Тавфиқнинг тавсифи ҳақида сўзимизни давом эттирар эканмиз, гуноҳ ва ёмон ишлардан сақланиш ҳам Аллоҳ тавфиқ берганидан эканини унутмаслигимиз зарур.
- Инсон ўзини гуноҳлардан сақлаши ёки бундай ишларга қўл урганда қилган иши учун Яратган зотдан мағфират сўраб тавба қилиши ҳам унинг омадли экани белгисидир. Зеро, Аллоҳ таоло бандасининг ширкдан бошқа гуноҳларини кечириши тўғрисида ваъдаси бор. “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: Энг катта гуноҳ нима? деб сўради. Расулуллоҳ: “(Илоҳликда) Аллоҳ таолога бошқани тенг кўрмоқлигинг, ҳолбуки У сени яратган эди”, деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло кимга гуноҳу маъсият ва фаҳш ишлардан йироқ бўлиб, солиҳ инсонлар билан аралашиб яшаш имконини берган бўлса, бу ҳам унинг омадли экани аломатидир. Юсуф сурасининг 24-оятида Аллоҳ таоло: “…. Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни, уни Ўз ҳифзу ҳимоямизда асрадик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир”, деб марҳамат қилган. Бу билан Яратган зот ёмон ва бузуқ ишлардан сақланиш учун бандага Ўзининг ҳимояси зарур эканини уқтиради. Шунингдек, инсонлар дуода буни Ўзидан сўрашни унутмаслиги лозим эканини таъкидлаган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 27-оятида: “Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилишни истайди, ҳою ҳавасга берилган кимсалар эса (ҳақ йўлдан) бутунлай оғиб кетишингизни истайдилар”, деб инсон гуноҳ қилиб қўйганда, раҳматидан бенасиб қолдирмаслик учун унга тавба эшикларини очди. Банданинг хато ва гуноҳларини тан олиб, чин ихлос билан тавба қилиши ва бундай номақбул йўлдан қайтиши ҳам унинг омадли эканига бир ишорадир.
- Инсонни беҳуда нарсалар ва фойдасиз ишлардан ўзини йироқ тутиши ҳам унга берилган тавфиқ – омаднинг бир аломатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши исломининг чиройли бўлгани далили уни беҳуда, фойдасиз нарсаларни тарк этганидир,”[1] деганлар. Бу билан у зот ислом динига кирган киши беҳуда гап-сўзлар, дунё, охирати, ўзи ва атрофидагилар учун фойдасиз ишлардан четлашиши лозим эканини уқтирадилар.
- Тавфиқ – омаднинг яна бир аломати кишининг инсонлар ҳожатини чиқариб яшашидир. Инсоннинг бошқаларга яхшилик қилиб, уларни хурсанд қилиши ёки яхшиликни раво кўриб яшаши ҳам унинг саодатли эканига далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг маҳбуброғи, одамларга манфаатлироғидир”[2], деганлар.
- Кишининг Аллоҳ таоло каломини ўқий олиши ва уни бошқаларга таълим бериши ҳам унинг ҳаётда омади чопганини билдиради. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганадиган ва ўргатадиганларингиздир,”[3] деб марҳамат қилганлар.
- Кишининг чиройли хулқ ва мўминларга муҳаббатли қалбга эга бўлиб, саховатли ишларга бошқарилиши ҳам унинг саодатманд, тавфиқли инсон эканига далолатдир. Инсон олимлиги билан қадр топмаслиги, мақсад қилган даражага ета олмаслиги мумкин, аммо чиройли хулқи бунга билан эришади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз, хулқи чиройли бўлганларингиздир”,[4] деб чиройли хулқ соҳибларини умматнинг энг яхшилари қаторига қўшдилар. Шунингдек, қиёмат кунида чиройли хулқдан кўра оғирроқ амал бўлмаслиги ҳақида ҳам бир қатор ҳадислар келган.[5]
- Кишини ўз аҳли оиласи билан яхши муносабатда бўлиши, тинч-хотиржам яшаши ҳам унга берилган тавфиқ сабабидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларни яхшиларингиз аҳли оиласига яхши муносабатда бўлганларингиздир ва мен аҳли оиламга яхшилик қилишда сизларнинг энг яхшироғингизман”,[6] дедилар.
Шунингдек, яна бир ҳадисларида: “Ким оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга гўё дунё тўлиғича берилибди”,[7] деганлар.
Демак, кишининг тани соғ, оиласи тинч, ўзаро муносабатлар яхши, хонадони осойишта, рўзғорига етарли миқдорда кунлик озуқаси бўлишининг ўзи ҳам унга берилган катта омад экан.
Юқорида Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган омад –тавфиқнинг баъзи аломатлари ҳақида маълумот берилди. Айтиб ўтилганларга, аввало, ўзимизнинг амал қилишимизга тавфиқ беришини сўраймиз! Инсон кечаю кундуз Яратган зотдан ўзи ва аҳли оиласи, жумла мўмин-мусулмонларни мана шу тавфиқ сари бошқаришини сўраши лозим. Ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолодан шундай бахтли бандалар қаторида бўлиш учун тавфиқ сўраши ва унга интилиши лозим.