Home / МАҚОЛАЛАР / РАМАЗОННИНГ ХОС ФАЗИЛАТЛАРИДАН БИР ШИНГИЛ

РАМАЗОННИНГ ХОС ФАЗИЛАТЛАРИДАН БИР ШИНГИЛ

Меҳр-шафқат, эзгулик, хайр-саховат, ибодат, дуо, тасбеҳ, таровиҳ ва Қуръон ойини – ойларнинг султони, энг улуғи ва фазилатлиси бўлмиш муборак Рамазонни юртимиз мусулмонлари ҳар доим ўзгача сурур билан кутиб олади. Зеро, унда савобларнинг ажри бир неча карра зиёда қилинади, Парвардигорнинг мағфиратига эришиш осонлаштирилиб, бунинг имкониятлари кенгайтирилади.

Бу ой рўзасининг фарзлиги ҳақидаги оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида нозил қилинган.

Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаларида Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида жуда кўп маълумот мавжудки, уларнинг адоғига етиб бўлмайди. Аввало, айтиш керакки, исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури – Қуръони карим айни шу ойда нозил бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”, деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 185-оят). Ушбу оят Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзаллигига, нисбатан устун эканига ёрқин далолатдир.

Ушбу ойнинг фазилатларидан бири шуки, унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади”, дедилар”.

Имом Термизий бундай келтиради: Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилади, уларнинг бирортаси очилмайди. Жаннатнинг эшиклари очилади, уларнинг бирортаси ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!” деб нидо қилади. Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бўлади”.

Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати алоҳида хислатлар зийнатланишидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилган: “Умматимга Рамазон ойида аввалги умматларга берилмаган беш хислат ато этилади: 1) Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида миск (мушки анбар)дан хушбўйроқдир; 2) Ифтор қилгунига қадар фаришталар уларнинг ҳаққига истиғфор айтиб туради; 3) Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб, унга: “Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келади”, дейди; 4) Бу ойда шайтонларнинг катталари занжирбанд қилиниб, бошқа ойлардаги эркинликларига эга бўлолмайди; 5) Охирги кечада уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади”. “Эй Расулуллоҳ! У Қадр кечасими?” деб сўралди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, амал қилувчи амалини тугатгач, ажри (иш ҳақи) тўлиқ қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Рамазон ойининг энг улуғ фазилатларидан бири шуки, бу ойда Қадр кечаси бор. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасини имон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон ва савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар”.

Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни Қадр кечасидан хабардор қилиш учун олдимизга чиққанларида, икки киши ўзаро тортишаётган эди. “Сизларга Қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиққандим. Фалончи билан фалончи ўртасида тортишув бўлаётгани туфайли (уни) унутдим. Эҳтимол, бу хайрлидир. Уни охирги ўн кунликнинг бешинчи, еттинчи ва тўққизинчи кечаларидан изланг”, дедилар”.

Рамазон ойининг фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деб ривоят қилган. Унинг охирги ўн кунлиги “дўзахдан халос бўлиш” даври саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз одамлар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бўлади”, деганлар. Демак, бу ойда дуо, истиғфор, салавот, тасбеҳ, таҳлил, ибодат, тиловат, меҳр-шафқат, хайр-саховат каби эзгу амалларни кўпайтириш ўзимиз учун жуда фойдали ва савобли бўлади.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривоят қилган). Агар бу дуо рўзадорлик пайтида, айниқса, ифторликдан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор ифторлик қилгунича ва мазлумнинг дуоси”, дедилар (Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таолодан бу муборак ойни барчамизга хайрли ва баракотли қилишини сўраймиз. Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин. Аллоҳ таоло жонажон юртимизни Ўз паноҳида асрасин!

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

КИЧИК ЁШДАГИ САҲОБАЛАР

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ҳижратдан уч йил олдин туғилган. Отаси Аббос пайғамбаримиз соллаллоҳу …