Home / МАҚОЛАЛАР / “Ал-адаб ал-муфрад” китобида фарзанд тарбияси

“Ал-адаб ал-муфрад” китобида фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбияси энг машаққатли иш ҳисобланади. Фарзанд келажакда гўзал аҳлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида, ота-она фарзанди ҳаққига қиладиган ҳайрли дуоларнинг ўрни беқиёсдир. Фарзанд ота-она қўлида бир омонатдир. Фарзандларга меҳрибонлик қилиш, раҳм-шафқат кўрсатиш, юмшоқ муомалада бўлиш, асло қарғамаслик, уларнинг бошини силаб ширин сўзли бўлиш, яхши тарбияни муҳим омилидир. Булар бола қалбида меҳр-оқибатни, инсоний фазилатни, иймонни, фахр-ифтихорни вужудга келтиради. Ислом оламида фарзанд тарбиясига жуда катта эътибор қаратилади. Фарзанд тарбиясида ота-она бирдай масъулдир. Шу сабабли ота-оналар фарзандларига доимо эътиборли бўлиши, уларнинг қизиқишларига ва фикрига аҳамият бериши жуда муҳим. Фарзандларга диний ва дунёвий илмларни ўргатиш, иймон-эътиқодли, меҳр-оқибатли, бир-бирига нисбатан ҳурмат ва иззатли бўлиш каби олий фазилатларни сингдириб бориш, ота-онанинг зиммасидаги бурч ва вазифасидир. Фарзанд тарбияси ҳар доим далзарб ва аҳамиятли бўлиб, тарихдан маълумки, Ота-боболаримиз фарзанд тарбиясига боғлиқ кўплаб асарлар ёзишган ва ривоятлар айтиб ўтишган. Жумладан: Имом Бухорий, Ибн Сино, Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа алломаларимизни айтиб ўтишимиз жоиздир.

Шу ўринда мен сўз юритмоқчи бўлган китоб, Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” асаридир. Ушбу асарда фарзанд тарбиясига оид ҳадислар зикр этилган. Ислом динида фарзандига нисбатан қилиниши лозим бўлган амаллар одат мартабасидан ибодат мақомига кўтарилади.

Расулуллоҳ (с.а.в) “Кимнинг учта қизи бўлса”, Уларни сабр билан боқиб вояга етказиш катта машаққатдир, шунинг учун Расулуллоҳ с.а.в. бунга сабр қилган инсонларга жаннатни ваъда қилганлар. Катта савоблиги айтилмоқда, ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: савобли иш эканлиги, сабрли бўлишлик, ота-оналари учун дузах ўтидан парда бўлишлари.

Расулуллоҳ (с.а.в) “Кимнинг учта қизи бўлса”, уларни жойласа, кифоясини қилса, раҳм-шафқат қилса, ўша одамга албатта жаннат вожиб бўлади”- дедилар. Шунда қавмнинг ичидан бир одам: “Ё Расулуллоҳ! Иккита бўлсачи?”-деди, “иккита бўлса ҳам” бўлади-дедилар. Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) “ учта қизи ёки учта синглиси бўлиб,  уларга яхшилик қилган одам албатта жаннатга киради дедилар”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир арабий Набий (с.а.в) нинг ҳузурларига келиб: “Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми? Биз ўпмаймиз” деди. Шунда Набий (с.а.в.) “Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган булса, мен нима ҳам қила олардим”-дедилар. Демак, ёш болаларни ўпиш, киши қалбида раҳмат борлигининг аломати экан. Бола боқиш машаққатли эканлиги, ҳамда бола доим меҳр ва раҳм-шафқатга муҳтож бўлгани учун ҳам Исломда болага раҳмли бўлиш катта савобли иш даражасига кўтарилган. [218]

Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Ул-зотнинг ҳузурларида Акраъ ибн Хобис Тамимий ўтирган эди. Ақраъ “менинг ўнта болам бор, уларнинг бирортасини ҳам ўпганим йўқ”- Деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга назар солдилар ва “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”-дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган бу гаплариниг маъноси- ким бандага раҳм қилмаса. Унга ҳам Аллоҳ таоло раҳим қилмайди деганидир. Бандаларга раҳм қилишнинг энг олий намунаси ёш болага раҳм қилишдир. [219] Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади: “У отасининг : “Солиҳлик Аллоҳдан одоб оталардан” дейишар эди” деганини эшитган экан. Бу ривоятдан болаларининг ким бўлиб етишишига, ота-она томонидан бериладиган тарбияни сабаб қилиб қўйган. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбияси исломий бўлиши учун қўлидан келган барча чораларни кўриши матлубдир. [220]

Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинади: “Отам мени кўтариб Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига олиб бордилар”, Ё Расулуллоҳ! гувоҳ бўлинг мен Нўъмонга ўз молимдан буни бердим”-деди. Ҳамма болаларинга бердингми?-дедилар, “йўқ”-деди. “мендан бошқани гувоҳ қил!”-дедилар. Сўнгра “Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қилмайдими?”-дедилар. “қилади”-деди. “ундай бўлса ҳалигидай қилма!”-дедилар. Ушбу ҳадисда ота-оналар болаларига нисбатан адолатли бўлишлари таъкидланмоқда. Ота-оналар ҳар бир фарзандига бир хил муносабатда бўлиши лозим. [231]

Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилинади. .”Расулуллоҳ (с.а.в.) менга Юсуф деб ном қўйганлар, сўнг қучоқларига олиб, бошимни силаганлар”. Ёш болани меҳр ила бошини сила, уларнинг кўнглида фахр- ифтихорни, қувончни юзага келтиради. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деганидек ёш болани кўрганимизда беихиёр бошини силаб эркаймиз, бу одат бизга Пайғамбаримиздан қолган суннатдир.

Яъло ибн Мурра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, “Расуллоҳ (с.а.в.) билан йиғинга чиқдик. Таомга чақирилган эдик. Қарасак, Ҳусайн кўчада ўйнаб юрибди, Расуллулоҳ (с.а.в.) тезда одамлардан олдинга чиқиб, болага қараб қўлларини чўзиб шошиб юриб қолдилар, бола ҳали у ёққа ҳали бу ёққа қочди, кулишди, охири Расулуллоҳ (с.а.в.) уни ушлаб кўтариб олдилар. Бир қўлларини жағига бир қўлларини бошига қўйиб, силадилар сўнгра, “Ҳусайн мендандир, мен Ҳусайндандирман. Ким Ҳусайнга муҳаббат қилса, Аллоҳ таоло унга муҳаббат қилади. Ҳусайн – набиралардан бир набирадир”- дедилар”. Демак, ёш болага муҳаббатли, меҳрли бўлишимиз лозим. [74]

Имом ал-Бухорий Ал-адаб ал-муфрад асари биринчи жуз Т-2011

Шодиева Моҳира
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими ходими.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …