Home / МАҚОЛАЛАР / АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МАСАЛАЛАРГА ОИД АСАРЛАРИ

АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МАСАЛАЛАРГА ОИД АСАРЛАРИ

Ҳозирги кунда ислом дини ва ҳанафий мазҳабининг асл моҳиятини тушуниб етиш уламолар қолдирган илмий меросга боғлиқ. Бу йўлда юртимиздан чиққан буюк алломалар асарларини ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, балки ўзга ислом ўлкаларидан етишиб чиққан уламолар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Хусусан, бу борада ҳинд уламолари қолдирган илмий меросни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки Ҳиндистонда ислом динининг кенг ёйилишида юртимиздан етишиб чиққан уламоларнинг катта ҳиссаси бор. Шу сабаб, у ерда мусулмонларнинг кўпчилигини ҳанафийлар ташкил этади ва ислом олийгоҳларида Бухоро мадраса таълим тизими давом этиб келмоқда. Натижада, ҳинд юртидан муфассир, муҳаддис, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи, шунингдек, фиқҳ, усул, мантиқ уламолари етишиб чиқди. Улар қолдирган “Фатово Ҳиндия”, “Эълаус сунан” каби асарлар ниҳоятда машҳур бўлди. Шундай алломалардан бири Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий бўлиб, унинг ёзган асарларини ўрганиш муҳим саналади.

Ушбу мақолада алломанинг фиқҳга оид рисолалари кетма-кетлик, холислик, қиёсий таҳлилий ўрганиш каби методлардан фойдаланиб ёритилган. Шу билан бирга, рисолаларга алифбо тарзида таъриф берилиб, ундаги фиқҳий услуби, масалаларнинг таҳқиқ қилиниши, тугатиш тарихи ва ҳажми баён қилинган.

Аллома 120 га яқин китоб ёзган бўлса, уларнинг 50 дан зиёди [6:156] фиқҳ йўналишига бағишланган. Бу рисолалар турли фиқҳий масалалар, уларнинг фатволари, салаф ва мутааххир уламоларнинг кучли фикр ва далилларини ўз ичига олган.

  1. Окомун нафоиси фи адоил азкори билисанил фориси (Форс тилида зикр қилишга доир нозик масалалар).

Маълумки, ажам (араб бўлмаган) диёрларида форс тили араб тилидан кейинги муҳим тил бўлган. Бизгача етиб келган шариат манбаларининг аксарияти араб тилида ёзилган. Шундай бўлса-да, форс тилида ёзилган манбалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Шу сабабли халқимизда ибодатдаги зикрларни форс тилида айтиш урф бўлган. Бу рисола форс тилида ёзилган. Унда ислом динига оид асосий китобларда учрамайдиган форс тилидаги ибодатга тааллуқли фиқҳий ҳукмлар жамланган. Аллома намозга оид, яъни азон, унга жавоб қайтариш, иқомат, намозни бошлашдаги ният, такбир таҳрима (намозга киришиш такбири), қироат, ташаҳҳуд, қунут дуоси, намоздан кейинги дуо, саждаи тиловат, жума хутбаси каби зикрларнинг қандай ҳолатда форс тилида айтиш жоиз ва қайси вазиятда жоиз эмаслигини баён қилган. Масалан, Қуръони каримдан бир сурани форс тилида ўрганган киши уммий (саводсиз) дейиладими ёки йўқми?, Имом жаноза намозидаги дуони форс тилида айтиши мумкин ёки йўқ? каби масалаларни қамраб олган. Бундан ташқари, форс тилида ёзилган Қуръонни ушлаш, жонлиқ сўйилишида басмалани форсча айтиш, ҳаж, имон ва бошқа ислом рукнларида форс тилининг қўлланиши ҳақидаги масалаларни киритган. Лакнавий томонидан бу масалалар далилларни келтириш билан баъзида қисқа, баъзида кенг баён қилинган.

Алломанинг сўзларига кўра, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги зикрларнинг форсча айтилишини араб тилида айтишга қодир бўлган кишига ҳам рухсат берган. Аммо икки шогирди Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад буни фақат араб тилида мутлақо сўзлаша олмайдиган кишигагина рухсат берган. Мутааххир уламолар қабул қилган сўз ҳам мана шудир. 

Аллома бу масалалар юзасидан фатво беришда саҳиҳ ҳадис тўпламлари ва ҳанафий мазҳабида мўътабар саналган “Дуррул мухтор”, “Ҳидоя”, “Мужаммиъ”, “Баззозийя”, “Муҳит”, “Захира”, “Қозихон” ва бошқа шу каби манбалардан фойдаланган.  

Бу рисола ҳижрий 1292 (1875) йилнинг 27-жумадуссони ойи шанба куни ёзиб тугатилган. Вафотидан кейин 186 саҳифа қилиб, нашр этилган. Аллома бу рисолани ёзишда 97 та манбага мурожаат қилган.

  1. Иҳкамул қантарати фи аҳкамил басмалати (Басмаланинг[1] ҳукмларидаги воситани мустаҳкамлаш).

Аллома бу рисолада басмалага оид ҳукмларни жамлаб, Фотиҳа сурасидаги басмала каби хилофли масалаларни ёритиб берган. Абдулҳай Лакнавий бу рисола ҳақида қуйидагиларни айтган: “Унда басмалага оид турли хил масалаларни жамладим. Ҳукмларни мустаҳкамлаш мақсадида, бошқа фойдали масалаларни ҳам далиллари билан киритдим” [1:7].

Рисола икки бобдан иборат бўлиб, биринчи боб басмаладаги ихтилофли масалалар ҳақидадир. Унда басмалага оид тўққиз хил ҳолат айтилиб, бу борада ҳар бир мазҳаб далили келтирилган. Жумладан, ҳанафий уламолари далилини қувватлаб, қуйидагича нақл қилган: “Басмала алоҳида бир оят бўлиб, фотиҳадан ҳам ва бошқа суралардан ҳам эмас. У сураларни бошлаш ва улар ўртасини ажратиб туриш учун қўлланади” [1:25]. Қолаверса, “Басмала фотиҳа сурасидан бир оят”, “Ҳар бир суранинг биринчи ояти”, “У алоҳида бир оят эмас”,  дегувчиларга қарши бирма-бир далилларни айтиб ўтган [1:28].

Кейин басмалани суралардан бир жуз эканини инкор қилувчи уламолар фикрини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари билан исботлаб берган [1:44].

Аллома биринчи бобни қуйидагича якунлаган: “Аммо мутааххир уламолардан “Басмала Фотиҳа ва ҳар бир сурадан бир жуз” дегувчилардан кўра, “У Қуръондан бир оят” деганларнинг далили қувватлидир. Шу сабабли, кўпчилик уламолар “У Қуръондан бир оят, сурадан эмас” деган фикрга тўхтади. Буни англа!” [1: 53].

Иккинчи бобда басмалага оид ҳукмлар баён қилинган. Масалан, ҳожатхонага киришдан олдин, истинжо вақти, таҳоратни бошлаш, Қуръон ўқишда басмала айтилиши, бир ишни бошлашда басмалани жаҳр ёки махфий айтиш, намозда басмаланинг айтилиш ўрни, таровеҳ намозида ихлос сурасини уч марта такрор ўқиш макруҳлиги, қунут ва ташаҳҳудни бошлашда басмалани айтмаслик, жунуб кишининг басмалани фақат бирор ишни бошлаш ёки шукр қилиш учун айтиши жоизлиги, “Басмала Қуръондан оят эмас” деган кишининг кофир бўлмаслиги ва ҳоказолар ҳақидаги масалаларни қамраб олган.

Бу рисола ҳижрий 1289 (1872) йил сафар ойининг иккинчи, яъни пайшанба куни ёзиб тугатилган. Аллома уни ёзишда 142 та манбадан фойдаланган. Рисола муаллифнинг ҳаётлик чоғида 235 саҳифадан иборат китоб сифатида нашр этилган.

  1. Ифодатул хойри фил истияки бисивокил ғойри (Бошқанинг мисвокидан фойдаланишдаги яхшиликни ифодалаш).

Аллома бу рисоланинг ёзилиш тарихини қуйидагича баён қилган: “Одамлар мендан бошқа кишининг мисвокидан фойдаланиш жоиз ёки мумкин эмаслиги ҳақида қайта-қайта сўрашди. Бу масаланинг жоизлигини саҳиҳ ҳадислар билан изоҳлаб бердим. Сўнгра у ҳақдаги ҳадис ва саҳобалардан нақл қилинган хабарларни жамлашни мақсад қилдим” [2:12].

Имом Лакнавий бу рисолада ҳам мавзуга боғлиқ ҳадис, хабар, уламолар сўзлари ва фатволарини тўплаб, сўнгра уларнинг кучлисини қисқа қилиб келтирган.

Бу рисола ҳижрий 1286 (1869) йил зулқаъда ойи, пайшанба куни ёзиб тугатилган. Аллома уни бир ўтиришда ёзиб тугатган. Ҳукмларни “Ас-Сиоя” китобидан олган. Рисола 112 саҳифадан иборат.

  1. Иқоматул ҳужжати ала аннал иксора фит тааббуди лайса бибидъатин (Кўп ибодат қилиш бидъат эмаслигига ҳужжат келтириш).

Бу рисоланинг ёзилишига сабаб аллома бир кишининг: “Ибодат қилишга тиришиш, кечани ухламасдан ибодат билан бедор ўтказиш, намознинг бир ракатида Қуръонни хатм қилиш, бир неча юз ракат нафл намоз ўқиш ва шунга ўхшаш ибодатларни бидъатга чиқараётганини  эшитиб қолади. Унинг шубҳаларини бартараф этиб, раддия берди. Аммо бу фитна омма ва хоснинг ўртасида ёйилиб бўлган эди. Улар бор овози билан: “Ибодатда риёзатни кўпайтириш ҳақида: “У қабиҳ бидъатдир. Бу ишлар салаф ва халаф уламоларнинг обрўсига путур етказади”, деб” мужтаҳид уламолардан нақл келтиришар эди. Абдулҳай Лакнавий бу масаладаги ўрта йўлни баён қилиб, уларга қаттиқ раддия берган [3:12]. 

Аллома бу рисола орқали кечаси билан намоз ўқиш, бир кунда Қуръонни ўқиб тугатиш ва шунга ўхшаш тиришқоқлик ва риёзат билан қилинадиган ибодат бидъат эмаслигини асослаб берган. Бу ибодат шариатда ман қилинмагани, балки унга тарғиб қилинадиган чиройли иш эканини таъкидлаган. Лекин қуйидагиларни шарт қилиб қўйган:

  1. Бу ибодатларда малолланмаслик. Чунки у ибодатдаги лаззат ва қалб ҳузурини кетказади.
  2. Нафсига машаққатни юкламаслик.
  3. Нафл ибодатидан кўра аҳамиятли ишларни ўтказиб юбормаслик.
  4. Аҳли оила ҳаққига ўхшаш шариат буюрган ҳақларга тажовуз қилмаслик.
  5. Шариат рухсат берган ишни бекорга чиқармаслик.
  6. Шариат вожиб қилмаган ишни ўзига вожиб қилиш ва шариат ҳаром қилмаган нарсани ўзига ҳаром қилмаслик.
  7. Ибодат арконларини тўла-тўкис бажариш.
  8. Фарз ибодатларида давомли бўлиш. Уларнинг вақтини узрсиз ўтказиб юбормаслик.
  9. Кишининг ибодатдаги ғайрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар қилган ибодатларини кам санашга сабаб бўлмаслиги [3:40].

Бу рисола ҳижрий 1291 (1874) йил рабиуссоний ойининг йигирманчиси, яъни жума куни ёзиб тамомланган. Уни Абдулфаттоҳ Абу Ғудда Ҳалаб шаҳрида нашр эттирган. 156 саҳифадан иборат.

  1. Имамул каломи фимо ятаъаллақу билқироати холфал имами (Имомнинг орқасида қироат қилишга тааллуқли бўлган фатвонинг сараси).

Муқтадининг (намозда имомга эргашган киши) имом орқасида фотиҳа сурасини ўқиши ёки ўқимаслиги ҳанафийлар ва аҳли ҳадис ўртасидаги тортишувли масалалардан бири ҳисобланади. Бу масалани Абдулҳай Лакнавий қуйидагича баён қилган: “Мен бу баҳсли масалада ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун кўплаб манбаларга мурожаат қилдим. Натижада, бу масалада ҳақиқатни тан олмасдан ўз фикрида маҳкам туриб олган ва талашиб тортишадиганлардан юз ўгирдим. Чунки улар ҳақиқатни кўрмайдиган ва эшитмайдиган кишилар тоифасидан эди. Ваҳоланки, мен ҳар бир баҳсда ўрта йўлни тутардим. Лекин улар на қулоқ солишар, на диққат-эътиборини бу масалага қаратарди. Шу сабабдан холис ниятли бир тоифа мендан бу масала ҳақида бир рисола ёзишимни талаб қилди. Мен уларнинг талабини рад этишга бирор узр тополмадим. Эътиборимни уларнинг мақсадини рўёбга чиқаришга қаратдим” [4:10].

Бу рисола уч бобдан иборат. Биринчи бобда ушбу масала юзасидан саҳоба ва улардан кейинги уламолар томонидан билдирилган ихтилофли фикрлар келтирилган. Шу билан бирга, ҳар бир фикр билдирувчининг далили ва мазҳаблар ўртасидаги усул ва фуруъ қоидалари айтиб ўтилган. Аллома бу далилларга ўз эътирозини билдирган ўринлар ҳам бор. Иккинчи бобда тўртала мазҳаб соҳибларининг Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсдан иборат далилларини келтирган. Аллома учинчи бобда далилларнинг энг кучлиларини баён қилган. Бу борада қуйидаги сўзларни айтган: “Имомнинг орқасида қироат қилиш масаласи ҳақида келган далилларнинг барчаси суянадиган санади бор ҳадислардир. Аммо “Имомнинг орқасида Фотиҳани қироат қилганнинг намози бузилади” деган масалага бирорта санади ишончли саҳиҳ ҳадис топмадим. Чунки ҳамма макруҳ ёки бидъат ҳам намозни ботил қилмайди” [4:228].

Бу китоб ҳижрий 1304 (1887) йил Алавийя нашриётида алломанинг “Ғайсул ғумом” асарини ҳошия қилган ҳолда 240 саҳифада нашр қилинган. 1411/1991 йил ҳам Усмон таҳқиқи остида қайтадан чоп этилган.

  1. Ал-Ифсоҳу ан шаҳодатил маръати фил ирзоъи (Эмикдош аёлнинг гувоҳлик бериши ҳақида).

Абдулҳай Лакнавийга ушбу савол билан мурожаат қилинди: “Бир киши бир аёлга уйлангач, қайнонаси бўлажак куёвини ёшлигида эмизганини даъво қилди. Куёв инкор қилди. Аммо аёл уни эмизганига на бир аёл ва на бир эркакни гувоҳ қила олмади. Шунда бу аёлнинг даъвоси қабул қилинадими ёки йўқми?

Аллома бу саволга жавоб бериб, унда эмикдош шахсларга оид масалаларни баён қилган. Рисолани икки қисмга бўлган. Биринчи қисм, бир аёлнинг сўзи ва никоҳдан кейин келин-куёвни эмизгани ҳақидаги гувоҳлигининг қабул қилинмаслигини ўз ичига олади. Бу масалани ёритишда ҳадис ва хабарларни уламолар сўзи ва фиқҳий далилларга қўшиб келтирган.

Иккинчи қисм: “Ёлғиз аёл гувоҳлиги қабул қилинмаслиги, унинг никоҳдан олдин эмикдошлик ҳақида айтган сўзи” масалаларини ўз ичига олган. Унда ҳам кўпгина фиқҳий далилларни келтириб ўтган.

Аллома бу рисолани ҳижрий 1286 (1870) йил шаввол ойининг тўққизинчи куни ёзиб тугатган. Ушбу рисола 1299/1882 йил Мустафо нашриётида 40 саҳифа қилиб нашр этилган.

  1. Ал-Инсофу фи ҳукмил эътикоф (Эътикоф ҳукмларидаги холислик).

Абдулҳай Лакнавий бу рисоланинг ёзилиш сабабини қуйидагича баён қилган: “Мен билан баъзи имомлар ўртасида 1282/1866 йилда бир мажлисда эътикоф ҳақида тортишув бўлиб ўтди. Яъни эътикоф суннати муаккада бўлган ҳолда фарз кифоями ёки фарз айнми? Биринчи ўлчовга кўра, шаҳар аҳлига жаноза намози каби фарзи кифоями ёки маҳалла аҳлига жамоат билан таровеҳ намозини адо қилиш каби суннати кифоями? Йиғиндагиларнинг барчаси бу саволларга фиқҳ китобларининг биронтасига мурожаат қилмасдан кўнглига келганича жавоб берди. Шунда мен соғлом ва тўғри фикрни билдириш учун бир рисола ёзишни ният қилдим” [5:85].

Муҳаммад Абдулбоқий алломанинг эътикоф ҳақидаги фикрини қуйидагича баён қилган: “Эътикоф  – назр қилган кишига вожиб, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида шаҳар аҳлига кифоя суннат, бошқа кишиларга мустаҳаб бўлади” [7:33].

Аллома бу қисқа рисолани 1284/1868 йил Рамазон ойининг тўққизинчиси, яъни якшанба куни ёзиб тугатган.  

Бу рисолага Муҳаммад Абдулғофур Рамазонфурий “Ал-Исъафу битаҳшийятил инсофи” деб номланган ҳошия ёзган. Унда рисоладаги баъзи сирли мавзулар ва ҳадис ровийлари исми ва таржимаи ҳоли ёритиб берилган. 

Бу рисола 1303/1886 йил Мустафо нашриёти томонидан бошқа рисолалар билан жамланган ҳолда чоп этилган.

Умар Ризо Каҳола бу рисолани Абдулҳай Лакнавийнинг отаси ёзган, деб хато қилган [8:129].

Алломанинг “Туҳфатул ахёр фи иҳяи суннати саййидул аброр” (“Аброрлар саййидининг суннатини тирилтиришда ахёрлар туҳфаси”), “Туҳфатут талаба фи таҳқиқи масҳур рақаба” (“Бўйинга масҳ тортиш ҳақида”), “Туҳфатул нубалау фи жамаъатин нисаи” (“Аёллар жамоати ҳақида машҳур фатволар”), “Ат-таҳқиқул ажибу фит тасвиби” (“Тасвиб*даги ажойиб ҳақиқатлар”), “Сабоҳатул фикри фил жаҳри биззикри” (“Зикрни жаҳр қилишдаги афзал фикр”) каби фиқҳга оид рисолалари бор. Уларда ҳам ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикр ва мулоҳазалари ёритилиб, афзаллик жиҳатлари исботлаб берилган.

Ўтган уламолар илмий меросидан хабардор бўлиш бизга ҳанафий мазҳабини чуқур ўрганиш билан бирга, ақидавий, ижтимоий, ахлоқий, ҳуқуқий масалаларни тадқиқ қилишга ҳам ёрдам беради. Булар бугунги авлодга ибрат ва ўрнак бўлади, тўғри йўлдан адашмаслик учун пойдевор вазифасини ўтайди. Аксинча, ислом умматининг баъзи илмлардан бехабар қолиши ёки кам қисми билан чекланиши мусулмонлар аҳволининг ёмонлашишига, низолар кўпайишига, хусуматчилар ўртасида жанжал келиб чиқишига сабаб бўлади. Абдулҳай Лакнавий қисқа умри давомида қолдирган бой илмий мероси юртимизда ҳанафийлик мазҳабини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда бирламчи манба бўлиб хизмат қилади.

Юқорида Абдулҳай Лакнавийнинг асар ва рисолаларини тадқиқ қилиш орқали қуйидаги таклифларни билдириш мумкин:

  1. Алломанинг ҳанафийлик таълимоти асосида ёзган асарларини янада чуқур ўрганиш.
  2. Ҳозирги кундаги айрим ихтилофли масалаларга аллома фатволари бўйича жавоб бериш.
  3. Аллома асарларини ўзбек тилига таржима қилиш.

Халқимиз ва ёшларимиз онгига ҳанафийлик таълимотини сингдиришда аллома асарларидан қўлланма сифатида фойдаланиш

* Муаззиннинг азондан кейин масжид ҳужраларидаги кишиларни намозга чорлови

[1] Басмала – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулҳай Лакнавий. Иҳкамул қантарати фи аҳкамил басмалати. – Уммон: Дорул Бишир, 2002.
  2. Абдулҳай Лакнавий. Ифодатул хойри фил истияки бисивокил ғойри. – Лакнав: Жашмату файз, 1886.
  3. Абдулҳай Лакнавий. Иқоматул ҳужжати ала аннал иксора фит тааббуди лайса бибидъатин. – Ҳалаб: Матбуотул исламийя, 1966.
  4. Абдулҳай Лакнавий. Имамул каломи фимо ятаъаллақу билқироати холфал имами. – Жидда: Мактаба Савводий, 1991.
  5. Абдулҳай Лакнавий. Ал-инсофу фи ҳукмил эътикоф. – Байрут: Дарул башаирул исламийя, 1999.
  6. Валиюддин Надавий. Абдулҳай Лакнавий алламатул ҳинд ва имамул муҳаддисина вал фуқоҳаи. – Дамашқ, 1995.
  7. Муҳаммад Абдулбоқий. Ҳасратул фуҳули бивафати ноибир Расули. – Лакнав: Анвор Муҳаммадий, 1887.
  8. Умар Ризо Каҳола. Муъжамул муаллифин. – Байрут: Рисола, 1993.
ОТАБЕК БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САФФОР БУХОРИЙНИНГ “ТАЛХИСУЛ АДИЛЛА” ВA УМАР НАСАФИЙНИНГ “AҚОИД” AСAРЛAРИ ҚИЁСИЙ ТAҲЛИЛИ

Илк дaвр олимлaри Қуръон ва ҳадисда келгaн aқидaвий мaсaлaлaрни чуқур ўргaниб, одамларга қулай бўлиши учун …