Home / МАҚОЛАЛАР / Аслимиз тупроқдир ҳаво эмас

Аслимиз тупроқдир ҳаво эмас

Шахслар ўртасидаги бирдамлик ва муҳаббатни йўқ қилиб, ўрнига тафриқа ва адоват уйғотадиган фазилатлардан бири – кибру ҳаво (мутакаббирлик)дир. Кибрли киши ўз айби, нўқсонларидан кўз юмади, ўзига ортиқча баҳо бериб манмансирайди. Манманлик қилаётган киши ўзганинг насиҳатини ёқтирмайди. Қарабсизки, у киши на олимлар илмидан, на фозил кишилар фазилатларидан ўзига фойда олади ва жаҳолату залолат ботқоғига ботиб кетади.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло ана шундай кибру ҳаволи кишиларни тўғри йўлга бошламаслигини ва юрган залолатларида янада адаштириб юборишини айтади:

«Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят ва мўъжизаларни кўрсалар ҳам уларга имон келтирмайдиган, тўғри-ҳақ йўлни кўрсалар уни ўзлари учун йўл қилиб олмайдиган, агар залолат нотўғри йўлни кўрсалар йўл қилиб оладиган кимсаларни ўз оят мўъжизаларимдан буриб юборурман». (Аъроф 164 оят)

Инсоният тарихида кибру ҳавога берилган қавмлар бўлганлиги, уларни Аллоҳ қаттиқ азобга учратгани, охиратдаги азоб эса бунданда ашаддийроқ эканлигини Қуръонда Од қавми мисолида келтиради:

«Од қавми эса Ер юзида ноҳақ кибр қилишди ва биздан ҳам кучлироқ зот борми дейишди (яъни ўзларига ортиқча баҳо бериб ҳаддан ошишди), ахир уларни яратган Аллоҳ кучлироқ эканлигини кўрмаганми эдилар? Ва улар бизнинг оят-мўъжизаларимизга ишонишмади. Бас, бу ҳаёти дунёда шармандалик азобини тортсинлар учун Биз уларга ўзлари учун бахтсиз кунларида жуда қаттиқ шамол юбордик, албатта охиратдаги азоб (бундан) шармандалироқдир. Ва уларга ёрдам-нусрат берилмайди». (Фуссилат, 15-16)

Шунинг учун Аллоҳ мутакаббир кишиларнинг жазоси жаҳаннам дейди:

«Кибру ҳаволи кимсаларнинг жойлари жаханнам эмасми?» (Зумар, 60 оят).

Келинг, ўзимизга бир савол берайлик: мутакаббир одам нимаси билан фахрланади? Чиройи биланми ёки куч-қуввати биланми?

Ҳусну жамол ўткинчи нарса, энг кичкина касал эса уни заифлаштиради, замон ўз ишини қилиб, кунлар ўтиши билан, қарабсизки, қирчиллама йигитлик ўрнига хасталик – қарилик келади. Агарда молу-дунёси билан мақтанаётган бўлса, билиб қўйсинки, ўлим бой ва фақир ўртасида фарқ қилиб ўтирмайди ва ҳамма бойлик бошқалар қўлига ўтиб қолади. Шунинг учун Қуръони каримда ўзини катта тутишни манъ қилинади:

«Ер юзида кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки, сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб кета олмайсан ва бўйи бастда тоғларга ета олмайсан» (Исро, 37 оят).

Бас, бу қадар ожиз эканмиз, нечук кибру ҳавога берилишимиз керак?!

Исроилов Шухратилла
Учқўрғон тумани “Муҳаммад Зариф” жомеъ
масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …