Сўнгги йилларда Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар, тарихий ва маънавий меросни ўрганиш, қадимий манбаларни тиклаш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд илмий тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий ислом институти каби муассасалар айнан ана шу йўналишда фаолият кўрсатиб, юртимизнинг илмий ва маънавий нуфузини янада юксалтирмоқда. Уларда кўплаб қўлёзмалар ўрганилиб, таржималар амалга оширилиб, халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда.
Бу жараёнлар Ўзбекистон Конституциясида белгиланган ҳуқуқ ва вазифаларнинг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилади. Хусусан, Конституциянинг 53-моддасида ҳар бир шахснинг илмий ва бадиий ижод эркинлиги кафолатланиши, давлат эса жамиятнинг илмий ва маданий ривожи учун шарт-шароит яратиши белгиланган. Шу билан бирга 61-моддада фуқароларнинг тарихий, маънавий ва илмий меросни асраб-авайлаш бурчи алоҳида таъкидланади. Демак, давлат илмий ва маданий меросни муҳофаза қилишга масъул бўлса, фуқаролар, айниқса илм аҳли унинг қадрига етиши, уни ўрганиши ва авлодларга етказиши шарт.
Шу маънода Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг ёрқин намуналаридан биридир. Марказ 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, у буюк муҳаддис Имом Бухорий ва бошқа улуғ алломаларимиздан қолган меросни илмий асосда ўрганиш, тарғиб қилиш ва жаҳон миқёсида тақдим этиш мақсадида фаолият юритади.
Марказда қўлёзмаларни излаш, уларни рақамлаштириш, таржима қилиш ва нашр этиш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, халқаро илмий ҳамкорлик кенгаймоқда, конференциялар ўтказилмоқда, илмий сафарлар ташкил қилинаётгани ҳам диққатга сазовор. Марказ нафақат илмий тадқиқотлар билан шуғулланади, балки ёшларни маънавий ва интеллектуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни ҳам амалга ошириб келмоқда.
Имом Бухорий маркази фаолияти Конституциянинг 53-моддасида белгиланган илмий ижод эркинлигини таъминлашга хизмат қилади. Марказ томонидан нашр этилаётган китоблар, яратилган илмий ишлар ва тадқиқотлар жамият учун очиқ бўлиб, илм аҳли ва ёш тадқиқотчилар учун катта имкониятлар яратмоқда. Шунингдек, 61-моддада қайд этилганидек, марказ тарихий ва маънавий меросимизни асраб-авайлашда давлат сиёсатининг муҳим устуни сифатида фаолият кўрсатмоқда. Буюк алломалар меросини ўрганиш ва уни келажак авлодга етказиш эса ҳар бир фуқаро учун ҳам маънавий бурчдир.
Янги ташкил этилган илмий-тадқиқот марказлари юртимизда мавжуд бой илмий меросни чуқур, тизимли ва замонавий ёндашув асосида ўрганиш учун кенг имкониятлар яратиб берди. 2017 йилга қадар бу йўналишдаги ишлар тўлақонли ва барқарор тарзда амалга оширилди, деб бўлмайди. Чунки ўша даврда илмий меросни тадқиқ этиш билан шуғулланган айрим ташкилот ва муассасаларнинг асосий вазифаси айнан илмий изланиш эмас, бошқа йўналишларга қаратилган эди. Масалан, диний таълим муассасалари, аввало, таълим беришни асосий вазифа сифатида бажарган. Илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланган баъзи олийгоҳлар эса моддий-техникавий база, илмий лабораториялар, қўлёзмалар фондлари ва давлат томонидан зарур қўллаб-қувватлаш етарли бўлмагани сабабли кенг қамровли тадқиқотлар олиб бора олмаган.
Янги илмий марказлар ташкил этилганидан сўнг вазият тубдан ўзгарди. Уларнинг фаолияти тўлиқ равишда илмий тадқиқотларга қаратилгани, замонавий инфратузилма, керакли моддий база ва давлат сиёсати даражасидаги қўллаб-қувватлаш билан таъминлангани қисқа фурсат ичида улкан натижаларга олиб келди. Бир неча йил ичида амалга оширилган ишлар миқёси ва самараси билан бутун бир асрлик илмий изланишлар даражасига тенг бўлиб, миллий илмий меросимизни ўрганишда янги даврни бошлаб берди.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа илмий тадқиқот марказлари юртимизнинг илмий ва маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Уларнинг фаолияти орқали Ўзбекистоннинг диний-маърифий мероси янада чуқур ўрганилмоқда, халқаро миқёсда эътиборга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу марказлар орқали халқимиз тарихий мероси тикланиб, Конституцияда эътироф этилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳаётда ўз ифодасини топмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz