Президентимизнинг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори маънавий-маърифий ҳаётимизда том маънода тарихий воқелик бўлди. Ушбу муҳим ҳужжат буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик, мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ғоят улкан аҳамият касб этади.
Акс садо
Имом Мотуридий ҳақида сўз борганда, дастлаб у зотнинг “ҳидоятга бошловчи имом” рутбаси ёдга келади. Дунё мусулмонларининг аксарияти асарларини ҳужжат деб қабул қиладиган, ақидасини таянч деб биладиган аллома бошқа юксак унвонлар билан ҳам шарафланган. “Ҳидоят байроғи”, “Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи”, “Аҳли сунна пешвоси” шулар жумласидан.
Имом Мотуридий ислом оламининг энг эътиборли ва эъзозли алломалари сафида доим катта ҳурмат билан тилга олиниши бежиз эмас, албатта. Ҳидоятга бошловчи имом ислом тарихининг ўта таҳликали даврида юзага келган кўплаб бузғунчи оқимларга мардонавор қарши курашган, уларнинг ҳар бирига асосли раддиялар беришга журъат ва шижоат топа олган. Ақида — калом илмига асос солиб, аҳли суннани энг мустаҳкам пойдевор узра жипслаштиришга бор куч-ғайрати, илми ва салоҳиятини йўналтира билган. Шу боис ҳам, Имом Мотуридий таълимоти аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги эканини барча замонда уламолар бирдек эътироф этади.
Беназир олим яшаган даврни тасаввур қилишнинг ўзи жуда оғир. Турли фирқалар ўз ғояларини илгари суриб, одамларни чалғитар, уларнинг мафкуравий баҳслари кўплаб нохушликларга сабаб бўлар эди. Имом Мотуридий ҳар бир адашган оқимнинг ботил эканини пешма-пеш раддиялар билан асослай бориб, пировардида уларни “очиқ жанг майдони”да бутунлай мағлуб қилишдек улкан жасорати билан мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи бўлди. Ақида илмининг ҳам ўз даври, ҳам келажак авлод учун ўлмас илмий пойдеворини бунёд қилди. Унинг асарлари асрларга татийдиган манба ва иккиланмай айтиш мумкинки, мангуликлар ичра мардонавор қад кўтариб турадиган истеҳкомдир.
Бу фикрни тасдиқлаш учун Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирига назар солишнинг ўзи кифоя. Аллома Қуръонни тафсир қилар экан, ўрни келганда, ўз давридаги адашган оқимларнинг ғоя ва қарашларини ҳам келтириб, уларга нақлий ва ақлий далиллар билан жавоб беради. Уларнинг қаерда қай йўсин адашганини, хатоси нимадан иборат эканини кўрсатади. Шу билан бирга, гўё узоқ келажакка кўз тикиб, ўзидан кейин рўй беражак воқеаларни кўргандек, “агар бизга фалон-фалон деб савол беришса, у ҳолда бундай деймиз…” деб, ҳали ўртага чиқмаган, баҳс майдонига ташланмаган масалаларни ҳам келтиради ва уларнинг ечимини исботлайди.
Имом Мотуридийнинг даҳолиги шунда-ки, у шунчаки тафсир билан чекланиб қолмаган. Соддароқ айтадиган бўлсак, “Таъвилот ал-Қуръон”нинг доҳиёна асар эканига оддий мисоллардан бири шуки, муаллиф ўзининг сўз ва фикрлари тўғрилигига, аввало, Қуръоннинг ўзидан далил келтиради. Бундай асосни эса, табиийки, ҳеч қанақасига инкор ё рад этиб бўлмайди. Сўнгра ишончли ҳадислар, мужтаҳидларнинг сўзларидан мисоллар келтириб, далилларини янада қувватлайди.
Барчамизга яхши маълумки, “Таъвилот ал-Қуръон”нинг 30-жузи Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илк марта ўзбек тилига ўгирилиб, 2021 йилда нашрдан чиқарилди ва кенг жамоатчиликка тақдим қилинди. Эндиликда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бу эстафетани жўшқин давом эттирмоқда. Бу ишлар халқимизнинг кўп асрлик тарихи давомида мисли кўрилмаган воқеалардир. Негаки, ҳали Имом Мотуридий асарлари она тилимизга ўгирилмаган эди.
Ислом илмларининг устунлари бўлган етук алломаларнинг аксарияти биз яшаб турган мана шу заминдан етишиб чиққан бўлса-да, ўзимиз турли сабабларга кўра уларнинг меросидан бебаҳра қолиб келганимиз ва энди-энди уларни қайтадан таниб, кашф қилиб, ўрганаётганимиз инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Тўғри, бугун Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби номларни эшитмаган ҳамюртимиз йўқ ҳисоби. Лекин афсус, уларнинг кўпчилиги бу улуғ зотлар нима сабабдан бутун ислом оламида эъзозланиши борасида аниқ маълумотга эга эмас. Биз буюк аждодларимиз билан фахрланамиз, аммо аксариятимиз бу ифтихор манбалари ҳақида жўяли гап айта олишга қодир эмасмиз. Шу чоққача улар ҳақида бевосита биз, ворислар эмас, балки хорижликлар кўпроқ билим ва маълумотга эга бўлиб келди.
Шу боис янги Ўзбекистонда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази таъсис қилинди. Уларнинг бош мақсади аждодлар меросини тиклаш, ўрганиш ва тарғиб этишдан иборат. Бунда мўътабар асарларни таржима қилиб, халқимизга тақдим этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Имом Бухорийнинг шоҳ асари ўзбек тилига ўгирилди. “Сунани Термизий”, “Сунани Доримий”, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснад”лари каби энг ишончли ҳадис тўпламлари ҳам ўзбек тилида халқимиз қўлига етиб борди.
Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ҳажман каттароқ бўлгани ва ўта нозик принципиал масалаларни қамрагани боис унинг она тилимизга таржимаси ҳали давом этмоқда. Бу жуда меҳнатталаб, вақтталаб иш бўлиб, босқичма-босқич, лекин узвийлик асосида, маслаҳат билан, қунт ва ўта синчковлик билан ёндашишни тақозо қилади. “Таъвилот ал-Қуръон” фақат ақида эмас, балки фиқҳга ҳам оид энг нодир манбалардан эканини унутмаслик лозим.
Президентимиз қарори ва унга мувофиқ, жорий йилда юртимизда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши аллома ҳаёти, бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда янги даврни бошлаб беради. Жумладан, санага бағишланган тадбирлар доирасида апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши мўлжалланаётган “Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман алоҳида аҳамиятга эга. Дунё бўйлаб мотуридийликнинг энг забардаст олимларини бир жойга тўплайдиган бу форум ислом оламида янги мулоқот платформасини яратиш билан бирга, бугун жаҳонда ҳар турли шиорлар, бузғунчи мафкуралар билан муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётган кучларга қарши курашиш учун мустаҳкам истеҳкомни вужудга келтиришда муҳим ўрин тутади.
Имом Мотуридий таваллудининг тантанаси доирасида хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу тадбирлар нуфузли анжуманнинг узвий давоми бўлиб, у яратадиган халқаро ҳамкорлик майдонини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Албатта, эсдалик совғаларини муомалага чиқариш, почта маркалари, тақвимлар, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш, алломанинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм суратга олиш каби тадбирлар кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида Имом Мотуридий ва мотуридийликни ўрганишга қизиқишни янада оширади.
Яна бир воқеа — Самарқанд вилоятида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти йўналишида фаолият олиб борган алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий меросига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари, китоблари кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу алломанинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга иштиёқмандлар сафини янада кенгайтириб, тадқиқотчиларимиз учун ўзига хос илмий чашма бўлиб хизмат қилади. Қарорнинг “мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг илмий мероси ва ноёб қўлёзма асарларини ўрганиш бўйича Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмасини белгиланган тартибда шакллантириб бориш” тўғрисидаги банди ҳам шунга қаратилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига май ва октябрь ойларида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуида республика илмий-амалий конференциясини ҳамда илмий мақолалар танловини ўтказиш топшириляпти. Бу ҳам ислом тинчликпарварлик ва эзгулик дини борасидаги қарашларни кенг тарғиб этиб, ёт ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни шакллантириш ва уни кучайтириш орқали юртимизда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ташкил этиладиган “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танлови, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб ўтказиладиган Имом Мотуридийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатлари ҳам шу мақсадга қаратилган. Имом Мотуридий таваллудининг юбилейини нишонлаш Ўзбекистон ва дунё мусулмонларини, таъбир жоиз бўлса, турли бузғунчи кучларга қарши янада бирлаштиради.
Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори