Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФНИНГ МАЪНАВИЙ БОЙЛИГИ (Мавлоно Ориф Деггароний фаолияти мисолида)

ТАСАВВУФНИНГ МАЪНАВИЙ БОЙЛИГИ (Мавлоно Ориф Деггароний фаолияти мисолида)

Ўрта Осиё халқлари маънавий ҳаётида Ислом дини беқиёс аҳамиятга эга. Ўрта асрлар исломгача бўлган даврларда юртимиз аҳолиси буддавийлик, насронийлик ва асосан оташпарастлик динига эътиқод қилган. Бизга маълумки, дин эътиқод масалалари шаклан қабул ифодаси билан у ёки бу динга мансублигини ифодаламайди. Уни қалбан қабул қилиши ва фитратан таслим бўлгани билан диний мансублигига қараб инсоннинг чин эътиқоди ҳақида хулоса қилинади. Мусулмон дунёсида «Ўрта Осиё ислом маданиятининг бешиги» деган ибора учрайди. Нима учун?. Ислом дини араб саҳроларида вужудга келган бўлса-да, унинг юксалиши, тараққий этиши ва тарғиботи маркази Осиёдан туриб амалга оширилди. Миллий маънавиятимизнинг фундаментал асослари ушбу дин таъсири остида ривож топди. Юртимиз тасаввуфнинг буюк алломалари ва авлиёларини етиштириб берган юрт сифатида танилган. Имом Бухорий ўзининг саҳиҳ ҳадислари билан, Аҳмад Яссавий (1093-1166), Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389), Нажмиддин Кубро (1145-1221) ўзининг тасаввуф тариқатлари билан исломни етук даражага олиб чиқди.

Бугунги кунга қадар ушбу мавзуда кўплаб ўрганишлар амалга оширилди. Абдурауф Фитрат тадқиқотларига мурожаат қилинганда у: «Ўрта Осиё тасаввуфининг кубровия, яссавия, нақшбандия ва қаландария каби кўп оқимлари ўринлашғон. Буларнинг ҳаммаси ҳақида тафсилот бериш ҳозир менинг учун мумкин эмас» [3:38], деган. Буни Фитратнинг ўша вақтларда собиқ Шўролар ҳукумати томонидан таъқиб остига олингани билан изоҳлаш мумкин.

Қуйи Зарафшон воҳаси тасаввуф алломалари фаолияти ва маънавий меросини ўрганишда айрим ўлкашуносларнинг ҳам тадқиқотлари таҳлил қилинди. Хусусан, А.Ҳотамов, [4:152] Ш.Ҳалилов, Н.Бекниёзов [5] ва С.Мустафоевнинг [9:48] рисолаларида тасаввуф шайхларининг маънавий-руҳий, ижтимоий-сиёсий фаолияти, ҳаёти ва ижоди кенгроқ очиб беришга ҳаракат қилинган. Шундай бўлса-да, ушбу тадқиқотлар кўпроқ бадиий публицистик характерга эга экани билан тавсифланади.

Э.Рустамов, М.А.Усмонов [12:23] эса юқоридаги тадқиқотлардан фарқли равишда тасаввуф таълимотининг яссавия тариқатини ижтимоий-тарихий негизлари, унинг ахлоқий-тарбиявий жиҳатлари, Ўрта Осиё халқлари маданиятининг ривожланишига таъсири масалаларини фалсафий таҳлил қилган. Юқорида келтирилган тадқиқотлар асосан филологик йўналишда бўлиб, уларда ислом маданияти, яссавия таълимотининг ижтимоий, тарихий ва кўпроқ бадиий аҳамияти кўрсатиб берилган.

Хорижий тадқиқотлар таҳлил қилинганда инглиз шарқшуноси Ж.С.Трименгемнинг « The sufi orders in islam » номли китобини келтириб ўтиш мумкин. Унда муаллиф сўфийлик жамоалари, тариқатлар ва баъзи тасаввуф алломалари фаолиятини шарҳлашга ҳаракат қилади [8:359]. Унинг тадқиқотларида сўфийликни пайдо бўлишидан тортиб, Марказий Осиёда кенг тарқалишигача бўлган жараёнлар ёритилади.

В.В.Бартолд ҳам XV аср охири XVI асрда Марказий Осиёда юз берган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жараёнларни манбалар асосида ёритган. У Б.Аҳмедовдан фарқли равишда Ўрта аср тасаввуф шайхларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тутган ўрнини очиб беришга ҳаракат қилган [2:560].

Ушбу мавзунинг асосий адабиётлари сирасига Садриддин Салим Бухорий ва Нигора Сафарованинг ҳам Карманалик «Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний» ҳаётига бағишланган бир қатор рисолаларини киритиш мумкин. Аммо ушбу рисолаларда Ориф Деггароний ҳаёти, фаолияти, тарихий даврийлиги, географик жой номлари ва унинг жойлашувига кўпроқ урғу берилган.

Қолаверса, тасаввуф таълимотининг пайдо бўлиши, кенг тарқалиши, моҳияти ва ижтимоий ҳаётга таъсири хусусида Э.Каримов, Н.Комилов, Б.Дўстқораев, И.Ҳаққулов, Б.Валихўжаев, Б.Ўринбоев, К.Каттаев, А.Ҳотамов, Ш.Халилов, Ҳамиджон Ҳомидий, Ориф Усмон, Нодирхон Ҳасаний, Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ, А.Нуриддинов, А.Абдуллаев, Садриддин Салим Бухорий, Э.Зоиров, Г.Наврўзова каби олимларнинг асарларида ўз аксини топган. С.Иноятов, [7: 192, 140] Ҳ.Тураев, М.Саидов, О.Ҳайитова, А.Кандахаров [11:140] каби олимларнинг тадқиқотларида эса XVI асрда Бухоро хонлигида муҳим мавқега эга бўлган Кармананинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётига оид айрим маълумотлар келтирилган. Ушбу маълумотларда XVI асрда фаолият юритган айрим тасаввуф вакилларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётга таъсири кўрсатиб ўтилган. Шундай бўлса-да, юқоридаги манбалар таҳлилидан шу нарса аён бўладики, уларда карманалик шайхлар шахсининг маънавий тарбиявий жиҳатларига алоҳида тўхтаб ўтилмаган.

Мақсадимиз тасаввуф алломалари меросини таҳлили ўлароқ уларнинг маънавий тарбия борасидаги қарашларини ёш авлод учун фундамэнтал ахлоқ намуналари сифатида таништириш. Зотан тарихдан сабоқ чиқармасдан туриб, келажакни бунёд этиб бўлмайди.

Шарқшунос, ислом, марказий евроосиёшунослик ва дипломатия фанлари олими Элёр Каримов ҳам бу каби фикрларни ўзининг бир қатор чиқишларида таъкидлаб ўтади [5]. Исломнинг маънавий қиёфасини танитишда, унинг асл моҳиятини очиб беришда шарқ, хусусан, ўрта осиёлик кўплаб тасаввуф сўфийларининг тарғиботи муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Тасаввуф дарғаларидан Хожа Юсуф Ҳамадоний комилу мукаммал зот бўлса-да, камтарона ҳаёт кечирган. У киши мактаб очиб, бу мактабда ҳаёти давомида дарсларидаги тарғиботи натижасида 8 минг будпарастни мусулмон қилгани айтилади [17:22]. Бу ишлар натижаси ўлароқ шогирдлар тайёрлаган, улар ҳам ўз навбатида, устозидан олган билимини ҳаёти давомида ислом динининг кенг ёйилишига сарфлаган. Худди шундай сўфий ва маънавий тарбия устозларидан Кармана фарзандларидан Мавлоно Ориф Деггароний (1313-1375), Шайх Худойдод Вали (1461-1532), Қосим Шайх Азизон (1500-1578)ни мисол келтириш мумкин. Ислом дини тарғиботи давомида унинг маънавий қиёфасини яратган бундай буюк зотлар нафақат ўз замонасига, балки келажак авлод учун ҳам буюк мерос қолдирган.

