Home / МАҚОЛА / АЛЛОҲ ЗАМОН ВА МАКОНДАН ОЛИЙДИР

АЛЛОҲ ЗАМОН ВА МАКОНДАН ОЛИЙДИР

Мушаббиҳа ва карромийлар: “Аллоҳ таоло Арш устини макон тутган. У бошқа жисмларга ўхшамаган бир жисмдир. Бунга Аллоҳ таолонинг:

﴿الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى﴾

Раҳмон Аршга истиво қилди”[1], деган сўзи далилдир”, дейди.

Уларга бундай деймиз: “Бу ўринда “истиво” сўзиистийло” (эга бўлиш) маъносида тушунилади”. Уларнинг: “У жисмдир”, деган сўзини эса Аллоҳ таолонинг:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾

Ҳеч нарса Унга ўхшаш эмасдир”[2], деган сўзи билан рад этамиз. Оятдаги  كَمِثًلِه  сўзида ك ҳарфи зоида бўлиб келган. Чунки араб тилида ك ва مِثًلِ сўзлари бир хил, яъни “ўхшаш” деган маънони ифодалайди. Ҳозирги оятда келганидек, баъзан сўзда муболаға қилиш мақсадида икки сўз ҳам бирга ишлатилади. Демак, бу оятни Аллоҳнинг мисли борлигига эмас, балки ҳеч нарса ҳеч қайси жиҳатдан Унга ўхшамаслигига далил бўлади.

Улар: “У бошқа шайъларга ўхшамаган бир шайъдир, дейилади-ку”, деса, биз: “Шайънинг маъноси “мавжуд” демакдир (яъни, “шайъ” умумий сўз бўлиб, ҳар бир мавжуд нарсага қўлланадиган номдир). Жисм эса ундай эмас (яъни, жисм хос сўз бўлиб, фақат махлуқотларга нисбатан қўлланади)”, деймиз.

Улар: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ҳақида:

﴿خَلَقْتُ بِيَدَيَّ﴾

Ўз қўлларим билан яратдим”[3], деган-ку”, деса, биз: “Қуръони каримда келган “қўл”, “юз”, “кўз”, “оёқ” каби сўзлар “қудрат” маъносида тушунилади. Оятда “Мен Одамни Ўз қудратим билан яратдим” деган маъно ифодаланган”, деймиз. Чунки Аллоҳ таолода аъзоларнинг мавжудлиги Унинг махлуқотларга ўхшаш бўлишини тақозо қилади. Ваҳоланки, У Зот ҳеч бир жиҳатдан махлуқотларга ўхшамаслигини Қуръонда очиқ баён қилган.

Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад, Имом Молик ва Имом Шофеъий каби мутақаддим олимлар Қуръони каримда Аллоҳ таолога нисбат берилган “қўл”, “юз”, “кўз”, “оёқ” каби сўзларни таъвил қилмаган. Яъни бирор маънога йўймаган. Улар: “Бу сўзларнинг ҳақиқий маъносини ёлғиз Аллоҳ билади”, деган. Аммо Имом Мотуридий даврига келиб, таъвил қилишга эҳтиёж туғилган. Шунинг учун олимлар уларни “қудрат” маъносида таъвил қила бошлаган. Имом Мотуридий ҳам мушаббиҳа ва карромийларга раддия беришда баъзан ушбу усулдан фойдаланган.

Мўътазила ва қадария тоифалари: “Аллоҳ ҳамма маконда”, дейди. Улар Аллоҳ таолонинг:

﴿وَهُوَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ إِلَهٌ وَفِي الْأَرْضِ إِلَهٌ﴾

У осмонда ҳам илоҳ, Ерда ҳам илоҳ”[4], деган сўзини далил қилади.

Уларга бундай деймиз: “Бу сўздан Аллоҳнинг илоҳлиги (маъбудлиги) осмону Ерда жорий экани ирода қилинган. Демак, бу оятни “Осмон ва Ердаги мавжудотлар Аллоҳга ибодат қилади”, деган маънода тушуниш керак. Қолаверса, уларнинг “Аллоҳ ҳамма маконда” деган сўзидан У Зот йиртқич ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг қорнида ҳам бўлиши келиб чиқади. Чунки уларнинг қорни ҳам қайсидир жиҳатдан макон ҳисобланади. Аллоҳ золимлар айтган сўздан олийдир.

Бизнинг бу масалада тутган йўлимиз қуйидагича: Аллоҳ таоло маконга ўрнашиш томонлама эмас, балки буюклик жиҳатидан Аршдан олийдир. Чунки  “олий” сўзи “олий маконга кўтарилувчи” маъносини билдириши билан бирга, “буюк” ва “пок” деган маъноларни ҳам англатади. Демак, “Аллоҳ Аршдан олий” деганда, “Аллоҳ Аршдан буюк ва беҳожатдир” деган маъно тушунилади. Абу Ҳанифа ҳам: “Биз Уни энг олий важҳдан зикр қиламиз, энг қуйи важҳдан эмас”, деб “буюклик” маъносини назарда тутган.

 Аллоҳга макон нисбат берганлар инсон дуо қилганида қўлини осмонга кўтариши, кўзини осмонга тикиши ва қалби осмонга талпинишини далил қилади. Имом Мотуридий уларга: “Аллоҳ таоло яхшиликлар ва хайр баракани осмондан туширгани учун одамлар шундай қилади”, деб жавоб берган. Аллома бу билан Аллоҳ таоло осмонлардан ҳам, Аршдан ҳам олий экани ва улар Аллоҳга нисбатан заррага ўхшаб қолишига ишора қилган. Дарҳақиқат, инсон борлиқнинг Яратувчисини эслаганида, унинг қалби олийликка талпинади. Бунинг сабаби, Аллоҳ барча олий нарсалардан олийроқ эканидир. Аммо инсон кўзи илғай оладиган энг олий нарса осмон бўлгани учун унга қарашдан у ёғига ўта олмайди. Бу Аллоҳ осмонда ёки Аршнинг устида эмас, балки инсон Унинг олийлигини ҳис этишдан ожиз эканига далил бўлади. Адашган тоифалар Аллоҳ таолони оламнинг юқори қисмида жойлашган, деб тушуниб қолган. Биз эса, олам Аллоҳ таолога нисбатан зарра кабидир, деймиз. Чунки олам қанчалик катта бўлмасин чегараланган нарсадир. Аллоҳ таоло эса, чек ва чегараси бўлмаган Зотдир. Чексиз Зот чегараланган нарсанинг бир томонида бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир чегараланган нарсанинг чегараловчиси бўлиши лозим. Аллоҳ таолони чегараловчи йўқлиги Унинг чегарасиз эканига далилдир.

Қуръондаги муташобиҳ оятлар муҳкам оятларга тобе қилиниши вожибдир. Аллоҳ таоло:

 ﴿هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آَيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آَمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ﴾

“У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унинг бир қисми муҳкам оятлар бўлиб, улар Китобнинг аслидир. Бир қисми эса муташобиҳдир. Аммо қалбларида ҳақдан оғиш бўлган кимсалар фитна чиқариш ва унинг маъносини билиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Ҳолбуки, унинг маъносини фақатгина Аллоҳ билади. Илмда собит бўлганлар эса: “Унга иймон келтирдик. Барчаси Роббимиз ҳузуридандир”, дейди. Бундан фақат ақл эгаларигина насиҳат олади”[5], деб марҳамат қилган.           

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Аллоҳга макон нисбат берганлар У Зотни ҳақиқий қадрлай олмаган. Албатта, Аллоҳ таолони бирор маконда, дейиш Уни ўша макондан кичик ва унга муҳтож деган маънони келтириб чиқаради. Чунки биз кўриб турган оламда макондаги нарсаларнинг ҳолати шундай. Улар ўз қарашларига муҳкам (маъноси равшан) оятларни қўйиб, муташобиҳ (маъносини фақатгина Аллоҳ биладиган) оятларни далил қилган. Масалан, улар далил қилган “Раҳмон Аршга истиво қилди” оятини бир неча маъноларда тушуниш мумкин. Чунки ундаги “истиво” сўзи араб тилида “олий бўлди”, “кўтарилди”, “ўрнашди”, “эга бўлди”, “баробар бўлди”, “мукаммал қилди”, “қасд қилди” каби бир неча маъноларни англатади. Имом Мотуридий шу маънолар орасидан “олий бўлди”, “эга бўлди”, “қасд қилди”, “мукаммал қилди” каби Аллоҳнинг шаънига лойиқ бўлганларини қўллаб-қувватлаган. Аммо “кўтарилди”, “ўрнашди”, “баробар бўлди” каби маъноларни рад этган. Чунки “кўтарилиш, “ўрнашиш” ва “баробар бўлиш” жисмларга хос сифатлардир. Аллоҳ таоло муҳкам оятида: “Ҳеч нарса Унга ўхшаш эмасдир”, деб Ўзини оламдаги барча мавжудотдан бошқача эканини очиқ баён этган. Шунинг учун Уни “жисм” дейиш ёки жисмга хос сифат билан сифатлаш жоиз эмас.

 [1] Тоҳо сураси, 5-оят.
[2] Шўро сураси, 11-оят.
[3] Сод сураси, 75-оят.
[4] Зухруф сураси, 84-оят.
[5] Оли Имрон сураси, 7-оят.
Обид ХУРСАНДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …