувни, давлатнинг вазифасига қай даражада содиқ эканини белгилаб беради.
Сўнгги йилларда Конституцияга нисбатан жамиятдаги умумий муносабат жиддий ўзгарди. Илгариги мафкуравий инерция — танишбилишликка таянган қараш устувор бўлган шароитда ҳуқуқ тушунчаси кўп ҳолларда кейинги даражага тушиб қоларди. Бугун эса вазият аксинча: ҳар бир муаммо миллий қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан баҳоланмоқда. Бу ўзгариш тасодиф эмас. У давлат ва жамият муносабатларидаги принципиал бурилишдан дарак беради. Жамият борасида “ҳуқуқ”, давлат борасида “масъулият” тушунчалари марказий ўринга чиқди.
Ана шу ўзига хос ҳуқуқий уйғониш жараёнида халқимиз шу кунларда муҳим тарихий сана — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг ўттиз уч йиллигини “Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган ҳаётий шиор остида кенг нишонламоқда. Бу тадбирлар ҳам Конституцияга янгича муносабатнинг, унинг жамият ҳаётидаги
ўрни янада мустаҳкамланаётганининг ёрқин ифодасидир.
Глобал амалиётга назар солсак, конституциявий ислоҳотларнинг аксарияти бир жиҳатга — инсон қадрини қонун даражасида мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Охирги йигирма йилда 60 дан ортиқ давлат Конституциясини янгилаб, юзлаб мамлакатлар бош қонунини қайта кўриб чиқди. Уларнинг умумий хулосаси битта: барқарор тараққиёт молиявий ресурсларга эмас, инсон ҳуқуқлари таъминланишига боғлиқ.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳам шу жараёнга уйғун тарзда амалга оширилди. Фарқи шундаки, мамлакатдаги ўзгаришлар халқ иштирокида, очиқ муҳокамалар орқали рўёбга чиқди — бу эса уларга қўшимча маънавий легитимлик бахш этди.
Тарихга назар солсак, адолат устувор бўлган даврларда юрт тинч яшаган, иқтисодиёт юксалиб, маънавият гуллабяшнаган. Сомонийлардан то темурийларгача бўлган даврда давлатчиликнинг асосий мезони “одил ҳоким” тушунчасида эди. Навоийнинг “Адолат — давлатнинг асоси” деган фикри ёки Темур тузукларидаги “Зулм давлатни заифлаштиради” деган ҳикмат бугун юридик кучга эга бўлмасада, маънавий меъёр сифатида воқелигини йўқотмаган. Шу маънода, Конституциянинг янгиланиши ҳам тарихдан келаётган адолат тамойилининг замонавий ҳуқуқий давлат талаби билан уйғунлашуви демакдир.
Бугун дунёда инсон ҳуқуқларини кенгайтиришдан, то рақамли хавфсизлик, экологик кафолатлар, ижтимоий адолат ва халқ иштирокига асосланган конституциявий жараёнларгача бўлган кенг доирадаги ислоҳотлар устувор аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистондаги янгиланишлар ҳам ана шу тенденцияларга мос равишда амалга оширилди: инсон қадри энг олий қадрият сифатида белгиланди, ижтимоий ҳимояга оид нормалар такомиллаштирилди. Ёшлар, хотинқизлар ва болалар ҳуқуқлари бўйича кафолатлар кенгайтирилди, таълим ва тиббиёт соҳаларига оид меъёрлар мустаҳкамланди. Бу ўзгаришлар мамлакатдаги ҳуқуқий муҳитни янада очиқ, инсонпарвар ва барқарор қиладиган омил сифатида қайд этилмоқда.
Қонун қанчалик мукаммал ёзилмасин, унинг ҳаётга татбиқ этилиши инсон онгига боғлиқ. Шу жиҳатдан Конституция жамиятнинг маънавий йўл харитаси ҳамдир. У масъулият, виждон, ҳалоллик, бирдамлик, инсонпарварлик каби қадриятларни ҳуқуқий даражада мустаҳкамлайди. Имом Бухорий каби алломаларнинг инсоннинг шаъни, одоби ва ички гўзаллигига оид фикрлари ҳам айнан шу асосда давлатчилик маданияти билан уйғунлик касб этади.
Конституция — фақат бугунни эмас, мамлакатнинг келажакдаги қиёфасини ҳам белгилайдиган асосий ҳужжат. У иқтисодий ислоҳотлардан тортиб, таълим ва тиббиёт сифатигача, давлатнинг фуқаро билан муносабатигача бўлган муҳим соҳаларнинг стратегик йўналишини белгилайди.
Халқимиз айтганидек: “Қонун устун бўлса, эл осойишта яшайди”. Адолат устувор жойда тараққиёт табиий жараёнга айланади. Шу боис, Конституцияни билиш, тушуниш ва унга таяниш — фуқаролик маданиятининг ажралмас қисми. Бу маданият шаклланган жамиятнинг ҳар бир аъзоси “Мен мансаб кучига эмас, қонун кучига ишонаман”, дея баралла айта олади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