Амир Саййид Кулол топшириғига кўра, Баҳоуддин Нақшбандга пирлик қилган Мавлоно Ориф Деггароний ҳазратлари умрининг асосий қисмини сўфий ғоялари тарғиботи ва маънавий тарбия масалаларига бағишлади. Мавлоно Ориф Деггароний (1313-1375) ҳозирги Навоий вилояти, Кармана тумани Деггарон қишлоғида, ҳозирги Ҳазора ҳудудида таваллуд топган. «Деггарон» сўзи икки қисмдан иборат бўлиб, «Дег» қозон, «гарон» оғир, вазмин деган маъноларни англатади. Яъни оғир ва вазмин қозон, қозон ясовчи ҳунармандлар истиқомат қилган жой деган маънони билдиради. Мавлоно Ориф Деггаронийнинг таржимаи ҳоли хусусида ишончли манбалар қаторида Фахриддин Али бин Ҳусайн Воиз Кошифийнинг (1463-1532) «Рашаҳоту айнул ҳаёт» асари бўлиб, унда асосан тариқат пешволари, авлиё ва пирларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Мавлоно Ориф Деггароний ёшлигида Баҳоуддин Қишлоқийнинг ёнида ҳадис, зоҳирий ва ботиний илмларни ўрганиш билан камол топади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Мавлоно Ориф Деггароний бу илмларни ёшликдан Баҳоуддин Нақшбанд билан бирга ўрганади. Сўнгра Амир Сайид Кулолдан тариқат сабоқларини олади. Деггароний тасаввуфнинг жаҳрий зикрдан кўра хуфя зикрга хайрихоҳ эди. Деггаронийнинг бу қарашлари мисоли Баҳоуддин Нақшбанднинг «Дил ба ёру, даст ба кор» «кўнгил худода бўлсину, қўл иш билан банд бўлсин» шиори билан йўғрилган эди. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд йэтти йил Мавлоно Ориф Деггароний қўл остида таълим олади. Гарчи улар орасидаги ёшнинг фарқи 5-6 ёш бўлсада, Нақшбанд ҳам ўз навбатида, Деггаронийни маънавий пири сифатида кўрган, дўстлик ва устоз-шогирд муносабатлари билан бирга, бир-бирига ҳурмати жуда юқори бўлган.

Кўп вақтлар Мавлоно Ориф билан бирга Работи Малик қурилишида устоз- шогирд бирга меҳнат қилди. Шунингдек, кўплаб манбаларда икки дўст, устоз-шогирд умри давомида икки маротаба ҳаж амалини бажаргани ва ҳар иккала сафарга ҳам бирга боргани маълум.

«Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд айтардилар: «Мен хуфёна зикр билан машғул бўлганимда ногоҳ сирларга дуч келдим. Бу сирнинг моҳиятини тушунмоқ учун талаб водийсига қадам урдим. Мавлоно Ориф билан ўттиз йил бирга қидирдик. Мен икки бор Ҳижоз (яъни ҳаж) сафарида бўлдим, барча гўшаларни кездим. Киши бормикин, ўзи тиззама-тизза ўтирса-ю, осмонларни сайр этса, зоҳири ерда, ботини осмонда бўлса?!» [13:6-14]. Ушбу парчадан шундай таассурот олиш мумкинки, икки танада яшаётган бир руҳ, ҳақиқий руҳий камолотни етукликка интилишлар ифодасига қиёс қилса бўлади. Шунингдек, бу икки тариқат пешвосининг ўттиз йил давомидаги излаган ҳақиқати инсониятни Ҳаққа элтувчи тариқат йўлини қарор топтирган бўлса ажаб эмас. Ажиб ва ғаройиб воқеалар уларнинг бошидан ўтар эди. Бу каби маълумотлар улар нафақат тариқат борасида, қолаверса, ҳаётий қарашлар доирасида ҳам ҳамфикр бўлганини билдиради. Баҳоуддин Нақшбанд Мавлоно Ориф Деггаронийнинг ҳурмати учун мулозамат ва хизматни давом эттирган. Шу етти йил давомида ариқ лабига таҳорат учун борса-да, Мавлонодан юқорида таҳорат олмас эди. Йўлда кетаётганларида унинг қадамлари изи устига оёғини қўймас эди» [1:49–50].

Чунки «Амир Саййид Кулол (Амир Саййид Кулол (XIII аср охири-1370 йиллар) Мавлоно Ориф Деггароний ва Баҳоуддин Нақшбанднинг маънавий пири, устози) айтган эди: «Менинг ёронларим орасида мана шу икки киши, яъни Хожа Баҳоуддин ва Мавлоно Ориф Деггаронийга ўхшаган ҳеч ким йўқ. Булар ҳаммадан ўзиб кетдилар»…. Хожамиз «Илм ўрганинг, агар у Чинда бўлса ҳам», деган ҳадисга амал қилиб, Амир Саййид Кулол тарбиясидан сўнг, яна етти йил Мавлоно Ориф Деггаронийнинг хизмати ва мулозаматида бўлдилар». Бу ҳақда тасаввуфшунос таржимон Садриддин Салим Бухорий (1946-2010) ўзининг «Икки юз етмиш етти пир» китобида: «Мақомати шоҳи Нақшбанд»да ёзилишича, – деб таъкидлайди, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд, ҳазрат Саййид Мир Кулолдан ижозат олгандан сўнг, етти йил ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний хизматида бўлади». Манбадаги Баҳоуддин Нақшбанд Амир Кулолдан 7 йил таълим олган деган маълумотга асослансак, 1347 йилдан 1354 йилгача Баҳоуддин Амир Кулолдан илм олган. 1354 йилдан яна 7 йил то 1360 йилгача Ориф Деггароний хизматида бўлган ва Қусам Шайхдан илм олиб 1361 йилдан ўзи мустақил тариқатни ташкил эта бошлаган [6:12].

Бу каби сўфийларимизнинг дўстлик ва устоз-шогирд муносабатлари бугунги илм талабидаги авлодга устозга ҳурмат борасида намуна бўла олади. Қолаверса, тасаввуф таълимотида устоз ризолигига илоҳий қувват манбаи сифатида қаралади. Тасаввуф сўфийларнинг ҳаёт йўли маҳаллий халқлар маданиятига айланиб борди. Уларнинг тарғиботи маънавий ҳаётни қайтадан жонлантириб, исломлаштиришда катта роль ўйнади. Мавлоно Ориф Деггароний ҳам ўз навбатида, етук ўринбосарларни тайёрлайди. Улардан Али Сафий Мавлоно, Амир Ашраф ва Амир Ихтиёриддинларни кўрсатиш мумкин. Бу ҳақда Муҳаммад Тоҳир Эшон «Тазкираи Нақшбандия» асарида бундай дейди. «Ҳазрат Амир Ашраф Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг баёнидур. Ул муқтадоий аъраф (билимдонроқ) ва раҳнамои ахлаф, яъни ҳазрати Шайх Амир Ашрафдур. Айтурларким, ул соҳиби шараф Мавлоно Орифнинг халифаи аввалидур. Байт:

Баъди Ориф бидон Амир Ашраф,

Бешаку бегумон бишуд ашраф.

Мазмуни:

Ориф Деггаронийдан сўнг Амир Ашраф,

Шак ва шубҳасиз ашраф зотлардан бўлди.

Чунончи, «Ҳазрати Мавлоно Орифнинг рихлатидан сўнгра ул азизнинг ўрнида қойим мақом бўлиб, толибларни Худо азза ва жалланинг йўлиға киргизди ва ул бобда бақадри имкон саъйин тамом кўргузуб, одамларни рост тарийқға солди» [17:42].

«Мавлоно Ориф Деггаронийнинг шахсий сифатларидан, ул зот авлиёлик даражасини учта хислатлар камолотида кўради.

  1. Баланд даражага етганда ҳам камтарлик қилмоқ.
  2. Қудрати ва сабр-тоқати етгунича парҳезкорлик қилмоқ.
  3. То кучи етгунига қадар инсоф қилмоқликдир» [14:7].

