Home / МАҚОЛАЛАР / Зироат ҳам ибодатдир

Зироат ҳам ибодатдир

Ҳар йил баҳор келиши билан далаларда иш қизигандан қизийди. Офтоб тафтида нами бироз кўтарилган, етилиб қолган ерлар томон бободеҳқонлар “ёмғир ёғиб қолмасин”, деган ҳадикда, меҳнат қуролларини олган ҳолда шошиладилар. Қиши билан авайлаб-асраган уруғларни она замин кўксига қадайдилар, устидан майин тупроқ тортиб, Яратгандан бу йилги ҳосилга барака беришини сўраб қўлларини дуога кўтарадилар.

Маълумки, деҳқончилик серманфаат, инсонларнинг эҳтиёжи тушадиган бирламчи касблардандир. Унинг билан кишилар кундалик эҳтиёжларини қондирадилар, киядиган кийимларидан тортиб, ейдиган овқатларигача, ўтирадиган тўшаклари-ю, ёпинчиқларининг ҳамма-ҳаммаси ердан олинган ҳосилга алоқадор. Ҳаттоки, чорвалар ҳам деҳқонлар етиштирган маҳсулотга умид боғлайдилар.

Уламолар қайси касб афзаллиги борасида турли фикрларни билдирганлар. Баъзилари зироат афзал деган бўлсалар, яна баъзилар эса қўл меҳнати, яъни ҳунармандчилик афзал деб айтганлар. Бошқалари эса тижоратни афзал кўрганлар. Имом Мовардий:

«Касбларнинг асллари зироат, тижорат ва ҳунармандчиликдир. Уларнинг яхшиси зироатдир. Негаки у таваккулга яқин», деган. 
Имом Нававий айтади: «Тўғриси шуки, касбнинг покизароғи қўл меҳнати билан бўлганидир. Деҳқончилик айни қўл меҳнати бўлиб, касбларнинг покизасидир. Унда таваккул бор, унда инсонлар ва ҳайвонларга умумий фойда бор».

Ислом динида зироатга алоҳида эҳтимом билан ёндашилган. Қуръони каримда “дарахт” сўзи бирлик шаклда 19 маротаба, кўплик шаклда эса 6 маротаба зикр этилган. «Заръ» (экиш, ўтқазиш, парвариш қилиш, ишлов бериш, ўсимлик) сўзи ва унинг шаклдошлари 13 ўринда келтирилган. Каломи шарифда фақат биринчи даражали нарсалар келтирилганини эътиборга олсак, унда зироат ҳақида сўз юритилиши унинг нечоғли аҳамиятли эканига далолат қилади. Мисол тариқасида қуйидаги оятни келтирами

وَهُوَ الَّذِي أَنْشَأَ جَنَّاتٍ مَعْرُوشَاتٍ وَغَيْرَ مَعْرُوشَاتٍ وَالنَّخْلَ وَالزَّرْعَ مُخْتَلِفًا أُكُلُهُ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُتَشَابِهًا وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ كُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ 

У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган(узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди. (Анъом,141).

Шариатда дарахтга шундай эътибор кўрсатилганки, ҳатто, охиратда солиҳ амаллар эвазига мукофот қилиб дарахтлар ҳадя этилиши айтилган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: 
«Ким: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, унинг учун жаннатда хурмо ўтқазилади». Бошқа бир ривоятда «дарахт» дейилган.

Деҳқончиликнинг фазилатларидан яна бири кишини ўзгаларга гина-кудурат қилишдан машғул қилиб қўяди, деҳқоннинг бундай ишларга вақти бўлмайди, инсонларнинг айбу нуқсонларини ахтаришдан сақлайди, турли гап-сўзларидан узоқда тутади. Имом Шавконий тафсирларида шундай деганлар: «Зироат билан шуғулланиб, инсонлардан беҳожат бўлиш билан киши буюк қурбатни ҳосил қилади. Шунинг билан бирга деҳқончилик инсонларга ўралашиб қолишдан ҳимоя этади».

Кўчатнинг мевасидан ва уруғнинг ҳосилидан уларнинг соҳибига ажр борлигини кўплаб уламоларимиз айтиб ўтганлар. Бу иккиси ҳосил беришда дамом этар экан, эккан кишига ҳам савоб бардавом бориб туради. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур», дедилар».

Деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланадиган киши даставвал бу ишда моҳир бўлиши, унинг илмини пухта ўзлаштириши керак. Шунинг билан бирга ниятини ҳам гўзал қилиши, бу иши билан ўзгаларнинг мушкулини осон қилишни, эҳтиёжини қондиришни мақсад қилмоғи лозим. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда дўстининг кўмагида экан, Аллоҳ унинг кўмакчисидир», деганлар. 

Деҳқону боғдорлар гўзал ният ва ихлос билан меҳнат қилар эканлар, устиларига баракалар ёғилади, яхшиликлар мўл-кўл бўлиб келади. Чунки унинг манфаати деҳқоннинг ўзига, барча инсонларга, ҳаттоки, қушлар, ҳайвонлар ва ҳашоратларга ҳам доимий етиб туради. Бу эса ўта хайрли иш бўлиб, Аллоҳга бўлган айни ибодатдир. Зеро, шоир Мирзо Кенжабек айтганидек: 

Бутун борлиқ, наботот ҳам Яратганга этар тасбиҳ,

Бобо деҳқон экиб юрса, зироат ҳам ибодатдир.

 

У.Муҳаммадиев:
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
 маркази Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …