Home / МАҚОЛАЛАР / ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ ИККИНЧИ РEНEССАНС ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ

ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ ИККИНЧИ РEНEССАНС ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ

Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда, хусусан, пойтахт Самарқандда фан ва маданиятнинг янгидан туғилиши, таълим тизимининг ривожланиши Амир Темур ва унинг набиралари Муҳаммад Султон ва Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ. Улар илм-фан соҳасини ҳамиша қўллаб-қувватлаган.

Шарқ ўлкаларида таълим тизими ва унинг босқичлари бизгача етиб келган манбалар асосида қатор олимлар томонидан тадқиқ этилиб, натижалари турли тилларга таржима қилинган [3].

Маълумки, XIV аср охирида Мовароуннаҳрда Амир Темур салтанати ташкил топганидан сўнг мамлакатни бирлаштириш ва турли юришлар уюштириш билан бирга таълим тизимини яхшилаш бўйича ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Самарқандда Амир Темурнинг хотинлари – Сароймулкхоним мадрасаси, Туман оғо хонақоҳ ва кулоҳфурушон тими, набираси Муҳаммад Султон мадрасаси, амирларидан Идику Темур Ферузшоҳ мадрасаси, амалдорларидан Самарқанд садри мавлоно Қутбиддин мадраса қурдирди. Бундан ташқари, юқорида номлари келтирилган машҳур инсонлардан бошқа шахслар томонидан ҳам қатор иншоотлар, жумладан, мадрасалар бунёд этилган.

Мадрасаларда ўқиш араб тилида олиб борилган. Шунинг учун араб тили морфологияси ва синтаксиси чуқур ўргатилган. Ўқитиладиган ҳамма асар ёки уларнинг шарҳлари араб тилида ёзилган эди. Шунинг учун талабалардан араб тилини мукаммал билиш жиддий талаб қилинган. Бу эса мударрислардан ҳам, талабалардан ҳам катта масъулият талаб этган.

Ўқитиладиган илмлар таснифи, ўқитиш савияси, мударрислар мавқеига биноан мадрасалар икки босқичга бўлинган. Биринчиси умумий таълим берувчи ўқув маскани – у мадраса деб аталган. Бундай мадрасаларда илми нақлия – диний илмлар анча чуқур ўрганилган. Илми ақлия – табиий фанлардан эса умумий маълумот берилган. Бу турдаги мадрасалар кичикроқ шаҳарларда, туманларда, баъзи катта маҳаллаларда ҳам бўлган. Умумий таълим мадрасаларини битирган талабалар, кўпроқ, мактабларда ўқитувчи, масжидларда имом, қозихоналарда муфти ёки бошқа лавозимларда ишлаган. Лекин бундай мадрасани битирганлар ичидаги иқтидорли талабалар иккинчиси – мадрасайи олияда ўқишни давом эттирган.

Мадрасайи олия таълим-тарбиянинг энг олий босқичи ҳисобланган. Бундай мадрасалар асосан илм-фан ривожланган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ҳирот каби шаҳарларда бўлган.

Қоида бўйича мадрасаларда ўқиш кунлари ҳафтанинг тўрт куни – шанба, якшанба, душанба, сешанба, икки куни  – чоршанба ва пайшанба дарс тайёрлаш кунлари, жума эса дам олиш куни ҳисобланган. Ўқиш бир йилда олти ой давом этган. Аслида ўқув йили мезон ойининг биринчи куни (21 сентябрь) да бошланиб, ҳамал ойининг биринчи куни (21 март)да тугаган. Қолган ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сумбула ойлари таътил даври бўлиб, талабалар тирикчилик (ҳунармандчилик, деҳқончилик, масжидларда имомлик ва ҳ.) билан банд эди. Баъзилари эса мадрасаларда қолиб, ўқишни мустақил тарзда давом эттирган.

Ўқитиш танлов асосида олиб борилган. Билими кучли талабалар ўқишни давом эттирган, илм савияси етарли бўлмаган талабалар ўқишдан озод этилган. Жумладан, Ҳиротдаги Ихлосия мадрасасида ҳар 30 кунда 30 та талабадан кучлилари ажратиб олинар эди [13]. Мадрасага бошланғич таълим мактабини тугатган ўспиринлар қабул қилинган.

Мадрасалардаги ўқув муддати ҳақида сўз юритганда, шуни таъкидлаб ўтиш керакки, турли мадрасаларда ўқув муддати билим доирасига қараб турлича бўлган. Мовароуннаҳр мадрасаларида, жумладан, Улуғбек мадрасасида ўқиш муддати 19-20 йилга мўлжалланган ўқув режа асосида тузилган. Баъзи вақфномаларга кўра, ўқув муддати 21 йилга узайтирилган ёки баъзан 8 йилга қисқартирилган. Улуғбек мадрасасида ўқув муддати расман 8 йилга мўлжалланган [4]. Шунга биноан ўқув режаси ишлаб чиқилган. Лекин Улуғбек мадрасасида ўқиб, ижозатнома олиш муддати ўн олти йил ҳам бўлгани ҳақида Шамсиддин Муҳаммад Балхийнинг санад (шаҳодатнома)и далолат беради [8].

Мадрасаларда асосан ўрганилаётган фанлар таркибида улуми нақлия (Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф) ва у билан боғлиқ илоҳий илмлардан ташқари, дунёвий фанлар чуқур ўқитилган. Тарих, адабиёт, фалсафа, жуғрофия, аниқ фанлар, тиббиёт, хаттотлик санъати, шеърият ва бошқа фанлар шулар жумласидандир. Лекин баъзи мадрасаларда йўналишига қараб, хусусан, Улуғбек мадрасасида риёзиёт, ҳандаса, илми ҳайъат, тарих, жуғрофия, илми аруз, муҳандислик, араб тили ва унинг морфологияси, фалсафа, мантиқ фанларига катта эътибор берилган.

Мадрасани битирган талабаларга ижозатнома (диплом) берилар эди. Бу ижозатнома талабаларга дарс ўтиш, яъни мударрислик қилиш ҳуқуқини берган. Ижозатномада талаба томонидан ўзлаштирган илм (соҳаси) ва ўрганган асарлар номи ёзилган.

Талабалар ичида ўз қобилияти ва истеъдоди билан алоҳида ажралиб турган талабаларга мадрасада дарс ўтишга ижозатнома берилиб, шу мадрасада мударрис сифатида фаолият олиб борган. Масалан, Мирзо Улуғбек мадрасасида Али Қушчи ва Абдураҳмон Жомий мударрис сифатида фаолият юритди.

Шундай ижозатномалардан бири, аниқроғи Улуғбек мадрасасининг бош мударриси Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий томонидан 1435 йили берилган ижозатнома Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида сақлаб келинмоқда [7]. Академик Б.Аҳмедов «Улуғбек» номли рисоласида унинг ўзбекча таржимасини келтирган. У қуйидагича: «Шамсиддин Муҳаммад Балхий илм таҳсил қилиш учун ватанидан узоқ ерларга сафар қилишни ихтиёр қилди. Мусофирликнинг оғир заҳматларига чидади… У Самарқандда ўн олти йил чамаси истиқомат қилди. Унинг талаб водийсида илмнинг тиниқ сувига ташналиги кун сари ортиб турди. Идрокли ва зийрак бўлгани учун дарсларни тез тушунар эди. Дарс вақтларида Абу Бакр Урмавийнинг «Лавом ал-асрор мин матолеъ ал-анвор» китобининг яширин сирларини тушунди. «Бадоеъ ал-ибкор мин таволеъ ал-афкор» асарининг пардалари нуқталарини очди. Шунингдек, «Талвиҳот ал-тавзеҳ» китоби унинг эътиборини тортди. «Минҳож ал-вусул ило ал-усул»ни тинмайин мутолаа қилди. Ниҳоятда тортилиб ва ҳаракат қилиб «Иҳком ал-аҳком мунтахаб мунтаҳил амал ва-с-суол» китобларини ҳам этишди. «Мафотеҳ абвоб ал-адаб»ни таҳсил қилди. «Кашшоф» ва унинг ишончли шарҳларидаги чиройли ибораларнинг юзларидан парда очди.

«Қуръон» оятлари денгизидан дурлар олиб чиқди. Ундан ташқари «Мавокий ал-калом» саҳифаларидаги латиф сўзлар ҳамда мақсадларидан воқиф бўлди. «Ҳидоя» далилларига эришди. Шеърий масалаларни билиш учун «Ниҳоя» («Ҳидоя» шарҳи)га тўғри йўл топди. Ушбу даражага етгач, юртдошларини ўз илмидан нафлантириш учун ватанига қайтмоқчи бўлди. Мендан олий санад билан ижозат беришимни илтимос қилди. Мен унинг илтимосини қабул қилдим…

Қозизода Румий номи билан машҳур бўлган фақир ул-ҳақир Мусо ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд 838 йил ражаб ойининг ўрталари (1435 йил февраль ойининг ўрталари)».

Мадрасаларга нафақат ушбу даргоҳ жойлашган шаҳарда яшовчи, балки бошқа ҳудудлардан келган талабалар ҳам қабул қилинар эди. Баъзи мадрасаларнинг донғи кетгани учун уларда таълим олишга талабалар бошқа шаҳарлардан келган. Ҳиротдаги Ихлосия мадрасасига таълим олишга турли мамлакатлардан талабалар келиб ўқиб, мадрасани битиргач, ўз ватанларига қайтган. Бу мадрасада 20 йил мобайнида минглаб талаба ўқиб чиққан.

Темурийлар даврида кўзга кўринган мадрасаларга ўқишга киришга, уни тугатишга давлат томонидан кенг имконият яратилган эди.

Мадрасада олимлар билимини ошириш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилган. Ҳиротдаги Ғиёсия мадрасасига шайхулислом Мавлоно Шаҳобиддин Абалҳақ ат-Тусий (ваф.812/1410) Тусдан келган [10]. Қундузда жойлашган Ишқамиш қишлоғида яшовчи Мавлоно Муҳаммад Бадахший Самарқандга келган, Мирзо Улуғбек мадрасасида яхши таълим олиб, уйига қайтган [14]. Мавлоно Абдураҳмон Жомий 1436 йил Самарқандга келиб, Мирзо Улуғбек мадрасасида аллома Қозизода Румий ва ёш мударрис Фазлуллоҳ Абу Лайслардан таълим олган. Шамсиддин Муҳаммад Балхий ҳам Балхдан келиб Мирзо Улуғбек мадрасасида илм олиш учун Самарқандда ўн олти йил истиқомат қилган [2]. Ҳирот мадрасаларида Мирзо Улуғбек астрономия мактаби намояндалари асарларидан ҳам маъруза қилинган. Шоҳруҳ мадрасасида Муҳаммад Жажармий мударрислик қилиб, Мирзо Улуғбекнинг шогирди Али Қушчининг «Шарх-и тажрид» номли асаридан маъруза ўқиган. Тингловчилар орасида Абдураҳмон Жомий ҳам бўлган.

Ўрганилаётган даврнинг етук олимлари турли фанлар бўйича мадраса ўқувчилари учун дарслик яратган. Жумладан, Алишер Навоийнинг устози Маҳдуми Мавлоно Фасиҳиддин Муҳаммад Низомий (Оҳунд) морфология ва синтаксис бўйича ўқув қўлланма ёзган. Унинг фалсафа ва риёзиёт фанларига оид асарларидан мадраса талабалари дарслик сифатида кенг фойдаланган [6].

Маълумки, Мавлоно Саъдиддин Масъуд Тафтазонийнинг (ваф. 1511) мероси Ўрта асрларнинг деярли ҳамма билим соҳаларини қамраб олган 40 дан ортиқ асарлардан иборатдир. Унинг қаламига мансуб барча асарларидан, Қуръонга ёзилган шарҳи бундан истисно, ХИВ аср иккинчи ярмидан ХВИ аср иккинчи ярмигача бўлган даврда Мовароуннаҳр мадрасаларида дарслик сифатида фойдаланилган.

Мавлоно Саъдиддин Масъуд Тафтазоний мадраса талабалари орасида кенг тарқалган бир қатор «Рисола»ларни ёзган. Улар орасида энг машҳури «Алвоҳи хавотир» («Хотира тахтаси») эди [12].

Мадрасаларда давлат маъмуриятида хизмат қилувчи, элчилик ишлари билан шуғулланувчи ва лашкарбошилар ҳам тайёрланган. Айнан шу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда баъзи мадрасаларда ихтисослигига кўра улуми ақлия, улуми маъмурия, улуми ҳарбия фан соҳаларидан маъруза ўқилган.

Олимлар йиғилиши (кенгаши) ҳам тез-тез бўлиб турган ва унда уларнинг маълумотини ошириш учун ҳар гал янги асарлар юзасидан маъруза қилинган. Жумладан, Мирзо Улуғбек атрофида Самарқандда тўқсондан ортиқ олимлар йиғилган. Буни Зайниддин Восифийнинг қуйидаги маълумоти исботлайди: «Айтадиларки, олимлар йиғилиш куни тўқсон аллома наздида мавлоно Хофий «Ал-Мажист»дан дарс айтибдур» [5].

Маълумки, ҳозирги олийгоҳларни – институт, университетларни тамомлаган иқтидорли талабалар шу олийгоҳда кейинчалик устозлик қилишга таклиф қилинади. Фикримизча, бу анъана бизгача темурийлар давридан етиб келган. Улуғбек мадрасасида ҳам қобилиятли ёшлар мадрасани битирганидан кейин мударрис сифатида олиб қолинган. Жумладан, Алоиддин Али Қушчи, Абдураҳмон Жомий, Мансур Коший ва бошқалар Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбек эътиборига тушган ва шу мадрасада дарс берган. Абдураҳмон Жомий бир қанча вақт Улуғбек мадрасасида сарф ва наҳвдан дарс ўтган. У кейинчалик, мударрислик тажрибаларини умумлаштириб «Шарҳи мулло» асарини ёзди. Аслида, бу асар «Ал-Қофия» асарига шарҳ бўлиб, ХХ аср бошларида ҳам мадрасаларда асосий дарсликлардан бири сифатида ўқитилган.

Ҳар бир мадрасада, албатта, мутавалли лавозими бўлган. У асосан хўжалик ишлари билан шуғулланган. Унинг зиммасига мадрасага тегишли вақф ерларини ижарага бериш, ундан тушадиган даромадни, шунингдек, вақфнинг ихтиёрида бўлган карвонсарой, дўкон, тегирмон ва бошқа кўчмас мулклардан келадиган даромадларни оқилона тақсимлаш, мадраса ходимларига маош, талабаларга эса вазифа (стипендия) сифатида маблағ, озиқ-овқат маҳсулотлари ажратиш каби хўжалик ишларини олиб борган.

Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг энг эътиборли мадрасаларидан бири бўлган. У икки қаватли бўлиб, 55 нафар ҳужраси бўлган. Ҳар бир ҳужра 2 талабага мўлжалланган, уч хона: ётоқхона, дарсхона, қазноқ (озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар учун)дан иборат бўлган.

Талабаларни ўқитишда уларни юқорида айтилганидек, қуйи, ўрта ва юқори гуруҳларга бўлиб чиқилган эди. Талабаларга бериладиган вазифа (стипендия)ларни уларнинг ўқиш савиясига қараб белгиланган. Мадрасани расмий ўқиш муддати ичида тугатмаган талабаларга маош берилмаган [9:9].

Бухоро мадрасасининг вақфномаси ҳозирча номаълумдир. Лекин 1841-1843 йилларда Бухорода бўлган рус сайёҳи Н.В.Хаников маълумотига кўра, шу йиллари мадраса талабалари йилида 3,5 тилло олган [11].

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, мадраса вақфномаларида нафақат иқтисодий жиҳатлари, балки улардаги тартиб-интизом, ўқитиладиган фанлар, талабаларнинг уч гуруҳ: адно, авсат, аълога бўлиб ўқитилиши ҳақида ҳам сўз юритилади. Демак, ҳар бир гуруҳга хос ўқув дастури ишлаб чиқилган эди.

XV аср Мовароуннаҳр ва Хуросон мадрасаларида ўқиш муддати расман 8 йил бўлган. Агар талаба шу 8 йил ичида дастур талабларини бажара олмаса, белгиланган вазифа (стипендия) тўхтатилган ва талаба белгиланган имтиёзлардан маҳрум бўлган.

Алишер Навоий «Вақфия» асарида мадрасадаги тартиб-интизом ҳақида қуйидаги маълумотни келтиради: «Шарт улким, мадраса маволиси (эгаси) мадрасада батутат қилғайларким, агар ўзга ерда сокин бўлуб, дарс чоғи ҳозир бўлмасалар, муқаррар қилғон вазифанинг нисфин олғайлар ва бу мадраса ва хонақоҳнинг мударрисидин ё талаба ва мутавалли ва шайх ва ҳуффоз ва сойир амаласидин номашруʼ амре содир бўлса, икки қатлағача шаръан ҳар мувоҳазаға муставжиб бўлсалар, анга кўра бўлсалар, анга кўра таъзир ва эҳтисоб қилсунлар. Уч қатла вужуд тутқондин сўнгра ихрож қилсунлар, дағи ўрнига яна киши насб қилсунлар» [1].

Кўриниб турибдики, мадрасадаги тартиб-интизом, талабаларнинг дарсга қатнаши қаттиқ назорат остида бўлган, дарсга қатнашмаганларга вазифа бериш тўхтатилган. Агар талаба уч марта сабабсиз дарсни қолдирса, мадрасадан чиқарилган, унинг ўрнига муносиб талаба қабул қилинган.

Хуллас, мадрасалар қурилиши сабабсиз эмас эди. Чунки Амир Темур салтанатга асос солиб, уни янада мустаҳкамлаш учун саводли амалдорлар, зиёлилар етиштиришга зарурат пайдо бўлган эди. Амир Темур ва темурийлар даврида таълим тизими ривожига катта эътибор қаратилган. Амир Темур қаерда бўлмасин, ўзи билан Самарқандга кўзга кўринган олиму фузалоларни олиб келиб, таълим ва фан ривожига ҳисса қўшишига шароит яратиб берган. Ўзидан илгари Мовароуннаҳрда қурилган ва турли сабаблар туфайли бузилиб кетган мадрасаларни тиклаб, уларда талабалар таълим олиши учун имконият яратган. Амир Темурдан кейин Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрда, Шоҳрух, Султон Ҳусайн Бойқаро ва Бадиуззамон эса Хуросонда унинг бу борадаги ишларини давом эттирди. Мударрис ва талабалар эҳтиёжи (маош, таом, кийим-кечак, ётоқ, ўқишга керакли нарсалар ва б.) давлат маблағлари ва вақф мулклари ҳисобидан таъминлаб турилди.

Дарҳақиқат, Ўрта асрларда мадрасалар илму урфон ва зиё тарқатиш маскани бўлган. Ҳозирги кунда юртимиздаги университет ва институтлар юқоридаги мадрасалар вориси сифатида хизмат қилмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Вақфия. Т.14
  2. Аҳмедов Б. Улуғбек. Эссе. – Б.112-113.
  3. Бартольд В.В. Улугбек и его время.; Мец А. Диэ Рениссанcэ дес Исламс. 1922. Ўша муаллиф, Мусульманский ренессанс. – Москва: Наука, 1966; Абдуллаев В., Валиходжаев Б. Дыхание веков. – Самарканд, 1970; Иҳсан оғлу Э.Османли эгитим муэссеселери. // Османли девлети ве медениети тариҳи. 2 cилт. – Истанбул, 1998. – Б.232-251.
  4. Вехи времен. Альманах-89. – Ташкент: Ғафур Ғулом, 1989. – С.87; Валихўжаев Б. Самарқандда олий таълим – мадрасаи олия – университет тарихидан лавҳалар. 28-бет; Тахиров М. Педагогические взгляды Мирзы Улугбека. – С.63.
  5. Зайниддин Восифий. Бадоеъул вақоеъ. – Б.50-51.
  6. Матвиевская Г.П., Тиллашев Х. Математические и астрономические рукописи… – С.25; Юсупова Д. Жизнь и труды Хондамира. – С.97-98.
  7. Ўз ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институти фонди. Инв. Р 106 83-Ш.
  8. ЎзФА Абу Райҳон номидаги Шарқшунослик Институти қўлёзмалар фонди. Инв. №10683/ ИИИ: Ахмедов Б. Улуғбек. Эссе. –Тошкент: Ёш гвардия, 1989. – Б.112-113.
  9. Ўролов А., Хожихонов М. Улуғбек яратган маънавият. – Б.9.
  10. Фасих Хавафи. Муджмал-и Фасихи. – С.157.
  11. Ханыков Н.В. Описание Бухарского ханства. СПб.1943. – С.86; Бартольд В.В. Соч. Т.ИИ. Ч.2. – С.125.
  12. Хондамир. Макорим ал-ахлоқ. Кембр. нашри. 133 б, 157 б-варақлар; Юсупова Д. Жизнь и труды Хондамира. – С.115.
  13. Хондамир. Маъосир ал-мулук. Теҳр. нашри. 175-бет. Юсупова Д. Жизнь и труды Хондамира. – С.149.
  14. Хондамир. Ҳабибус сияр. Теҳр. нашри. ИВ ж., – Б.349; Юсупова Д. Жизны и труды Хондамира. – С.156.
ТОХИР МАХМУДОВ,
Самарқанд давлат университети катта ўқитувчиси, т.ф.ф.д. PhD.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …