Home / МАҚОЛАЛАР / Диний-ижтимоий муҳитни соғломлаштиришда халқ билан мулоқотнинг аҳамияти

Диний-ижтимоий муҳитни соғломлаштиришда халқ билан мулоқотнинг аҳамияти

Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқяпмиз. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаёган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди.[1]

Бугун тинчлик ва осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат ҳисобланади. Чунки, биринчи навбатдаосуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ.
Лекин азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига раҳна солувчи офатлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бири диний экстремизм ва терроризмдир.

Бугунги кунда дунёда глобаллашув жараёни жадал ривожланаётган айни бир даврда, бунёдкор ғояларга қарши бузғунчи ғояларнинг борлиги барчамизни ҳар жиҳатдан хушёр ва огоҳ бўлишга чақиради. Бундай салбий кучлар давлат, халқ, миллат, дин, жой ва макон танламайди. Жахон мамлакатларида, жамиятнинг турли бўғинларида ўзининг ёвуз ва жирканч кўринишларини намоён қилиб келмоқда. Жирканч ҳолатлар экстремизм, диний ақидапарастлик, миссионерлик, ахборот ҳуружлари, гиёҳвандлик, одам савдоси каби кўринишларда ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, мазкур ҳолатларда қурбон бўлаётганлар орасида бегуноҳ аёллар ва гўдакларнинг кўплиги умуминсоний фожеа сифатида баҳоланишга лойиқ. Бу эса инсонийликнинг ҳеч бир тамойилига тўғри келмаслиги, тили, дини, миллати, эътиқодидан қатъий назар бутун дунё аҳолиси қалбида уларга нисбатан нафрат туйғусини акс эттирмоқда.

Бутун дунё ҳамжамияти мазкур жараёнга халқаро глобал муаммо сифатида эътибор бериши, биргаликда унга қарши курашиши зарур. Барчамизга маълумки, ҳар қандай ривожланган тараққий этган давлатнинг порлоқ келажаги, эртанги кунини хал қилувчи куч бу – ёшлардир. Демак, глобаллашув жараёнида баркамол ёшларни тарбиялаш мураккаб ва масъулиятли иш бўлиб, у ҳар биримиздан юксак фуқаролик позициясини, фидоийликни ва албатта қатъий жамоатчилик назоратини талаб қилади.

Хулоса қилиб айтганда, она Ватанимизни фақатгина ҳарбий кийим кийган ҳарбийлар эмас, балки барча фуқаролар ҳимоя қилишимиз, ёвуз кучлар таъсирига тушиб қолмаслик учун барчамиз бирдек курашмоғимиз, ёшларимизнинг куч-ғайратини, билими ва эътиқодини азиз Ватанимиз тараққиёти учун, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида сарф этишимиз лозим.

Таъкидлаш керакки, ушбу стратегия барча соҳа ва тармоқларда ҳаётимизга чуқур кириб, амалий ҳаракатларимиз мезонига айланиб бормоқда. Айниқса, 2017 йилнинг юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилингани бу борада катта аҳамият касб этади.

Шу йўлдаги амалий қадамлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда Виртуал қабулхонаси ташкил этилди.

Бу тузилмалар ўтган қисқа даврда эл-юртимиз ўртасида фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларини қонуний асосда ҳал қилишда муҳим роль ўйнайдиган институтга айланиб бораётганини алоҳида қайд этиш керак.

Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари ўз фаолиятини бошлаганидан буён ўтган давр мобайнида мамлакатимиз бўйича қарийб 890 мингга яқин фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Ушбу мурожаатларнинг 93 фоизи ўрганилиб, тегишли жавоб қайтарилди.

Мурожаатларнинг қолган қисми эса, айни пайтда мутахассислар томонидан кўриб чиқилмоқда. Алоҳида таъкидлаш зарурки, фуқароларимиздан келиб тушаётган мурожаатларнинг қарийб 80-90 фоизи асосли ва ўринли бўлиб, улар йиллар давомида эътибор қаратилмасдан, тўпланиб қолган муаммолар эканини таҳлиллар кўрсатмоқда.[2]

Буларнинг барчаси, очиғини айтадиган бўлсак, катта-кичик бўғиндаги раҳбарлар, давлат ва хўжалик органлари ходимлари халқ билан мулоқот қилишни деярли унутиб қўйганини, бу масала жамиятимизда нақадар долзарб бўлиб турганини кўрсатади.

Шу муносабат билан мен яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш – бу вақтинчалик компания эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, доимо эътиборимиз марказида турадиган масаладир.

Маълумки, ислом ва дин аҳли ижтимоий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Ислом дини ота боболаримизнинг муқаддас эътиқоди, у туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида маънавияти бой мероси ва ўзлигини омон сақлаб келган.

Ўзимизнинг асрлар давомида синовдан ўтган улуғ аждодларимиз бизга қолдирган миллий мафкура ва тафаккуримизни фикрлаш, уни замонавий умумбашарий руҳ билан бойитиш ҳаммамизнинг долзарб вазифамиздир.

 

Мансуров Шокиржон
Наманган вилояти Учқўрғон тумани
“Саидхон эшон” жомеъ масжиди бош имом хатиби

[1]Шавкат Мирзиёевнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқи. 2017 йил 15 июнь

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …