Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо
Абдуллоҳ пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик вазифаси берилганидан икки йил ўтгач Маккада дунёга келди. Отаси – пайғамбар алайҳиссаломнинг иккинчи халифаси ҳазрати Умар исломни қабул қилганларида эса Абдуллоҳ ҳали 4-5 ёшдаги болакай эди. Анча ёш бўлишига қарамай, бошидан кечирганлари, кўрганлари ва эшитганларини диққат билан кузатиб, зеҳнига муҳрлар эди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бутун умри давомида отасига лойиқ бир шахсият бўлди. Ҳали кичик ёшдаги бола экан отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлиши сирасида гувоҳ бўлган бир ҳодисани асло унутмади. Йиллар ўтгач кўрган-кечирганларини шундай ҳикоя қилганди:
“Отам мусулмон бўлгач, атрофидагиларга: “Маккаликларнинг қай бири эшитганларини инсонларга тез тарқатади?” деб юзланди. Улар: Жамил ибн Маъмар” дейишди. Отам ташқарига чиқди. Нима содир бўлишини жуда ҳам қизиқиш билан кузатаётгандим. Отамни кузатиш учун мен ҳам у билан ташқарига чиқдим. Отам Жамилнинг олдига борганда: “Эй Жамил! Биласанми, мен мусулмон бўлдим! Муҳаммаднинг динига кирдим”, деди.
Отам ҳали сўзини тугатмасданоқ Жамил биздан узоқлашиб кета бошлади. Отам унга, мен эса отамга эргашдим. Жамил Каъбага етгач: “Эй Қурайшликлар! Умар динидан қайтибди!” дея бақирди. Шунга жавобан отам: “Ёлғон гапиряпсан, мен мусулмон бўлдим”, деб жавоб қайтарди”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ёши кичик бўлишига қарамай, отаси билан бирга катталарнинг мажлисларида иштирок этарди. Бироқ қаерда ва қандай ҳаракат қилиш кераклигини яхши билар эди.
Бир куни у улуғ саҳобалар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисдагиларга савол бердилар:
“Мўмин киши Парвардигорининг изни билан доим мева берадиган, барглари тўкилмайдиган бир дарахтга ўхшайди. У қайси дарахт?”
Ҳозир бўлганлардан ҳар бири бирма-бир турли дарахт номини айтди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг хаёлига “хурмо” жавоби келган эди. Аммо отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобалар ҳеч қандай жавоб бермаган эди. Шунинг учун у ҳам ҳаё қилиб, айтмасликка қарор қилди. Ҳеч ким тўғри жавобни тополмаганида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“У хурмо дарахтидир” дедилар.
Абдуллоҳ гувоҳ бўлган бу ҳодисадан муҳим бир дарс олган эди.
Бир куни расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Умарга бир ҳадя бердилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
“Эй, Расулуллоҳ! Буни мендан фақирроқ бўлган кишига беринг!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга жавобан:
“Ол! Истасанг, молингга қўш, истасанг, бир фақирга садақа сифатида бер! Исталмаган ва ортидан қувилмасдан келган молни ол! Акс ҳолда олма, ортидан ҳам қувма!” дедилар.
Бу ҳодисадан дарс олган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳаёти давомида ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамади. Исталмаган ҳолда ва кутилмаганда унга ҳадя қилинган нарсани ҳеч қачон қайтариб юбормади.
Абдуллоҳ болалик йилларида отасидан эшитган насиҳатларини ҳеч қачон унутмади, умри давомида бу насиҳатларга тўлиқ амал қилди. Ҳатто бу насиҳатлар кундалик ҳаёт билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлса ҳам.
“Олов – таҳликали душман кабидир, ундан эҳтиёт бўлинг!”
“Катта бўлганингизда бир уйга жамланманг, алоҳида уйларда яшанг! Шундай қилмасангиз, қариндошлик ришталарингизни узишингиздан ёки орангизда ёмон ҳодисалар юз беришидан қўрқаман”.
“Хат ёзишни бошлаганда, аввал ўз исмингизни, кейин суҳбатдошингизнинг исмини ёзинг”.
Абдуллоҳнинг ёшлик чоғидаги энг катта орзуси – чиройли бир туш кўриш эди. Чунки ким чиройли бир туш кўрса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, тушини сўзлаб берарди. Бу ҳолатни кузатиб юрган Абдуллоҳ ҳам туш кўриб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, у зотга сўзлаб беришни жудаям истарди.
Ниҳоят, Абдуллоҳнинг орзуси ушалди. Масжиди Набавийда ухлаб қолиб, бир туш кўрди. Тушида икки фаришта уни ушлаб олов томон етаклаётганди. Шу сирада олов сув тўғони каби чайқалаётганди. Олов ичида унга таниш бўлган баъзи кишилар ҳам бор эди. Олов куйдиришидан қўрқиб, Аллоҳга илтижо қила бошлади. Икки фаришта уни олов томон етаклар экан, учинчи бир фаришта келиб унга: “Қўрқма!” деди. Тушнинг шу жойига етганида бирдан уйғониб кетди ва дарҳол бориб тушини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳнинг сўзларини эшитиб:
“Абдуллоҳ ибн Умар қандай ҳам яхши инсон! Боз устига кеча намозини ҳам адо этса” дедилар. Буни эшитган Абдуллоҳ умрининг охирига қадар тунги намозни қолдирмади.
Абдуллоҳ ёшлигига қарамай, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга баъзи сафарларга ҳам чиққан эди.
Бир сафар асносида Абдуллоҳ минган туя тезлигини ошириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларидан илгарилаб кетди. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минган туя ёш ва кучли бўлгани боис уни тизгинлашга бироз қийналаётган эдилар. Бу ҳодисани кўрган отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
“Эй, Абдуллоҳ! Ҳеч ким Расулуллоҳдан олдинга ўтолмайди!” деб огоҳлантирди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол орага кириб:
“Бу туяни менга сот!” дедилар. Ҳазрати Умар бунга жавобан:
“Бу туя сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларида қатъий туриб:
“Туяни менга сот!” дедилар. Отаси туяни сотгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳга юзланиб:
“Бу туя сеники бўлсин, эй Абдуллоҳ! Уни истаганингдек бошқар!” дедилар.
Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими