Юртимизда илм-маърифатга берилаётган эътибор туфайли неча асрлар давомида кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётган қадимий қўлёзма манбаларни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва жамоатчиликка етказиш имконияти кенгайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугунги куннинг энг долзарб вазифаси сифатида сўзлаб: «Тарихимиз, маданиятимиз, динимизга алоқадор бўлган бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизга таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб қилиб тарбиялаш», дея таъкидладилар [1-120].
Ислом динининг бир жабҳаси ҳисобланган тасаввуф илми мусулмон мамлакатларининг ижтимоий ва маънавий ҳаётига чуқур кириб бориб, фан, маданият ва адабиёт ривожига ижобий таъсир кўрсатди. XI асрдан бошлаб Шарқнинг деярли барча нуфузли шоир ва ёзувчилари, мутафаккир олимлари тасаввуфдан озиқланиб, унинг инсонпарварлик ва ҳақсеварлик ғояларидан руҳланиб, ижод қилишган. Шуни назарда тутган рус олими Е.Э.Бертелс тасаввуфга шундай таъриф беради: «Тасаввуф адабиётини ўрганмасдан туриб, ўрта асрлар мусулмон Шарқи маданий ҳаёти ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин эмас. Бу адабиётдан хабардор бўлмасдан Шарқнинг ўзини ҳам англаш қийин» [2:54]. Басмала мавзуси тасаввуф адабиётида муҳим йўналиш сифатида қадрланиб, манбаларда қайд этилган.
Басмала аслида «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»нинг қисқартирилган шаклидир. Бу исломий ибора сифатида ислом динининг асосий белгиси ва мусулмон жамиятининг бир бўлагидир. У «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан», деган маънони англатади. Википедияда яҳудийларнинг муқаддас китоби ҳисобланадиган қадимги Тавротда Басмала ва шунга ўхшаш иборалар ибодат вақтида, яъни намознинг бошида «Рабби номи билан» деб қўлланилган. Эътиборли томони, мусулмонларнинг «Аллоҳ ар-Роҳман ар-Роҳим» иборасига ўхшаш ёзув ҳам учрагани қайд этилган. Бошқа манбаларда эса ислом дини таъсири остида XI асрда Мисрда (Қоҳира Гениза) яҳудийларнинг литургик ўрамларида қисқартирилган Басмала шакли «Раҳмдил номи билан» айтилгани аниқланган.
Ислом дини дунёга кенг тарқала бошлагандан бери мазкур ибора исломий шиорга айланди. Ҳозирги кунда ислом давлатларида расмий ҳужжатлар, мактублар, шартномалар, мурожаатлар, васиятномалар айни шу жумлалар билан бошланиши бунга далилдир.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, юртимиз алломалари томонидан ёзилган манбаларда Басмала асар муқаддима қисмининг бошланғич калимаси бўлган. Ҳозирги кунгача манбашунос олимлар асарнинг муқаддимасини уч қисмга – Басмала, ҳамд ва наътга бўлиб, қўлёзмаларни тадқиқ қилиб келмоқдалар [3:98]. Мисол учун Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган манбаларнинг ёзилган давридан, мавзусидан, соҳасидан қатъи назар барчасида сўз боши сифатида Басмала ёзилган. Бу шуни кўрсатадики, ислом динига оид манбалар Басмала билан бошлангани ба бу ибора ислом таълимотида жуда катта аҳамиятга эга эканига гувоҳлик беради.
Басмаладан ҳар бир даврнинг машҳур бўлган давлат арбоблари, шоирлари, мусаввирлари, хаттотлари, котиблари ўз асарлари ёки хатларида кенг фойдаланган. Шунингдек, маданий мерослардан ташқари меъморий ёдгорликларда ҳам безак сифатида исломий қадриятларни ифодалаган Басмала ёзуви масжид ва мадрасаларнинг устун ва пештоқларида ҳам акс этган.
Ислом уламолари таъкидлашича, ислом манбаларининг катта қисмини тасаввуфий адабиётлар ташкил этади. Тасаввуфнинг асосий мақсади зоҳидлик ва тақво орқали қалбни тиклаш, яъни руҳий қувватни ошириш, дунёвий машғулотлар ва ёмон ҳис-туйғулардан поклаш, ботиний гуноҳларни ташлаб, қалбга фақат Аллоҳ бўлган муҳаббатни жойлаш ва Унинг розилиги учун яшашликдир. Бу таълимотлар тасаввуфий адабиётнинг асосий мезони ҳисобланади. Шу сабабли тасаввуф аҳли ўз йўлига эга бўлган ва Қуръони карим ва ҳадисларга тасаввуфнинг асл илдизи, асосий манбалари, деб қарашган.
«Тасмия» ибораси ҳам Басмала каби ислом манбаларида кенг қўлланилган. Тасмиянинг асоси «اسم» сўзидан олинган бўлиб, у «аталган, номланган», деган маъноларни англатади.
Басмаланинг асоси араб тили бўлгани боис, бу иборани чуқурроқ ўрганишда шу тилнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда калималарни таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир.
Дастлаб, Басмаланинг тўлиқ шакли بسم الله الرحمان الرحيم ни тилшунослик нуқтайи назаридан таҳлил қилсак:
«بِ»- Басмала би ҳарфи билан бошланиб, у кўмакчи ҳисобланади, қоидага кўра кейинги сўзга қўшилиб ёзилади. У мустақил маънога эга эмас. У сўзларни бир-бирига боғлаш учун қўлланилади ва ўзбек тилига «билан», деб таржима қилинади.
«اسم»– Иккинчи калима, мустақил маънога эга бўлган сўз бўлиб, у гапда «исм, ном, от», деган маъноларни англатади. Грамматик қоидаларга асосан اسم+ب га қўшилиши оқибатида ا «алиф», яъни калиманинг ўзагида бўлмаган алиф тушиб қолгани сабабли بسم кўриниши ҳосил бўлади.
«ألله»– Аллоҳ исми бўлиб, «Ягона ибодат қилинувчи илоҳ исми», деган маънони ифодалайди. Баъзи уламоларнинг фикрига кўра у Исми Аъзамдир. Қоида асосида بسم дан кейин келгани учун изофа орқали бириккан, натижада بسم الله деб ёзилган, маъноси «Аллоҳнинг исми билан», деб таржима қилинади.
«الرحمان» — Роҳман исми сифат вазифасида келган бўлиб, «Жуда марҳаматли, саноқсиз ва улуғ неъматлар ато этувчи, мўмину кофирларни, бутун махлуқотни бу дунёда неъматлантирувчи, бутун борлиққа шафқат ва раҳмат қилувчи», маъноларига эгадир.
«الرحيم»- Роҳим исми ҳам шундай вазифададир, «Раҳмати, шафқати, марҳамати устун бўлган, охиратда эса фақат мўминларга раҳмати ва неъматларини эҳсон қиладиган зотдир», дея уламолар томонидан таъриф берилади[4:3].
الرحمان الرحيم – Иккита исм жамланган ҳолда келганда маънолар таъкид ва кучайтирилган даражада: «Беҳад меҳрибон ва бениҳоя раҳмли», деган маъноларни ифодалайди. Ислом уламолари томонидан усҳбу исмлар Аллоҳнинг 99 та исмларидан, дея таъкидлашади.
بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَانِ ٱلرَّحِيمِ — Юқоридаги маъноларни жамлаган ҳолда умумий маъноси «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан» ёки «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман», деб таржима қилинади.
Тасаввуф уламолари қарашида эса «Ишимни Раҳмон ва Раҳимли бўлган Аллоҳнинг номи билан бошлайман; Унинг амри ва истаги билан шу ишнинг бошидаман; Унинг амри ва қуввати туфайли бажараман; Шу ишни адо этишда барча куч-қудрат Аллоҳдандир; У менга қувват бермаса, бу ишни бажара олмайман», дея Басмалага таъриф беришади.
Тасаввуф аҳли Басмаланинг асл моҳиятини ва мазмунини изоҳлашда Қуръони карим ва ҳадислардаги иқтибослардан фойдаланмаган фикрни топа олмайсиз.
Ибн Аббоснинг қуйидаги сўзлари жуда ўринлидир: «Қуръоннинг ташқи ва ботиний томонлари бордир. У битмас-туганмас, унга етиб бўлмайди. Унга шўнғиган инсон фақат нажот топади. Қуръоннинг зоҳири тиловат, ботиний шарҳи эса тафсирдир. Уни тушуниш учун уламолар билан ёнма-ён ўтир ва аҳмоқлардан сақлан» [5:50].
Тафсир уламоларининг хизматлари шу ўринда бениҳоя қадрлидир. Чунки Қуръони каримни тўғри англаш ва унинг мазмун-моҳиятини тушунишда тафсирлар асосий манба ҳисобланади. Муфассирлар ҳар бир оятни тафсир қилишда жуда эҳтиёткорлик билан ёндашган, шунингдек, барча илмларни жамлаб, ҳар бир ҳарфни ҳам инобатга олиб шарҳлаган. Жумладан, Басмаланинг Қуръони каримда қандай шаклда зикр қилингани, унинг нозил бўлиш сабаблари атрофлича ўрганилган.
Тафсир илми ҳам бошқа исломий илмлар қаторида йиллар давомида ривожланди ва кенгайди. Ўзига хос илм тармоқлари пайдо бўла бошлади, бу соҳада ижод қилувчилар сони ошиб борди, айниқса, тасаввуф илм аҳиллари орасида тафсир ёзиш бўйича ўзларининг ёндашув ва услублари пайдо бўлди. Натижада ислом манбалари ичида ишорий-тасаввуфий тафсирлар вужудга келди.
Тасаввуфий тафсирларнинг аҳамиятли жиҳати тасмияга алоҳида урғу берилгани бўлди. Сабаби, айни шу турдаги тафсирларда тасмиянинг шарҳи ҳар бир суранинг бошида берилиб, унинг янги маънолари атрофлича очилган. Шу услуб тасаввуфий тафсирга хос жиҳат бўлиб, бошқа тафсир турларида уни учратмайсиз. Шу боисдан машҳур муфассирлар қаторида ишорий тафсирлар ёзган уламоларимизнинг асарлари жуда аҳамиятлидир.
Тасаввуфий тафсирлар ичида нақшбандия тариқатининг вакили Хожа Муҳаммад Порсо (в.1420й.)нинг «Тафсир» асари алоҳида аҳамиятга эга [6]. Тафсир билан танишув давомида унинг бошқа асарлар каби муқаддима қисми Басмала, ҳамд ва наътдан бошланганидан ташқари Басмалага таъриф юқоридаги услуб билан қўлланилгани яққол кўзга ташланади.
Мисол учун, Хожа Муҳаммад Порсо Қадр сурасининг бошида: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Унинг сўзларини тиловат қиламан ва бошқа исм билан эмас айни Ўзи таълим берган ном билан бошлайман. Яъни бу исми Аъзам исми Аллоҳникидир. Унда Аллоҳнинг Раҳмон ва Раҳим сифатлари бордир, яна Қуръонда келган ҳукмлар риояси бордир, қиёмда фарзи ва уни зикр қилишда ҳамда маъноларини англашда сир-асрорлари бордир», дейди.
Баййина сурасида эса юқоридаги таърифларга қўшимча қилиб, тасмиядаги ҳарфларнинг саноғига ишора қилган ҳолда 19 рақамини келтириб, ундан 18 рақамни ўн саккиз минг оламга, биттасини эса дўзах оламига ишора қилиб ўтади. Хожа Муҳаммад Порсо ҳар бир сўзини ҳадис ва уламоларнинг фикрлари билан далиллайди. Маъноларни чиройли тарзда баён қилиш билан бир қаторда содда иборалардан фойдаланиб, унинг ботиний маъноларига, ишораларга урғу бериб ўтади.
Муаллифнинг яна бир шарҳлашдаги услубини Залзала сурасидаги тасмияга берилган изоҳда кўриш мумкин. Бу ёндашув юқоридаги таърифлардан фарқли бўлиб, унда муаллиф Басмалани икки қисмга ажратган ҳолда тадқиқ қилади. Бошида муаллиф тасмияга оид ҳадисларни бирма-бир келтириб, унга оид маълумотларни жамлаб, унинг диндаги қадр-қийматини ва фазилатларини очиб берган бўлса, иккинчи қисмида эсаالرحمان الرحيم Аллоҳнинг сифатларига алоҳида урғу беради. Ҳаётий мисоллар орқали асл маъноларини очишга ҳаракат қилади. Дастлаб, муаллиф Басмалани умумий таърифлайди, кейинги ўринларда эса унинг фазилатларини баён қилади, сўнгра тасмияда яширинган ботиний маъноларини ёритиб беради. Бу изоҳларнинг ҳар бири ўзига хослигини, бир-бирига мазмун жиҳатидан боғлиқлигини ҳамда баён қилишда турли услублардан фойдаланганини ифодалайди. Муаллиф тафсирда Басмала билан бирга тасмия иборасидан ҳам кўп ўринларда фойдаланган.
Юқоридаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, исломшунос М.Исмоилов Хожа Муҳаммад Порсонинг «Қадр сурасининг тасаввуфий тафсирлари» номли мақоласида: «Ҳақ маъбуднинг номи билан. У кечирувчи, халойиққа раҳм қилувчи улуғ Зотдир. Унинг каломини ўқийман. Унинг номи билан бошлайман. Бу ўринда Исми Аъзамига ишора бор», дея Басмалага берилган таърифини келтириб ўтган [7:4].
Хожа Муҳаммад Порсо қўллаган бу ёълнинг асоси Қушайрий услубидан олинган, дейиш мумкин. У машҳур сўфий бўлиб, унинг тўлиқ исми Абдул-Карим ибн Ҳавозин Абул Қосим ал-Қушайрий (376-465ҳ./986-1072м.)дир. Қушайрий тасмияга алоҳида урғу берган ҳолда бошқа тафсирлардан фарқли равишда ўзининг ёндашувини баён қилган олимдир. Унга кўра, Басмалани шарҳлашда сурага мос ҳолда таърифлаш ва такрорланмайдиган маъноларни ҳар бир суранинг бошида келтириш таклифини беради. Бу метод кейинчалик сўфийларда, айниқса, тасаввуфий тафсир билан ижод қилган сўфийларнинг ижодларида яққол кўринади. Турк тадқиқотчилари ишорий тафсирларни ўрганиш жараёнида шундай хулосага келишган. Улар бу услубни Қушайрийдан олинган, деб эътироф этишади [8:101].
Қушайрийдан олдин яшаган машҳур сўфий Жафар Содиқ (80, 83-148/699, 702-765) эса бошқача услубни қўллаган. Унга кўра, У Басмалани биринчи навбатда оят, деб ҳисоблаган. Шуни инобатга олган ҳолда Басмалани шундай тафсир қилган: «Ба(ب) Аллоҳнинг абадийлиги, (س) исмлари, мим (م) мулки ёки мавқеидир. Мўминнинг имони — Унинг абадийлигини зикр қилишидир… Аллоҳ соъзида тўртта ҳарф бор, биринчи Алифни тавҳидга, иккинчисини фаҳмга, учинчисини Нубувватга ва ҳа (ه) эса ишорадаги охирги даражадир», дея ишора қилиб кўрсатади. «Аллоҳ таоло шундай ягона исмки, у ҳеч нарсага боғланмаган, ҳамма нарса Унга боғланган, яъни У шундай бир маънодирки шунинг учун ҳам инсонлар Унинг табиатини англаб, сифатини англаб ҳайратда қоладилар. У кўз ва ўйлардан яширин, улуғлиги билан идрок этишдан пардалангандир», деб таъриф беради [8:53].
Машҳур олим Яъқуб Чархий (1359-1447) «Тафсири Чархий»да эса тасмияни жуда фасоҳат ва балоғат билан ифодалаган. Масалан: «Қуръоннинг калити «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» турур. Маъноси ул бўлурким, қачон бир соҳибдавлат ёш ўғлонин муллоға топширса, мулло амр қилип ул норасидаға айтса ким айтғил «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим». Ҳақ таоло фармонлағайким, ул ўғлонға бир бароате битиргайларким тамуғ ўтиндин озод бўлғай ва устоди бирла ота-онасиға ҳам Тангри раҳмат қилиб, тамуғ ўтиндан озод бўлғай…», каби намуналарни кўриш мумкин[9:67].
Чархийнинг фикрича, Аллоҳ Басмала орқали бандаларга чиройли таълим бериб, банданинг ҳар бир нафаси, ҳаёти ва амали Аллоҳ билан боғлиқ бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Мусулмон киши Басмалани айтиб юриши, Аллоҳни ёд этиши орқали банда билан Аллоҳ ўртасида боғланиш юзага келишини ҳамда айни бу ҳолат ихлос мақомини ҳосил қилишга олиб борувчи йўл эканлигини эътироф этади.
Басмала Фотиҳа сурасининг дастлабки ояти ҳисобланиши ҳақида ислом уламолари томонидан кўплаб ихтилофлар бўлгани ҳақида манбаларда келтирилади. Бу масала бўйча эса ақоид илми уламоси Абу Мансур Мотуридий «Таъвилот ал-Қуръон» асарида бундай келтиради: «Тасмия — Қуръондан бир оят бўлиб, Фотиҳат-ал-Китобидан эмас. Уни алоҳида бир оят деб белгилашнинг далили Муҳаммад (с.а.в)дан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир:
«У зот алайҳиссалом Убай ибн Каъбга: «Сенга ўзимдан аввал Сулаймон ибн Довуддан бошқа бирон кимсага нозил бўлмаган бир оятни ўргатаман, — дедилар. Сўнг масжиддан чиқаётиб, оёқларидан бирини эшикдан чиқардилар ва унга: «Сен Қуръонни қайси оят билан бошлайсан?»– дедилар. Убай: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» билан», деб жавоб берди. «У ўша-мен сенга ўргатмоқчи бўлган оятдир», дедилар Муҳаммад (с.а.в)». Мазкур ҳадис «Басмала»нинг Қуръондан бир оят эканига далолат қилади. Бироқ бир вақтнинг ўзида «Фотиҳа» сурасининг таркибига кирмаслигига ҳам яққол далилдир. Шунингдек, Имом Аъзам Абу Ҳанифа эса тасмияни намозда жаҳрий айтмаслик тўғрисида атрофлича эътироф этган ва шарҳлаб берган. Ҳозирги кунгача бу ҳукм асосида ҳанафий мазҳаби вакиллари намозда амал қилиб келмоқда.
Намл сурасининг 30-оятида эса пайғамбар Сулаймон (а.с.) ва Сабаъ маликаси ҳақидаги қисса бўлиб, оят ислом уммати учун муҳим бўлган ақидавий масалаларни ўз ичига олади: «…Малика сўзида давом этди: «Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим». «Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг» дейилмишдир, деди» [10:I:328]. Демак, бу оят Басмаланинг тўлиқ шаклини баён қилиш билан бир қаторда ишни фақат Аллоҳнинг исми билан бошлаш лозимлиги ҳукмини, расмий хатларнинг бошида Басмалани ёзилиш анъанасига айнан шу оят далил бўлгани, шунингдек, бу калима ислом динини бошқа дин вакилига таништириш учун «ислом рамзи» ёки «илк таълимот» вазифасини ҳам бажарганидан хабар қилади.
بسم الله : Ҳуд сурасининг 41-оятида инсоннинг ҳар бир ҳаракати ва фаолияти Басмала билан боғлиқлиги очиқ тасвирлаб берилган: «Ва у: У (кема)га мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Раббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди [10:III:102]. Келтирилган суранинг ушбу оятида Нуҳ (а.с)нинг қиссалари баён қилинган бўлиб, оятда Нуҳ (а.с)нинг тўфон бошланганида, ўзлари билан олишлари керак бўлганларга қараб айтган гаплари келтирилган: «У (кема)га мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур», дедилар. Бу оятдан инсон ҳар бир ишини Аллоҳ номи билан бошлаш кераклиги ҳақидаги кўрсатма келиб чиқади. Бу оятда «الرحمان الرحيم» қўшиб зикр қилинмаган. Демак, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» бу шаклда ҳам фойдаланса бўлади ва бу унинг қисқартирилган шаклига асос бўлади.
:اسم الله Анъом сурасининг 118,119,121,138-оятларида «би» ёрдамчи билан эмас, балки ذكر (зикр қилмоқ) феъли билан келтирилган. Мисол учун оятларнинг бирида: «….Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсалардан энг!», дея тафсир қилинган. Бу оятларнинг нозил бўлиш сабабини кўриб чиқсак, исломдаги асосий таълимотлар тасмия билан боғлиқ эканлигини учратасиз, яъни мусулмонлар фақат Аллоҳ номи билан сўйилган жонлиқ гўштидан истеъмол қилишлиги, тақиқланган жонлиқлардан ташқари қолган ҳайвонларни Басмалани айтишлик билан ҳалол ҳукмига ўтиши баён қилинган. Ҳар бир оят Басмаланинг ислом ақидасида қанчалик аҳамиятли эканлигига далилдир.
Юқоридаги суралардан фарқли жиҳати Ҳаж сурасида «اسم الله» иборасини учратамиз: «…Маълум кунларда ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора, фақирларга ҳам егизинглар» (28-оят), «.. Аллоҳнинг исмини эслашлари учун, қурбонлик қилишни жорий этганмиз» (34-оят), «Улар Аллоҳ зикр қилинганда қалблари титрайдиган ва ўзларига етган мусибатга сабр қилувчилар ҳамда намозни тўкис адо этувчилардир, уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладилар» (35-оят), «….Аллоҳнинг номи кўп зикр қилинадиган ибодатхоналар, масжидлар вайрон қилинган бўлур эди» (40-оят) [10:IV:31]. Юқорида келтирилган оятларда тасмияга боғлиқ ҳукмлар чиройли тарзда аниқ, бир-бирини тўлдирган ҳолда баён қилинган.
:بذكر الله Раъд сураси 28-оятда «اسم» нинг ўрнига «ذكر» сўзи қўлланилган: «Имон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар». Бу Аллоҳнинг зикри ёки Аллоҳ исмини зикр қилиш, деб шарҳланган.
: باسم ربك Алақ сурасининг илк оятида «Яратган Роббинг номи билан ўқи» келган. Аллоҳ исми«ربك« га ўзгарганини кўрамиз. Асл маъноси Басмала билан бир хилдир. Ундан ташқари бошқа кўплаб сураларда бу кўриниш билан келтирилган. Масалан, Ал-Ҳаққо сурасининг 52-оятида: «Бас, улуғ Раббингнинг исмини поклаб ёд эт» [10:ВИ:249], деб марҳамат қилган.
بالله : Истиозада أعوذ بالله من الشيطان الرجيم («Қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман») بالله шакли қўлланилган ва маъноси «Аллоҳ исми билан» деб таржима қилинган.
الرحمان الرحيم : Аллоҳнинг бу иккала исмининг бирга ««بسم الله дан айри ҳолда – Фотиҳа сурасининг 3-оятида: «У Раҳмон ва Роҳимдир»; Бақара сураси 163-оятида: «Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Раҳмон ва Роҳийм бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир» ва Ҳашр сурасининг 22-оятида: «…У меҳрибон ва раҳмлидир» дея зикр қилинган [10:VI:115]. Шунингдек, Қуръони каримда алоҳида Ар-Роҳман номли сура ҳам мавжуд. Муҳаммад (с.а.в.): «Ҳар бир нарсанинг келини бор, Қуръоннинг келини «Ар-Раҳмон» сурасидир», деганлар. Чунки, бу сура, худди келинлар безаклари ила бошқалардан фарқланиб турганидек, ўзига хос услуби билан бошқа суралардан ажралиб туради.
Демак, Басмала қандай шаклда келишидан қатъи назар унинг моҳияти ва асосий мазмуни: «Аллоҳнинг исмини ёд этиш ва Аллоҳнинг раҳматини эслаш», дея таъкидланади. Бу эса тасаввуф оламининг асл мақсадидир. Мисол тариқасида юқоридаги қиёсий таҳлил ва ишорий тафсирлардан намуналар бунга асосдир.
Иккинчи асосий манба ҳадислардир. Муҳаммад (с.а.в.) Қуръон асосида ҳаёт кечирганликлари ҳақида кўплаб асарлар битилган. Жумҳур уламолар Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннатлари айни Аллоҳ томонидан келган Қуръондаги ҳукмларнинг амалдаги кўринишидир, дея эътироф этади. Шундай экан, Басмалани тадқиқ қилишда ҳам ҳадислар жуда катта аҳамиятга эгадир. Мисол учун, Муҳаммад (с.а.в.): «Тасмиясиз бошланган ишнинг охири йўқ», деб айтган машҳур ҳадислари ҳаммага маълумдир.
Басмаланинг нозил бўлиши ҳақида Ибн Умар (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Муҳаммад (с.а.в.) «Жаброил (а.с.) менга Аллоҳ таолодан ваҳий олиб келганида, аввалги айтган калимаси «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» бўлар эди», деб марҳамат қилганлар. Бундан кўринадики, Жаброил (а.с.)нинг Муҳаммад (с.а.в.)га ўргатган илк таълими бу айнан тасмиядир.
Кейинги ҳадис эса Жобир (р.а)дан ривоят қилинган. Муҳаммад(с.а.в.) «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»нинг нозил бўлиши ҳақида бундай деганлар: «Вақтики «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» нозил бўлганда малоикалардан иборат осмон аҳли хурсанд бўлиб, шодландилар. Унинг нозил бўлиши билан Арш титради. У билан мингта фаришта нозил бўлди». Фаришталарни хурсанд қилган ва уларнинг ерга тушишига сабаб бўлган, шу билан бирга Аллоҳ таолонинг энг ҳайбатли махлуқоти ҳисобланган Аршни титратган «Бисмиллаҳ» лафзининг фазилати нақадар улуғ эканлигига далил бўлади.
Басмаланинг фазилати тўғрисида Ибн Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Кимки дўзахнинг Забония фаришталари чангалидан омонда бўлмоқни хоҳласа, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни кўп ўқисин. Аллоҳ таоло «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»даги ҳар бир ҳарфни ҳар бир Забония фариштага қалқон қилади», дейилган. Мазкур ҳадислардан шуни англаш мумкинки, ким «Бисмиллаҳ»ни кўп зикр қилар экан, у албатта, дунёда бахтли ва охиратда нажот топувчилардан бўлади.
Али ибн Аби Толиб (р.а.) эса тасмия ҳақида бундай деган: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни чиройли ёзмоқлик юзни чиройли қилур. Ундан ташқари Аллоҳ таолонинг номи «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» ҳар бир касалликка шифо, ҳар бир дори-дармонга воситадир» [11:19].
Ислом манбаларида тасмиянинг аҳамияти ва фазилатини очиб берувчи маълумотлар жуда кўп бўлиб, уларни англаш ва тўғри талқин қилиш лозимдир.
Хулоса шуки, Басмала ислом динида катта аҳамиятга эга бўлган ва манбаларда асосий «калит» вазифасини бажарган иборадир. Унинг қиёсий таҳлилида иборанинг ҳар томонлама аҳамиятли жиҳатлари очиб берилди ва Басмалани тасаввуф олами билан уйғун ҳолда англаш, унинг мазмун-моҳиятини билиш учун замин бўлди. Жумладан, Хожа Муҳаммад Порсонинг «Тафсир» асаридаги шарҳлар Басмаланинг мазмун-моҳияти чексизлигидан, у биз билмаган жуда кўп зоҳирий ва ботиний маъноларга эга эканлигидан далолат беради. Аллома Файзул Қодир айтганидек: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» ҳар қандай китобнинг калитидир».
-
Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 1-жилд. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
-
Бертелс Е.Э. Суфизм и суфийская литература. – М.: Наука, 1995.
-
Эркинов А. Матншунослик ва манбашунослик асослари: ўқув қўлланма. – Т.: 2019.
-
Абдулқаҳҳор Шоший. Авлиёлар китоби. – Т.: Ғафур Ғулом, 2018.
-
Abdulhakim Yuce. Razinin tefsirinde tasavvuf. – Izmir.: 1996.
-
Хожа Муҳаммад Порсо. Тафсир. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшинослик қўлёзмалар институти. Қўлёзма № 2180.
-
Исмоилов М. Қадр сурасининг тасаввуфий тафсирлари // Ҳидоят, – Т.: Шамсиддин Бобохон, 2021.
- Ishari Tafsiri. Eksen Matbaacilik. Yeni Ufuklar neshriyati. – Istanbul, 1998.
-
Усмонов И., Саидова Г. Мовароуннаҳр туркий тафсирлари тарихидан. – Т.: 2012.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. I-VI жуз – Т.: Ҳилол Нашр, 2007.
-
Тафсири Баҳр. Қўлёзма китоблар асосида Қуръони карим оятлари маъноларининг илмий-изоҳли таржима ва тафсирлари. Монография. ТИУ. – Тошкент, 2010