Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримнинг ожиз қолдириши

Қуръони каримнинг ожиз қолдириши

Аллоҳ таоло инсонларни зулматдан чиқариб ҳидоятга бошлаш учун ўз элчиларини юбориб, уларни қўллаб-қувватлаш ва нубувватларини тасдиқлаш учун уларга мужизалар билан кўмак берди.  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ўтган пайғамбарларнинг мўжизалари ҳиссий ва моддий бўлиб, ҳалқнинг ҳолатига ва вазиятига мувофиқ бўлиб келган. Пайғамбарларнинг замони охирига етиши билан, мўжизалари ҳам ниҳоясига етиб, унга гувоҳ бўлганларгагина ҳужжат бўлар ва у мўъжизалар бир замонга, бир маконга ва аниқ бир қовмга хос бўлиб келарди.

Аммо Қуръони карим, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларини тасдиқлашликка далолат қилувчи, абадий катта мўжизадир. Қуръони карим араб халқини бир неча суратларда ожиз қолдирди. Жумладан, баёний, илмий, тарихий ва ғойбий ожиз қолдиришликлар бунга мисол бўла олади. Аллоҳ таоло инсонлар ва жинларни Қуръони карим билан беллашувга уч босқичда чақирди.

  1. Қуръони каримнинг ҳаммасини келтириши билан беллашувга чақириш. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Айтинг: “Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар”[1].
  2. Ўнта сурани келтириши йўлидаги беллашув. Аллоҳ таоло айтади: “Ёки: “Уни (яъни Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган”, дейдиларми? Айтинг: “У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларингизни (ёрдамга) чорлаб сизлар ҳам шунга ўхшаш ўнтагина “тўқилган” сура келтирингиз!”[2]
  3. Қуръондаги суралардан битта суранинг ўхшашини келтириш билан беллашувга чақириш. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар – агар ростгўй бўлсангизлар”[3].

Арабларнинг Қуръон нозил бўлган вақтда сўз бойлиги, адабиёт, бир-бирига шеър айтишишлари ва ваъзхонликлари ниҳоятда фасоҳат ва балоғат даражасида бўлса ҳам Қуръондаги кичик бир сура келтиришдан ожиз қолдилар. Улар “Муҳаммад Қуръонни ўзи тузиб олган” деб гумон қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларини бузишга ҳаракат қидилар. Лекин улар бу таклифдан кейин бўйсунишга ва Қуръон Аллоҳ таолонинг хузуридан нозил бўлганлигига иқрор бўлишга мажбур бўлдилар. Аммо шунда ҳам иймон келтирмасдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан моддий мўъжизаларни талаб қилдилар. Аллоҳ таоло, улар агар ҳақиқатга етишишни хоҳласалар, олдиларидаги турган мўжиза кифоя қилишига ишора қилиб, айтди: “Улар (кофирлар): “Унга (яъни, Муҳамадга) ҳам Парвардигори томонидан оят-мўъжизалар тушганида эди”, дедилар. Айтинг: “Оят-мўъжизалар Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат (осийларни Аллоҳнинг азобидан) очиқ огоҳлантиргувчиман, холос”. Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз Сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта бу (Китоб)да иймон келтирадиган қавм учун раҳмат ва эслатма бордир[4].

Қуръони каримда кўпгина оятлар Аллоҳ таолонинг буюклигини, қудратини ва ёлғизлигини инсонларга билдириш учун фалак оламига ва табиатдаги тоғлар, дарёлар, ўсимликлар ва ҳайвонлардаги ҳақиқатларга ишора бўлиб нозил бўлди. Қанчалик илм илгарилаб кетмасин ва инсонга оламдаги ҳақиқатлар ва йўллар очилмасин, Қуръони каримда ўша илм ва ҳақиқатларга ишора қилиб ўтилган илмни топамиз. Шу кунгача ҳеч бир киши Қуръон зикр қилиб ўтган ҳақиқатлардан бир ҳақиқатни ботил қилишга қодир бўлмади, бўлмайди ҳам.

Қуръони карим ҳар бир авлодга бу ҳужжатни қоим қилишлик ва Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил бўлганлигини эслатиб туриш учун, ҳар бир асрда инсонларни ожиз қолдирадиган тарафларни кўрсатиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Аллоҳ таоло айтади: “Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ тамонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум булгунича албатта Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган ) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз”[5]. Шундай экан бу ваъда қиёматгача давомли бўлган рисолат билан бирга тамоман мутаносиб бўлиб, бу рисолатнинг мўжизаси янгиланиб турадиган, давомли ва доимий бўлишлиги зарурдир. Албатта Қуръони каримда келган мавжудотга ва коинотга оид ҳақиқатларни илм даражаси жуда кенг бўлган инсонларнинг бирортаси ҳам қамраб олишга қодир бўла олмайди. Ҳолат шу бўлса, қандай қилиб бу ҳақиқатлар уммий (саводсиз) бўлган кишининг тилига ўз-ўзидан жорий бўлиб қолади, ҳеч шак-шубҳа йўқки, бу қатъий далиллар, албатта Қуръон Аллоҳ таоло тарафидан нозил бўлганлигини кўрсатади[6].

Қуръоннинг инсонларни илмий ожиз қолдирганига мисоллар: “Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳам) тиклаб-жойига келтиришга Қодир бўлган Зотдирмиз!”[7] Қиёмат кунида ҳар бир банда ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларига жавоб берар экан, унинг бармоқлари бутун бўлиши ўта муҳимдир. Чунки дунёдаги ҳеч бир кишининг бармоқ изи иккинчи кишининг бармоқ изига ўхшамайди. Инсоннинг бармоғи бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кишининг шахсиятини тасдиқлайдиган аъзодир.

Аллоҳ таоло айтади: “У сизларни оналарингиз қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур”[8]. Она қорнидаги уч қават зулмат – она қорни, бачадон ва боланинг йўлдошидир. Боланинг аста-секин яратилиши эса унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра лахта қон, сўнгра бир тишлам гўштга айланиб аста-секин ривожланиб боришидир. Бу ҳақиқатларни илм-фан ўрганиб, исботлашдан неча аср илгари Қуръони карим бир оғиз сўз билан айтиб қўйганининг ўзи, ушбу азиз Китобни юборган ҳам Ёлғиз Аллоҳ эканига очиқ далолатдир.

О.Баҳриев
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
[1]Исро, 88.
[2]Ҳуд, 13.
[3]Бақара, 23.
[4]Анкабут, 50-51.
[5]Фуссилат, 53.
[6]Ҳаттобий. Мабаҳису фи иъжазил Қуръон . – Б. 157 .
[7]Қиёмат, 4.
[8]Зумар, 6.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …