Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ТАВФИҚ МАСАЛАСИ (1-қисм)

ИСЛОМДА ТАВФИҚ МАСАЛАСИ (1-қисм)

Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига тоату ибодат қилиши ва хайрли ишларни амалга ошириб, Ўзининг муҳаббату розилигига етиши учун яратди. Бизни Яратган зот бандалари орасида Ўзига ширк келтирмай ибодат қиладиган ва солиҳ амалларда бардавом бўладиганларини яхши кўради. Фаҳш ва бошқа қайтарилган ишларни қилган бандаларидан рози бўлмайди. Албатта, Аллоҳ таоло неъмат берувчи зот. Инсонлар учун берилган неъматлар ичида энг буюги унинг ҳидоятга мушарраф бўлиб,  амалларини ислом дини ақидаси ва кўрсатмаларига мувофиқ бажаришидир. Мўмин киши зиммасига дунё ва охиратда фойдали бўлган амалларни танлаб, уни бажариш масъулияти юклатилган. Албатта, бу ишда унга Аллоҳнинг ҳидояти, инояти ва тавфиқи зарур. Бунинг учун у доимо Аллоҳга сиғиниши, Унга илтижо қилиб тавфиқ беришини сўраши керак.

Мусулмон киши ҳаёти давомида ҳар хил фитна-фасод, бузғунчи ғоя ва амаллардан эҳтиёт бўлиши, ҳидоятдан сўнг залолатга адашиб кетишдан сақланиши лозим. Хусусан, “оммавий маданият” каби фитналардан эҳтиёт бўлиши ва бошқаларни ҳам бу ҳақда огоҳлантириши ҳар бир мусулмоннинг асосий бурчларидан бири саналади. Агар инсонга Аллоҳ таоло тавфиқ берган бўлса, бунинг учун Яратган Зотга ҳамду санолар айтиб, қадамини собит қилиши, агар тавфиқда бўлмаса, бу йўлга интилиши ва унга етиши лозим. Зеро, тавфиқ, инсонга дунё ва охират саодатига эришмоғи учун энг муҳим омиллардан бири саналади. Тавфиқсиз инсон дунё ва охират саодати ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигига эриша олмайди. Хўш, тавфиқ бизни икки дунё саодатига етказувчи муҳим омиллардан бири бўлса, унинг ўзи нима эканини биламизми? Тавфиқдан нечоғлик хабардормиз? каби саволларга жавоб топиш муҳим аҳамиятга эга.

Кўпчилик “муваффақият қозониш, бир ишга муваффақ бўлиш, омади келиш” ибораларини жуда тор доирада қўллайди. Бу дин ва охират ишлари зое қилиниши эвазига бўлса ҳам дунё эшиклари очилган кишига нисбатан ишлатилади. Аслида тавфиқ, яъни омади келмоқ, иши юришмоқ иборасини бундай таъриф билан нисбат қилиш диний билимлар етарли эмаслиги сабаблидир.

Тавфиқ кенг қамровли масала бўлиб, бу ҳақда келган манбаларга суяниб аҳли сунна вал жамоа ақидасига биноан ўз фикримизни билдиришга қарор қилдик. Агар Қуръони карим ва ҳадисларда келган манбалар чуқур тафаккур қилинса, “тавфиқ – омад келиши” ибораларининг ҳақиқий маъноси намоён бўлади.

 “Тавфиқ” сўзи араб тилидаги “ваффақо” феълидан олинган бўлиб, “яхши йўлга бошқармоқ”, “эзгу амалларга мувофиқ қилмоқ”, “муваффақият қозонмоқ”, “омади келмоқ” маъноларини англатади.[1] Бу сўз маъноси умумлаштирилса, унда “инсонни ҳаётда яхши, солиҳ ва эзгу амаллар сари йўналтириш, яъни бу борада унга “омаднинг берилиши” мазмуни келиб чиқади.

Шаръий истилоҳда “тавфиқ” сўзи “Аллоҳ таоло бандасини Ўзи рози бўладиган ишларга бошқариши ва гуноҳ ишлардан сақлаши”ни англатади.

Қуйида динимизда мавзумизга оид тавфиқ – омад берилиши ҳақида  маълумотларни даражаси билан эътиборингизга тақдим қиламиз:

  1. Аллоҳ таоло томонидан бандага тавфиқ берилиши, ёхуд бандасининг омади келиши белгиларидан энг каттаси – бу инсон мутлақ ҳолда жисми, сўзи ва мол-мулки билан солиҳ амалларга муваффақ бўлишидир. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасининг 71-оятида: “…Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди”, деб Аллоҳ ва Расулига итоатни энг буюк муваффақият эканини уқтиради.  Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– “Аллоҳ таоло агар бирор бандасига яхшиликни хоҳласа, унга амал қилдириб қўяди,” дедилар.

  • Эй Расулуллоҳ, унга қандай амал қилдириб қўяди? деб сўралди. Расулуллоҳ:
  • “Уни ўлимидан олдин солиҳ ишларга бошқариб қўяди,” дедилар.[2]

Шунингдек, Абу Букра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Бир киши  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: Энг яхши инсон ким? деб сўраганида У зот: “Умри узун, амали чиройли киши,”[3] деб жавоб бердилар” дейилган. Демак, инсон умрининг узун бўлиши ва шу вақт давомида яхши иш ва солиҳ амаллар билан машғул бўлиши ҳам айни саодат ва омаддир.

  1. Инсон динда етук илмга эга бўлиши ёки илм йўлини танлаши ҳам унга берилган омад ҳисобланади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида: “У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар”[4] деб марҳамат қилган ва инсонга илм-маърифат берилиши унга нисбатан улкан илоҳий неъмат эканини баён қилади.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (донишманд) қилиб қўяди,”[5] деб, кишининг ўз динида етук олим бўлиши ҳам унга берилган улкан омадлардан бири эканини таъкидлайдилар.

  1. Инсоннинг яхшилик тарқатиши ва солиҳ амаллар қилиши ҳам Аллоҳ таоло берган омаддир. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Фуссилат сурасида Аллоҳ таоло: (Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, “Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?” деб марҳамат қилган. Бу билан исломни қабул қилиб, эзгу ишларга интилган кишининг тутган йўли қандай ҳам чиройли экани таъкидланади. Зеро, бу йўл пайғамбар ва расуллар йўлидир. Кишининг яхши амалларга тарғиб қилиб, ёмон ишлардан қайтариши ҳам унга берилган илоҳий иноятдир. Эзгу ишларнинг аълоси инсонларни тавҳид (якка худолик, фақат Аллоҳ таолога сиғиниш)га чақириб, ширк (Аллоҳдан бошқага сиғиниш)дан қайтаришдир.

 

[1] Али ибн Ҳодия, Ҳасан ал-Балиш, ал-Жилоний ибн Ҳожи Яҳё. Ал-Қомусул жадид. – Тунис, 1985. – Б.1338.
[2] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ат-Термизий. Сунану Термизий. Дару иҳёут турос. – Байрут. 5-жуз, 2142-ҳадис.
[3] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ат-Термизий. Сунану Термизий. Дару иҳёут турос. – Байрут. 5-жуз, 2330-ҳадис.
[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Бақара сураси, 269-оят мазмуни. – Т.: ТИУ, 2006.
[5] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ат-Термизий. Сунану Термизий. Дару иҳёут турос. – Байрут. 5-жуз, 2645-ҳадис.
НОДИР Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
 
(Давоми бор)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …