Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу
Зайд ёшлигиданоқ жудаям заковатли бола эди. Оиласи билан бирга Мадинада яшар эди. Аммо болалиги жуда катта қийинчиликлар билан ўтганди. Тўрт-беш ёшларда эканида, Мадинанинг икки катта қабиласи ўртасида оддий ва беҳуда сабаб туфайли қонли ва узоқ давом этувчи уруш бошланган эди. Ҳар куни ҳар икки томондан ярадорлар ва ҳалок бўлганлар бор эди. Бу сабабли ҳар ерда ноқулайлик ва ташвиш ҳукм сурарди.
Кичик Зайднинг энг катта қўрқуви шу тўқнашувлар давомида отасига зарар етиши эди. Охир-оқибат, унинг қўрқуви амалга ошди. Тарихга “Буъос жанги” деб муҳрланган ушбу уруш давомида, бир куни Зайднинг отаси Собитнинг вафоти ҳақида хабар келди. Шу вақтда атиги олти ёшда бўлган Зайд учун худди бутун дунёси вайрон бўлгандай туюлар эди.
Ушбу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Маккадан Мадинага ҳижрат қилмаган эдилар. Ҳижрат ҳодисаси ушбу жанглар бошланганидан беш йил кейин содир бўлган эди.
Фарзандларини отасиз ва ҳимоясиз қолдиришни истамаган онаси Навар хоним Бани Нажжор қабиласидан Умора билан турмуш қурди. Умора жуда билимли ва тушунувчан инсон эди. У айниқса, Зайднинг заковатига эътибор қаратди. Шу сабабдан, уни ўша вақтда араблар орасида жуда кенг тарқалган шеърият мажлисларига олиб бора бошлади.
Зайд ҳали кичик ёшлигидаёқ иқтидори ва шеърга бўлган қизиқиши туфайли 90 та узун қасидани ёд олган эди. Яъни у кичик ёшдаёқ “Шеър ҳофизи”га айланганди. Кўп ўтмай Аллоҳнинг мўъжизаси бўлмиш Қуръон каримни тўлиқ ёд олган илк ҳофизлар қаторидан жой олди. Айни пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бири ҳам эди.
Зайднинг шеърият мажлисларига бўлган бу катта қизиқиши, аслида унинг учун улкан имконият бўлганди. Чунки ўша вақтларда айрим мадиналиклар Маккага борганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан танишиб, мусулмон бўлган эдилар. Уларнинг бири Зайднинг ўгай отаси Умора эди.
Ислом билан шарафланганидан сўнг, Умора катта ҳаяжон билан уйига қайтиб, бўлган воқеаларни турмуш ўртоғига сўзлаб берган ва уни Исломга даъват қилган эди. Зайднинг онаси ҳеч қандай иккиланмасдан дарҳол мусулмон бўлганди.
Катта ҳаяжон билан исломга кирган мадиналик мусулмонлар Исломнинг биринчи буйруғи “Ўқи!” эканини билиб, жаҳолатга қарши кураша бошладилар. Зайднинг онаси Навар хоним ҳам илмга меҳр қўйди. У тинмай ўрганиб, ўрганганларини фарзандлари билан баҳам кўрар эди.
Мадинада Ислом тез суръатларда тарқалар экан, мусулмонларнинг илм ва ўрганишга бўлган иштиёқлари ҳам ортаётган эди. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир устоз юборишларини сўрадилар. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни юбордилар.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг Мадинага келиши Зайднинг ҳаётини тубдан ўзгартирди. Ўшанда бор-йўғи 9 ёшда бўлган Зайд Мусъаб ибн Умайрга соя каби эргашиб, ундан Қуръони каримни ўргана бошлади. Доимо унинг ёнига бориб, шу кунгача нозил қилинган сураларни бирма-бир ёд олар эди. Улар хонаси ёнида қурилган масжид эса бу борада унга катта қулайлик яратган эди.
Зайд ҳам болалик чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганлар қаторига кирган. У 11 ёшида бўлганида ҳижрат воқеаси содир бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташрифлари билан Мадинани шарафлантирган эдилар.
