Home / МАҚОЛАЛАР / ЭНГ УЛУҒ ҒОЯМИЗ – ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

ЭНГ УЛУҒ ҒОЯМИЗ – ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

«Жаҳолатга қарши – маърифат»ни қурол қилган аждодларимиздан бизгача етиб келган бой маънавий мерос ўзига хос нажот қалъаси, ҳимоя қўрғони вазифасини ўтайди. Шавкат Мирзиёев

Инсоният қадим-қадимдан буён жаҳолат, бидъат ва хурофотга қарши маърифат билан курашишга интилиб келади. Чунки унга қарши куч ишлатилса, зўравонлик воситасида кураш олиб борилса, жаҳолат аввалгидан ҳам кучайиб кетиши мумкин.

Ҳозирги турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, барчамизга аёнки, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси илмдир. Илм – ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсон илм орқали Парвардигорини танийди. Дунё ва охиратини илм билан обод қилади.

Динимиз – илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишнинг фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Қуръони каримда “илм” сўзи 814 марта зикр этилган. Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”, деб илм эгалари илмсизлардан афзал эканини баён қилган (Зумар сураси, 9-оят). Ҳадисларда ҳам илм тарғиб қилиниб, “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дейилган. Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Инсонлар нинг энг қадри ози – илми озидир”, деган.

Киши жаҳолатдан қутулиш мақсадида илм талаб қилиши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъи назар, илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак.

Шафиқ ибн Иброҳим Балхий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Биз Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?” деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, деб ҳайрон бўлиб сўрадик. Шунда у киши: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларнинг ғийбатини қилиб ўтирасиз”, деб жавоб берди”.

Буюк аждодимиз Амир Темур: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, деган.

Илмсизлик ва жаҳолат – жамиятнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун катта офатдир. Ислом дини илм-маърифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежиз “жоҳилият даври” деб аталмаган. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкиш, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, бутпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши жоҳилият даврининг энг асосий жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган инсонларнинг илм-маърифат билан бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ҳамда устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар бизнинг фахримиздир. Улар қайси йўналишда бўлмасин, илғор саналган. Ҳадис илмида Имом Бухорийнинг олдига тушадигани бўлмаган. Фиҳқда Бурҳониддин Марғиноний, калом илмида Абу Мансур Мотуридий, тафсирда Имом Замахшарийга тенг келадиган аллома топилмаган. Сўз мулкида Алишер Навоий, тиббиётда Ибн Сино, фалакиётда Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда ҳам илм-маърифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш ислом динидан ғаразли мақсад йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас.

Ўзининг ботил ғояларини тарғиб қилиш орқали динни ниқоб қилиб олаётган турли экстремистик ва террористик гуруҳлар, бузуқ ақидавий фирқалар исломнинг соф фитратига, тинчлик каби азиз неъматига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Экстремистик оқимлар ислом давлати қуриш, халифалик тузумини қайта тиклашни тарғиб қилиб, бунга ҳар қандай йўл билан эришишни мақсад қилиб олган. Улар: “Ягона халифалик давлатини тиклаш исломдаги муҳим фарз амаллардан ҳисобланиб, мусулмонларнинг уч кундан ортиқ халифасиз яшаши ҳаромдир”, деб даъво қилади.

Аммо халифалик тушунчасига назар ташлайдиган бўлсак, улар иддао қилаётган нарса нотўғри экани келиб чиқади. Халифалик бу соф исломий тушунча ҳисобланади. Лекин диний китобларда халифалик тушунчасига намоз, рўза, закот ва ҳаж тушунчаларига ўхшаш алоҳида юридик мақом берилмаган. Баъзи тоифалар уни тўлиқ англамай, халифалик тизимини қайта тиклаш ҳақида тинмай гапиради.Матннинг асл моҳиятини тушунишдаги бу оғиш ҳар доим тинчлик ва барқарорликка путур етказади, зиддият ва низоларга олиб келади.

Сафина розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йил. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деб айтаётганларини эшитдим”.

Ушбу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди. Маълумки, ислом умматида тўрт рошид халифа бўлган. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг мусулмонларга раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келади. Улардан кейин халифалик тугаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилганларидек, подшоҳлик даври бошланди.

Шу сабабдан бугунги кунда халифалик барпо этишни даъво қилаётган кимсаларнинг талаби ушбу ҳадисга номувофиқ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларга мутлақо зиддир.

Бу тушунча ҳақидаги исломий матнларнинг асосий ҳақиқати шуки, кимдаки тўғрилик, адолат ва лаёқат комил бўлиб, давлат ишларини ўз зиммасига олса, унинг номи қандай – халифа, султон ё подшоҳ – бўлишидан қатъи назар, раҳбар тайинлашдан иборат бўлган асосий мақсад амалга ошган бўлади. Бунда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни поймол бўлишидан сақлаш асосий вазифа ҳисобланади.

Адашган оқимлар илгари сураётган жиҳод тушунчасига келсак, бу сўз луғатда инсон томонидан бор имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.

Шундан келиб чиқадики, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг бор куч-қувват, ақл-заковат ва моддий имкониятини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Араб тилида
“уруш” маъносида асосан “қитол” калимаси ишлатилади.

Луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва улар орасида душманга қарши жон-жаҳд билан жанг қилиш ҳам “жиҳод” дейилган. Аммо ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик “жиҳод” деганда фақат “қитол” тушуниладиган бўлиб
қолган.

Аллоҳ таоло исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга: “Кофирларга итоат этманг! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қилинг!” деб хитоб қилади (Фурқон сураси, 52-оят).

Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Заррача ақли бор одам бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаб олиши қийин эмас.

Исломда жиҳод уруш эмас, аввало, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилишингдир”, деганлар.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.

Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа. Уламолар ҳозир талаб жиҳоди йўқлигига ижмоъ қилган. Чунки бугунги замонда ҳамма давлатлар урушмасликка келишган ва ўзаро алоқа ўрнатиб, элчихоналар очган. Мудофаа жиҳоди эса душманлар уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун бўлади.

Муқаддас Қуръони карим исломнинг тинчликпарвар дин эканига етарлича далил бўлиб, тинчлик учун ҳар қандай ташаббус ёки имкониятга дарҳол жавоб беришга интилади. Аллоҳ таоло: “Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У ўта эшитувчи ва билувчидир”, деб марҳамат қилган (Анфол сураси, 61-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо урушдан кўра тинчликни афзал кўрганлар. Ҳозирги кунда сохта салафийлар эргашаётган Ибн Таймия бу ҳақда: “У зотнинг сийратлари шундай эдики, кофирлардан кимки у зот билан сулҳ тузган бўлса, у билан уруш қилмаганлар. Бу сийрат, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва бошқа китобларда баён этилган”, деган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиҳод ва жанглари душманни йўқ қилиш учун эмас, балки адолатсизликка барҳам беришга қаратилган. Бу душманни қайтариш учун қилинган жиҳод ёки қўшни давлатларни аҳдни бузиш ва чегарадаги хавфсизликка рахна солиш фикридан қайтаришга қаратилган жиҳод бўлган.

Ҳозирги кунда минглаб ёшлар илмсизлиги сабаб шу каби соф исломий тушунчаларни нотўғри талқин қилаётган оқимларнинг таъсирига тушиб, жаҳолат қурбонига айланаётгани барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Маънавият жамият тараққиёти, миллат камолоти ва шахс баркамоллигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади. Чунки маънавият ривожлангандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий – сиёсий барқарорлик вужудга келади ҳамда мамлакат ва миллат тараққий этади. Бу, ўз навбатида, шахс баркамоллиги ва ривожланиши учун замин ҳозирлайди.

Шундай экан, ёшлар онгида она Ватанимизга бўлган муҳаббат, қадимий бой тарихимиз ва ота-боболаримизга садоқат туйғусини шакллантиришимиз лозим. Шунингдек, уларнинг онги ва қалбида мафкуравий, маънавий иммунитетни кучайтириш бу борада муҳим ўрин тутади. Токи ёшлар миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқурроқ англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин.

Равшан Элмуродов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲАЛОЛЛИК – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ПОЙДЕВОРИ

Ҳаётда ҳалоллик ўта муҳим ўрин тутади. У инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровон ўтишига гаровдир, …