Тасаввуфда устоз-шогирд, халифалик анʼаналари билан силсилалараро тасаввуф таълимотининг тарғиботини олиб борди. Тасаввуф таълимотида шундай гап бор: «Ҳар ким бу йўлни ирода қилса ва тариқат ҳирқасини кийишни хоҳласа, уни пирнинг қўлидан кийсин». Тасаввуфни устозсиз англаб бўлмаслиги – бу таълимотнинг бош қоидаларидан. Худди шундай, манбаларда Мавлоно Баҳоуддин ҳам дўст, ҳам устоз сифатида Деггаронийдан ҳадис ўргангани ёзилган. Нақшбандия таълимотининг маънавий мазмунининг бойишида устози Мавлоно Ориф Деггаронийнинг ҳам қарашлари ўз аксини топиб боради. Хулоса қилганда, тасаввуф таълимотида инсон ўзи мустақил қанчалик кўп ўрганиши, изланиши билан бу илмни тўлиқ эгаллаб бўлмаслиги, албатта, устознинг зарурлиги хусусида хулоса беради. Айни бу хусусиятлар ислом оламида устоз-шогирд силсиласи муқаддас динимиз тарғиботи йўлида хизмат қилишига олиб келди. Шунингдек, тақво йўлида нотўғри хулосалардан узоқда бўлишига, ислом динининг маънавий қиёфасини сақлаган ҳолда асрлар давомида ўзининг муносиб ҳимоя вазифасини бажаришга имкон берди.

Қуйи Зарафшон воҳаси тасаввуф таълимотида Мавлоно Ориф Деггароний ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг ўрни ва аҳамияти катта. Бу икки устоз-­шогирд, икки дўст бирга ўқиди, бир устоздан таълим олди, бир ижтимоий замонда фаолият юритди. Мовароуннаҳрнинг Қуйи Зарафшон ҳудудида умргузаронлик қилди ва турлича кишилик жамиятларининг гувоҳи бўлди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний буюк валий, улкан аллома, атоқли тарбиячи бўлиб, Хожагон­-Нақшбандия тариқати ривожига муҳим ҳисса қўшган зот эди. Хожагон тариқати Марказий Осиёдаги диний-тасаввуфий оқимлардан бирининг номи бўлиб, бу оқим турли вақтларда XII-XV аср охирларигача турли даражадаги сўфийлар жамоаси ҳисобланган. Унинг асосчиси аслида Абдухолиқ Ғиждувоний бўлиб, у кишидан то Баҳоуддин Нақшбандгача мерос сифатида ўтиб келган. Баҳоуддин Нақшбанд яшаган даврда ҳам тариқат Хожагон деб аталган, у кишининг вафотидан кейин тариқат Нақшбандия деб номланган. Демак, Нақшбандия тариқати ўз ғоявий келиб чиқиши жиҳатидан Хожагон тариқатига бориб тақалади. Файласуф олима Н.Сафарованинг тадқиқотларида келтирилишича, Хожагон-Нақшбандийлик ягона силсила сифатида вужудга келди, чунки Баҳоуддин Нақшбанд Абдухолиқ Ғиждувонийнинг тасаввуфий қарашларини чуқур ўзлаштирди. Хожагон таълимотининг Нақшбандия тариқати учун аҳамияти қуйидагиларда кўринади: инсон камолоти учун зарурий бўлган қалбни поклаш воситаларидан бири зикри хуфияни ўргатди. Нақшбандийлик тасаввуфнинг бошқа оқимлари, айниқса, жаҳрия, яъни баланд овоз билан зикр қилиш ёки самў– мусиқа куйлари остида зикр айтиш усулларини қўллаган яссавийлик ва бошқалардан хуфия зикри билан фарқ қилади [15:132]. Хожагон ва Нақшбандия тариқатларининг силсилавий боғланиши, маънавий бирлиги, уларнинг Марказий Осиё халқлари орасида кенг тарқалиши ва мустаҳкамланишида Мавлоно Ориф Деггаронийнинг ўрни беқиёс бўлган.

Мавлоно Ориф ўз шогирдларига Ҳақ йўлидан бориб, Ҳаққа етишиш лозимлигини англаб туришни буюрган. Мавлоно Ориф Деггароний ва Баҳоуддин Нақшбанднинг дунёқараши ботинан Худо билан, зоҳиран одамлар билан бўлиш кераклигига асосланган. Уларнинг ақидасига кўра, «Дил ба ёру даст ба кор», яъни қалб Аллоҳ билан, қўл эса меҳнатдан ажралмаслиги керак эди. Зотан, меҳнат ­ва машаққатсиз истеъмол қилинган ризқ ва нарса ҳаромдир. Ушбу нақлларни Мавлоно Ориф ҳар бир машваратда, шогирдлар ва муридлар даврасида такрорлаб турган. Нақшбандия тариқатида ақл кўз қорачиғига файз бағишлашини унутмасликка ва комиллик сифат ­фазилатларини эгаллашга даъват этилади.

Мавлоно Ориф Деггароний ҳам тасаввуф йўлида юксак мақомга эришди ва уларнинг хулқу одоби ҳаммага намуна, ҳикматлари эса бугунги ёшларга ибратдир. Тасаввуф таълимотининг икки улуғ намояндаси – Мавлоно Ориф Деггароний ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ўз даври учун зарур бўлган улкан маънавий мерос қолдирди. Бу мерос ҳозирги кунга қадар инсонлар қалбини ёритиб келмоқда.

Манбалардаги нақллар билан танишар эканмиз, Мавлоно Ориф Деггаронийнинг юксак маънавий хислат соҳиби экани, адолат, инсоф, диёнат тарафдори бўлгани, шуҳратпарастлик, манманликни қоралаганининг гувоҳи бўламиз. Айтар эдиларки, «Таом истеъмол қилаётган пайтда ҳар бир аъзо бир иш билан банд бўлур. Дил ҳам бу пайтда зикр билан машғул бўлур. Лекин бу вақтда дил «Аллоҳ» ёки «Ла илаҳа иллаллоҳ» зикрини эмас, балки дастурхондаги неъматни берувчи Аллоҳ таолони мушоҳада этур. Дил сабабдан мусаббибга келур. Аллоҳнинг Раззоқлигини мушоҳада этур. Мана шу ҳолат зикр ҳисобланади. Шундайлар ҳам борки, ўнг қўли билан таом ейди, чап қўли билан тасбеҳ ўгиради. Бу иш манманлик, кибр, шуҳратпарастлик, фирибгарлик ҳисобланади». Ориф Деггароний инсон таом тановул қилар экан, берган ризқи учун Аллоҳга шукрона айтишга чақиради. У киши инсонларни ҳалол меҳнат билан ризқ топишга ундаган ва ўзи ҳам зироатчилик билан шуғулланган.

Баҳоуддин Нақшбанд Амир Кулолдан кейин етти йил унинг тўртинчи халифаси бўлган Мавлоно Ориф Деггаронийнинг хизмати ва мулозаматида бўлди. Бу мулозаматда хилма-хил риёзату жидду жаҳдни ўз бўйнига олди. Кўп вақтлар Мавлоно Ориф билан бирга Работи Малик қурилишида мардикорлик қилдилар [10:70].

Мавлоно Ориф Деггаронийнинг қуйидаги ҳикматлари «Рашаҳот» китобида берилган: «Мавлоно Ориф менга айтдилар: «Агар юкимни кўтарсин десанг, юкингни кўтаргувчи дўст топмоқ ҳаётда душвордир. Ва агар юкини кўтаришни истасанг, бутун жаҳондагилар сенга дўст бўлғай».

Хўш, Мавлоно Ориф «юк» деганда нимани назарда тутган? Бу қандай «юк»ки қашшоқ, бева­ бечора, мусибатли, дардманд кишиларга ҳамдардлик изҳор қилиш каби инсоний фазилатлардан тортиб, то элу юрт, халқ ва дин йўлида фидойи бўлмоқни англатади? Мавлоно бу билан сенда бировнинг дардига шерик бўлиш, ўзгаларнинг оғирини енгил этиш учун рағбат Аллоҳ йўлида холис хизмат қилиш фазилати бўлса, бутун бани башар сенга дўст бўлади, демоқчи. Бу дунёда банданинг бошига тушиши мумкин бўлган «юк» хилма ­хил бўлиб, жазм қилган жавонмард бошқа бировнинг «юк»ини кўтаришга қодир экан. Дарҳақиқат, касалга ҳамдардлик билдириб, уни бу «юк»дан қутқарса бўлади. Муҳтожга молу давлат берсанг, унинг «юк»и йэнгиллашади, муҳтожлик азобидан қутулади. Жон хатарда қолганда ҳам ҳақиқий мардлар ўзгалар учун жонини фидо қилиб, дўст ҳаётини сақлаб қолади. Лекин яна бир «юк» борки, уни банданинг бошидан кўтаришга ҳеч ким қодир эмас. Бу гуноҳкорлик «юк»и! Бу дунёда қилинган гуноҳлар «юк»и банданинг елкасида Қиёматгача туради. Тариқат пирлари, хусусан, Мавлоно Ориф Деггароний ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг издошлари бўлган. У зот ҳам ўзгалар «юк»ини кўтариб яшади. Одамларни тўғри йўлга бошлади, тариқату шариат ривожига муҳим ҳисса қўшди.

Хожагон тариқатининг йирик намояндаси бўлган Мавлонодек валийлар инсон қалбининг муҳаббат уруғи ҳисобланади. Ҳазрат Баҳоуддиннинг қуйидаги ҳикматларига эътибор берайлик: «Суҳбатимизга келганларни баъзиларининг қалбида муҳаббат уруғи бор, лекин у уруғнинг гуркираб ўсишига халақит берувчи хас­ хашаклар мавжуд (кибр, ҳасад, бахиллик, нифоқ, ғурур). Бизнинг вазифамиз уларнинг қалбини хасу хашакдан покизалашдир. Лекин баъзи суҳбатга келганлар қалбида муҳаббат уруғи умуман йўқ. Биз уларнинг қалбига муҳаббат уруғини сепамиз».

Нақл қиладиларки, ҳазрат Амир Кулол ўз асъҳоблари, жумладан, Мавлоно Ориф Деггароний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқалар билан бирга Бухородаги жомеъ масжиди томон бораётган эди. Бир кимса йўл ёқасидаги даласида ўз ғуломи билан бирга деҳқончилик қилаётган эди. Шунда ғулом ўз хожасидан сўради: «Бу ўтиб кетаётганлар ким?» Хожа деди: «Булар нарзхўрлардур!». Бу гапдан воқиф бўлган ҳазрат Амир Кулол муридларига дедилар: «Эй ёронлар! Бизнинг улуғ хожамиз ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний алайҳир раҳма айтар эдиларки, кимки дарвешларга ҳақорат назари билан қараса, то гаргин (оғир тери касаллиги) дардига чалинмагунча дунёдан ўтмас». Асъҳоблар бу гапдан ғоят мутассир бўлди. Ҳазрат Амир Кулол барча муридлари, жумладан, Мавлоно Ориф Деггароний ва Баҳоуддин Нақшбандга қарата қуйидаги насиҳатни айтдилар: «Эй ёронлар! Ихлос этинг – халос бўласиз, Аллоҳ ғазабидан қўрқинг – нажот топасиз. Ва яна билингки, барча тоатнинг тагида тавба туради. Ва тавба улдурки, қилган гуноҳингиз учун дилдан пушаймон бўлмоқ ва қайта бу гуноҳни такрорламасликка аҳд қилмоқдир. Ва яна касб-ҳунар билан тирикчилигингизни ўтказиб, ҳалол касб орқали рўзғорингизга етгулик миқдорида лофу исроф даражасига етказмасдан ризқ-рўз топишга ҳаракат қилмоғингиз лозим. Ва шул жамғармангиздан камбағалларга нафақа берингки, бунда ҳам исрофгарчилик ёҳуд бахиллик этманг. Ўрта йўлни тутинг» [16:21].

