Home / МАҚОЛАЛАР / НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ХУЛҚЛАРИ

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ХУЛҚЛАРИ

Гўзал хулқ соғлом жамиятнинг тамал тоши ҳисобланади. Унинг аҳамиятини фақат феъл-атвори бузилган ва мўминлар орасида ёмон гаплар ёйилишини хоҳлайдиганлар инкор этади. Ислом яхши хулқли бўлишга чақиради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. У зот Қуръон ахлоқи билан сифатлангандилар. Саҳобалар у зотнинг ҳидояти, салобати ва хулқ-атворларини бизга етказган.

عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، قَالَ سَمِعْتُ أَبَا عَبْدِ اللَّهِ الْجَدَلِىَّ يَقُولُ سَأَلْتُ عَائِشَةَ عَنْ خُلُقِ رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- فَقَالَتْ لَمْ يَكُنْ فَاحِشًا وَلاَ مُتَفَحِّشًا وَلاَ صَخَّابًا فِى الأَسْوَاقِ وَلاَ يَجْزِى بِالسَّيِّئَةِ السَّيِّئَةَ وَلَكِنْ يَعْفُو وَيَصْفَحُ.

Абу Абдуллоҳ Жадалий айтади: “Оишадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўрадим. У: “У зот фаҳш сўзловчи ҳам, фаҳш сўзлашга уринувчи ҳам эмасдилар. Бозорларда шовқин-сурон қилувчи эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик қайтармас, аксинча кечириб юборар эдилар”, деди”. (Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган).

Аввалги уч сифат ташқаридан кўзга ташланавермайди. Булар ички одоб, ички маданиятдир. Лекин ёмонликка ёмонлик қилмаслик рўй-рост кўриниб турадиган фазилатдир. Чунки қарши томон қасдма-қасд ҳаракатни кутади, лекин уни кўрмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг: ﴾فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاصْفَحْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ﴿ “Уларни афв этинг ва айбларини ўтиб юборинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни хуш кўради” (Моида сураси, 13-оят), деган сўзларига мувофиқ кечириб юборардилар.

Ушбу ҳадисни Ато ибн Ясор ривоят қилган ҳадис ҳам тасдиқлайди: “Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо билан кўришиб қолдим. “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларидан хабар беринг”, дедим. У: “Ҳа, Аллоҳга қасамки, у зот Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлар: “Эй Набий, албатта, Биз сизни гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийлар учун ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сиз бандамсиз ва Расулимсиз. Сизни Мутаваккил деб номладим. У бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин-сурон қилувчи ҳам эмас. У ёмонликка ёмонлик қилмас, балки афв қилур. Аллоҳ унинг воситасида эгри (йўлдаги) миллатни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дейдиган қилиб тўғриламагунча уни асло қабз қилмас (жонини олмас). У билан кўр кўзларни, гунг қулоқларни ва берк қалбларни очади”, деди” (Бухорий ривояти).

Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим гўзал хулқлари баён этилгани ёмон хулқли бўлишдан сақланиш, хунук гап сўзламаслик, бозор ва бошқа жойларда шовқин-сурон кўтариб одамларни безовта қилмаслик лозимлигини билдиради. Шунингдек, кечиримли бўлиш чиройли хулқ аломати эканини уқтиради.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

КИЧИК ЁШДАГИ САҲОБАЛАР

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Абдуллоҳ пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик вазифаси берилганидан икки йил …