Аллоҳ таоло бандаларини зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга чиқариш учун улкан фазлу марҳамат кўрсатиб, уларга муқаддас ислом динини туҳфа қилди. У зот буни Қуръони каримда қуйидагича баён қилган:
“У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган Зотдир” (Тавба сураси, 33-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Дин насиҳатдир”, деган бўлсалар, бошқасида “Дин мурувватдир”, деганлар. Бундан ислом эзгулик ва тинчлик дини эканини англаш мумкин.
Ислом инсониятни доимо илм-маърифатга ундаб келган. Ким исломни тўғри англаб, унга холислик билан ёндашган бўлса, ҳаётда катта муваффақиятларга эришган. Буюк аллома ва мутафаккирларнинг кўпчилиги мусулмонлардан экани ҳеч кимга сир эмас.
Бу муқаддас динда инсонларнинг оилавий аҳволини яхшилашга ҳам катта аҳамият қаратилган. Айниқса, фарзанд тарбияси, қиз фарзандни ўғил фарзанддан кам кўрмаслик масалаларига алоҳида эътибор берилган.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким икки қизни вояга етгунича тарбия қилса, мен ва у жаннатда мана бундай кирамиз”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилдилар”.
Мазкур ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита қизни тарбиялаб, вояга етказган киши у зот билан жаннатда қўшни бўлишини очиқ баён қилмоқдалар.
Исломдан аввал одамлар қиз фарзанддан ор қилар, ҳатто, уларни тириклайин кўмиш одат тусига айланиб қолган эди. Аллоҳ таоло жамиятдаги бу иллатни ислом билан муолажа қилди. У Зот Ўз Пайғамбари орқали қизни ҳам ўғилдек, балки ундан ҳам кўпроқ яхши кўриш кераклиги тўғрисида таълим берди. Мазкур ҳадисда айтилганидек, ўғил фарзанд билан етиб бўлмайдиган даражаларга қиз фарзанд орқали эришиш мумкин.
Исломда ота-она ва қариндошлар билан бўладиган муносабатлар ҳам аниқ белгилаб берилган. Шунинг учун мусулмон киши ота-онасига доимо ғамхўрлик қилади. Ўз роҳатини ўйлаб, уларни қариялар уйига ташлаб кетмайди. Бу исломнинг одамзод ўйлаб топмагани ва у Аллоҳ таолонинг инсониятга туҳфа қилган дастури эканини кўрсатади. Одамлар ўйлаб топган динларда эзгуликлар бундай тизимли йўлга қўйилмаган бўлади. Уларда жуда кўп ғайри инсоний жиҳатлар мавжуд. Мушриклар жорий қилган қиз фарзандни тириклайин кўмиш одати бунга очиқ мисолдир.
Интернет ривожланиб бораётган ҳозирги замонда баъзи кимсалар ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида исломни ёмон кўрсатишга уринмоқда. Улар бу муқаддас диндан камчилик топишга ҳаракат қилади. Лекин бу диннинг ҳимоячиси қодир Аллоҳ эканини унутиб қўймоқда. Улар гўё Ўз яратувчисини инкор қилиб, исломга зарба бермоқчи бўлади. Бундай бузғунчи тоифалар Аллоҳ таоло Қуръонда: “Улар Аллоҳнинг нурини (динини) оғизлари билан ўчирмоқчи бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ фақатгина Ўз нурини (динини) мукаммал қилишни хоҳлайди. Гарчи, кофирлар буни ёқтирмаса ҳам” (Тавба сураси, 32-оят), деганидан бехабар.