Бу сўзлардан шуни англаш мумкинки, тасаввуф тариқати вакиллари жамиятда ҳалоллик ва инсоф, исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва садақа бериш борасида намуна бўлишга ҳаракат қилган. Шунингдек, атрофдагиларни ҳам шунга даъват қилиб, маънавий-руҳий покликни тарғиб этган. Бу эса ўз даврида ва бугунги кунда ҳам инсонларни маънавий комил инсон сифатида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Ориф Деггароний ва унинг сафдоши Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Мовароуннаҳр ижтимоий-маънавий муҳитини яхшилашга катта ҳисса қўшган зотлардир. Улар тасаввуф таълимотини шариат илми билан уйғунлаштирган. Деггароний оддий меҳнаткаш инсонлар ҳаётида шарқона тавозе билан ишлашни тарғиб қилган ва бу орқали тасаввуф фалсафаси юксалишига ҳисса қўшган. Мавлоно Ориф Деггароний инсонларнинг руҳий камолотини юксак даражага кўтаришга ва ҳалол меҳнат орқали ризқ топишга ундаган. У зироатчилик билан шуғулланган ва одамларни Аллоҳга шукрона айтишга чақирган. Ориф Деггароний шахсий камолотга эришиш йўлида билимни улуғлаган ва уни энг юксак маънавий хазина деб билган. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абул Муҳсин Боқир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Балогардон. – Т.: Ёзувчи,
  2. Бартольд В.В. Сочинения. Работы по отдельным проблемам истории Средней Азии. Част II. –Москва: Наука, 1964.
  3. Фитрат. Аҳмад Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар. Танланган асарлар. – II жилд. Илмий асарлар. – Т.: Маънавият, 2000.
  4. Ҳотамов А., Бекниёзов Н. Кармана қадимий диёр. – Т.: Ўзбекистон, 2007.
  5. https://www.uzanalytics.com/tarix/10360/
  6. Ҳайдархўжа Й. Баҳоуддин Нақшбанд. – Т.: Сано-стандарт, 2019.
  7. Иноятов С., Ҳайитова О. Кармана тарих кўзгусида. – Т.: Шарқ, 2006; Кармана шаҳрининг Бухоро хонлиги ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётида тутган ўрни. Тарих фан. ном. дисс…. – Т., 2003.
  8. Spencer Trimingham. The sufi orders in islam. Oxford at the Clarendon press. 1971.
  9. Мустафоев С. Кармана азизлари. – Т.: Муҳаррир, 2010; Унинг ўзи: Қосим Шайх Азизон. – Т.: Сано-стандарт, 2013.
  10. Наврўзова Г. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси. – Т.: Фан, 2012.
  11. Қанахаров А. Кармана шаҳрининг Бухоро хонлиги ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётида тутган ўрни. Тарих фан. ном. дисс…. – Т., 2003.
  12. Рустамов Э. Яссавий ҳикматларида тарих ва ҳаёт садоси // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т., 1972, №4-5; Усмонов М.А. Основние этапи эволюции ислама // автореф. Дисс….д.филос.н. – М., 1978.
  13. Садриддин С.Б, Азимов С. Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний. – Бухоро: Бухоро нашриёти,
  14. Хожа Ориф Деггароний. Орифнома. – Т.: Наврўз, 1994.
  15. Сафарова Н. Хожагон тасаввуфий таълимотида маънавий-ахлоқий қадриятлар масаласи. Диссертация, фал.фан.номзоди. –Т., 2002.
  16. Садриддин Салим Бухорий. Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний. – Бухоро., 2008.
  17. Ҳамидхон Исломий., Маҳмудхон Ҳасаний. Мавлоно Ориф Деггароний. –Т.: «Фалсафа ва ҳуқуқ» нашриёти, 2007.
САРДОР ҚУВОНОВ,
Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси

Check Also

МАНБАЛАР АСОСИДА «БАСМАЛА»НИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Юртимизда илм-маърифатга берилаётган эътибор туфайли неча асрлар давомида кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётган қадимий қўлёзма манбаларни …