Баъзилар ҳозирги кунда одамларнинг ибодатларини шубҳа остига қўйиш билан уларнинг фикрларини ўзгартиришга уриниб келмоқда. Таровеҳ намози ракатларининг сони ва уламолар бу борада ихтилоф қилганини айтиб, бундай маълумотга эга бўлмаганлар кўнглига ғулғула солмоқда. Шунинг учун таровеҳ тўғрисида мазҳабларнинг фикрини эслаб ўтишга жазм этдик.
Ҳанафий мазҳабида таровеҳ намози 20 ракат бўлиб, саҳобалар ижмосига кўра, эркаку аёллар учун суннати муаккада (яъни, бажарилиши алоҳида таъкидланган суннат)дир. Жамоат билан ўқилади. Уйда ёлғиз ўқиса ҳам бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан савоб умид қилиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Тарихдан маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз ўзлари ўқиганлар. Давомли тарзда эмас, баъзи-баъзида одамларга 20 ракат ўқиб берганлар. Саҳобалар ҳам Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлгунича, тарқоқ ҳолда ўқиган. Кейин ҳазрати Умар бу намозни жамоат билан (20 ракат) ўқишни жорий қилган (Молик ривояти). Али розиялоҳу анҳу: «Умар масжидларимизни таровеҳнинг файзи билан нурлантирганидек, Аллоҳ ҳам Умарнинг қабрини нурлантирсин!» деб, бу ишдан мамнун бўлганини билдирган.
Умар розияллоҳу анҳу буни ўзича жорий этмаган, албатта. Бу хунук бидъат ҳам эмас. Буни ҳазрати Умар фақат ўша даврда юзага келган (ёзилмаган) одат ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларига асосланиб жорий этган (Ҳасан Ширинбилолийнинг «Мароқил фаллоҳ» асаридан).
Моликий мазҳабида таровеҳ 36 ракат бўлиб, мустаҳаб ҳисобланади. Уйда ёлғиз ўқиш афзалдир. Имом Молик бундай деган: «Таровеҳ намози ўртача қироат билан 20 ракат бўлган. Сўнг қироати қисқартирилиб, 36 ракатга узайтирилган» (Баҳром Дамирийнинг «Тахбирул мухтасар» асаридан). Яна бир ривоятда Мадина аҳли Макка аҳлига (савобда) тенглашиш учун 36 ракат ўқигани айтилади. Чунки Макка аҳли ҳар бир дам олишда (яъни, ҳар тўрт ракатдан кейинги тасбеҳ вақтида) Каъбани тавоф қиларди. Шундай қилиб, улар бир кечада тўрт марта тавоф амалини бажарарди. Мадина аҳли ҳар бир тавофни тўрт ракатга алмаштирган ва шу тариқа таровеҳни 36 ракатга етказган (Яҳё Имронийнинг «Ал-Баёну фи мазҳабил имомиш Шофеий» асаридан).
Шофеий мазҳабида таровеҳ 20 ракат бўлиб, равотиб суннат саналади. Яъни, кундалик фарз намозларига тобе бўлган нафллар кабидир. Хатм қиладиган қори бўлмаса, ёлғиз ўқиган афзал. Имом Шофеий: «Рамазоннинг қиёмига келсак, менинг наздимда ёлғиз ўқиган яхшироқ», деган. Шофеийларнинг баъзи уламолари саҳобаларнинг хатти-ҳаракатларидан ворид бўлганига асосланиб, жамоат билан ўқиш афзаллигини айтган.
Ҳанбалий мазҳабида таровеҳ намози мустаҳаб бўлиб, уни жамоа билан ўқиш афзал кўрилади. Бу ҳақда икки хил ривоят келган: биринчиси мазҳабда машҳур бўлиб, саҳоба розияллоҳу анҳум ўқиганидек, 20 ракатдир (Абдуллоҳ Тайёрнинг «Вабалул ғамома» асаридан). Иккинчиси Имом Аҳмаддан ривоят қилинган: «Витр билан қўшганда, ўн бир ракат, ё йигирма уч ракат, ё ўттиз тўққиз ракат ўқийдими, буларнинг ҳар бири чиройлидир» (Аҳмад Халилнинг «Шарҳ зодил мустақниʼ» асаридан).
Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум каби улуғ саҳобалар давридан бошлаб, ҳозирги кунгача таровеҳ намози йигирма ракат ўқилади. Саҳобалардан ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, мазҳабларнинг ҳеч бирида йигирма ракат ўқишга қаршилик йўқ. Кейинги уламолар ҳам бу борада ихтилоф қилмай келмоқда.