Зайднинг хурсандчилигига хурсандчилик қўшган асосий ҳодиса эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйида меҳмон бўлишлари эди. Чунки уларнинг уйлари Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйининг ёнгинасида жойлашган эди. Шундай қилиб, бу дунёдаёқ улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлиш бахтига муяссар бўлишганди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биринчи юзма-юз учрашуви онаси сабабли бўлди. Онаси таом тайёрлаб, Зайд орқали юборади. Зайд қалби ҳаяжондан титраб, “Эй, Расулуллоҳ! Онам сизга шу таомни юборди”, деди. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадядан жуда мамнун бўлиб, у ердаги саҳобалар билан бирга овқатлангандан кейин Зайд ва унинг онаси учун шундай дуо қилдилар: “Аллоҳ сенга ва онангга барака ато этсин!”
Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин Қуръондан ўн еттита сурани ёд олган эди. Унинг ўтмишини билган ансорлар уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига чиқариб, у ҳақида сўзлаб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан Қуръон ўқиб беришини сўрадилар. Зайд ҳам билган сураларини бирма-бир ўқиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг тиловатидан хурсанд бўлиб, унга жуда ҳам муҳим вазифани топширдилар:
- Эй, Зайд! Мен учун яҳудийларнинг тилини ўрган! Аллоҳга қасамки, ёзишма масаласида уларга ишонмаяпман, дедилар.
Зайд икки ҳафта атрофидаги вақт ичида иброний тилини ўрганди. Эҳтиёж бўлганида хат ёзар, хат келганида уни ўқиб, таржима қилиб берарди. Содир этилган хатолар ва қасддан қилинган бузғунчиликларни аниқлаб, улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берар эди. Бунинг устига пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сурёний тилини ҳам ўрганишини сўрадилар. Зайд бу тилни ҳам қисқа муддатда ўзлаштирди.
Бундан ташқари, Зайд ушбу икки тилга қўшимча равишда румча, форсча, қибтийча ва ҳабаш тилини ҳам қисқа вақт ичида ўрганиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимонига айланган эди.
Мадинада Масжиди Набавий қурилгунга қадар Билол Ҳабаший азонни Зайдларнинг уйи устида ўқир эди. Чунки уларнинг уйи бошқаларникидан баландроқ эди. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлиш Зайд ва унинг оиласи учун катта бир имконият бўлган эди.
Зайд фурсат топди дегунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борар ва у зотнинг муборак оғизларидан дуолар, насиҳатлар, Исломнинг амр, қайтариқ ва буйруқларини тинглар эди. Энг муҳим жиҳати шундаки, у бир неча бор ваҳийнинг нозил бўлиш лаҳзасининг гувоҳи бўлган ва келган ваҳийларни дарҳол ёзган эди.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида Қуръонни бошидан охиригача ҳифз қилган, ёд олган тўрт саҳобадан бири эди. Унинг ваҳий ёзувчиси бўлиши, фавқулодда иқтидори, ўткир зеҳни ва энг муҳими, таърифга тил ожиз даражадаги иштиёқи уни ана шундай шарафга муносиб қилди.
Зайднинг бу ҳолати, Ислом йўлида жангга қатнашишга бўлган иштиёқида ҳам намоён бўлган эди. У бор-йўғи 13 ёшда бўлганида Бадр жанги олдидан қўшин сафига қўшилган, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ёши кичиклиги сабабли ортга қайтарган эдилар.
Аммо Хандақ жанги вақтида у 15 ёшда эди ва айниқса хандақ қазишдаги ғайрати ва фидойилиги билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақтовларига сазовор бўлди. Табук жангига йўл олиш вақтида унга Бани Нажжор қабиласининг байроғини кўтариш вазифаси берилди.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бутун умри давомида илмга амал қилган намунали мусулмон бўлиб яшади. У Қуръони каримни энг чиройли ўқувчи саҳобалардан бири эди. Ҳижрий 45 йилда Мадинада вафот этганида, ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳақиқатни шундай ифода этган эди: “Бу умматнинг олими вафот этди”.
Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими