Ислом динимиз – инсонийлик динидир, одоб-ахлоқ динидир, яхшилик ва эзгулик динидир. Шу боис, Ислом динида ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақларига дуо қилиш ва тирикларни қадрлашга тарғиб қилинган. Қуръони карим мусулмон умматини ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифлаган. Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган:
“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”! (Ҳашр сураси, 10-оят) Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозосидаги амалдир.
Албатта, биз мусулмонлар ўтганларни руҳларини шод қилиш мақсадида уларни қанча кўп хотирлаб дуолар қилсак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Улар ҳам бизларни хотирлаб дуолар қилишади. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар”. (Байҳақий ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди. Фақатгина уч нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёки ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”, дедилар. (Муслим ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг ҳадиси шарифларида марҳумларни ёдга олиш одобларини баён қилиб берганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларни яхши сифатларини зикр қилинглар, уларнинг ёмон сифатларини зикр қилишдан сақланинглар”, дедилар”. (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти) Ўтганларнинг яхши амалларини эслаш, аввало, уларнинг руҳларини шод қилса, қолаверса, яхши сифатлар, хайрли амаллар, солиҳ кишилар эсланса, у жойга баракалар ёғилиб туради.
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Солиҳлар зикр қилинган жойга раҳмат ёғилади”,деган. Чунки бунда хайрли ишга тарғиб бўлади, солиҳ кишилардан намуна олишга рағбат ортади ҳамда инсонларда яхшиликка ҳаракат қилиш муҳаббати ҳосил бўлади.
Динимиз кўрсатмаларига кўра ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин: “Сизларга қабрларни зиёрат қилишни тақиқлаган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар, чунки, у сизларга охиратни эслатади”, дедилар. (Термизий ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир”, дедилар. (Табароний ривояти)
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Қайси ёш йигит бир мўйсафидни ёши улуғлиги учун икром кўрсатиб эъзозласа, Аллоҳ ўша ёш йигитга мазкур оқсоқолнинг ёшига киришини ва ўша ёшида унга икром, эъзоз кўрсатувчини тақдир қилади”, дедилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, дедилар”.
Мўмин-мусулмонлар кичикларга, болаларга раҳм қилишлари, меҳрибон бўлишлари, бошини силашлари лозим. Айни пайтда, катталарнинг ҳурматини, эъзозини жойига қўйишлари лозим. Бу ишлар мўминларнинг сиймоси, Ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Бундай жамиятда яшаб туриб, кичикларга раҳм қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган одам ана шу муборак сиймони йўқотади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “ундай одам биздан эмас” деяптилар. Буни яхши англаб амал қилишимиз, кичикларга иззатда, катталарга ҳурматда бўлишимиз керак.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизни улуғламаса, биздан эмас”, дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳурматини жойига қўймаган биздан эмас”, дедилар”.
Ашъарий айтади: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни ва адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”. Демак, соч-соқоли оқарган мусулмон инсонни икром қилиш Аллоҳ таолони улуғлашнинг бир кўриниши экан.