Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ УСУЛУЛ ФИҚҲГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ УСУЛУЛ ФИҚҲГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Ҳаким Термизий тасаввуф соҳасида яхши танилган олим, усулул фиқҳ ва мақосидуш шариа бўйича асарлар муаллифидир. У шариатни метафизик асослар ва суфий қарашлар асосида баён қилиб, суфиёна фиқҳий усулларни ишлаб чиққан.

Айрим тадқиқотчилар Ҳаким Термизий асарларини усулул фиқҳ илмини қайта қуришга уриниш сифатида баҳолаган. Улар “Ҳаким Термизий ўз асарлари билан усулул фиқҳда янги йўналишни асослаб берди ёки усулул фиқҳ бўйича тўрт мазҳабдан фарқли бўлган янги назарий қарашларни илгари сурди, дейиш мумкин”, деб таъкидлаган [4:185].

Бу мулоҳазалардан “Ҳаким Термизий мужтаҳид бўлганми?” деган савол келиб чиқади. Фиқҳий ижтиҳодлар табақаларини тўлиқ тушуниш учун давр омилини эътиборга олиш зарур. Фиқҳ замонлар оша фиқҳий эҳтиёжларга мутаносиб тарзда ривожланди. Мужтаҳид ўз даври учун мос бўлган ўзгаришларни қайд этиб, мустақил, мунтасиб ва мазҳаб ичидаги ижтиҳодларни амалга оширди [6:302]. Айтиш мумкинки, ҳижрий III ва IV асрлар мутлақ ижтиҳодга эҳтиёж қолмай, асосан мунтасиб мужтаҳидлар – мазҳаббошиларнинг усул ва фуруъ бўйича шакллантирган қоидалари доирасида фаолият юритилган, айрим ҳолатлардагина усул ва фуруъда мухолиф бўлинган. Жумладан, Абу Ҳафс Кабир, Абу Сулаймон Жузжоний, Исо ибн Абон, Таҳовий, Абу Лайс Самарқандий, Жассос ва бошқа фақиҳ уламолар Қуръон ва суннатдан истинбот қилишда умумий ҳолда ҳанафий мазҳаби усулига ва хусусий ҳолатда ўз усулларига таянган. Бу табақа фақиҳлари илк ислом давридан узоқлиги, уларга қадар ҳадислар санади узайгани, профессионал эҳтиёжлари учун кифоя қилгани боис муайян мазҳабни тутган, мутлақ ижтиҳодга даъво қилмаган. Лекин уларда ўз усуллари ва мазҳабдаги жорий қоидаларга таяниб, Қуръон ва суннатдан баъзи ҳукмларни чиқариш имконияти бор эди. Аммо бу каби ҳолатлар жуда ҳам кам бўлган.

Аслида биз мазҳаббошилар шакллантирган асосларнинг кейинги кўзга кўринган уламолар томонидан деярли тўлиқ қўллаб-қувватланишини, айрим масалалардагина усул ва фуруъда ихтилофларни кўрамиз. Тарихий ривожланиш жараёнида мазҳаб доирасида мунтасиб ижтиҳоднинг турли жиҳатлари юзага чиққанига гувоҳ бўламиз [6:279-280].

Шу жиҳатдан Ҳаким Термизийнинг суфий тамойиллар асосидаги усул ва фуруъдаги ихтилофларига мустақил-мутлақ ижтиҳод эмас, балки мазҳаб доирасида ўз усулига кўра Қуръон ва суннадан ҳукм чиқариш йўли, деб қараш тўғри бўлади. Зеро, у яшаган даврдаги ҳар қандай ижтиҳод мутлақ ижтиҳод деб баҳоланмаган. Чунончи, Лакнавий: “Имом Табарийдан бошқа бирор киши тўрт мазҳаббоши имомдан кейин мутлақ мужтаҳидликни даъво қилмаган. Лекин бу (даъво) қабул қилинмаган”. Ибн Салоҳ эса: “Шофеий асридан кейин мустақил мужтаҳид йўқ”, деб таъкидлаган [6:280]. Аммо Қуръон, суннат ва асарлардан маънолар, важҳлар, қоидалар, тамойиллар, истинбот қилиб, ҳукм чиқариш ишлари давом этаверган.

Ҳаким Термизий усулий фақиҳ бўлиб, шариатни мукаммал билиш унинг иллатларини (сабаби, моҳияти билан) аниқлаш орқалигина амалга ошишини “Исботул илал” асарида таъкидлаган. У фиқҳий қарашларини баён қилишда Қуръон, суннат, ижмо, қиёс, саҳобийнинг йўли, истиҳсон [7:245-250] ва урфга ўрин беради.

Термизий замондош фақиҳларга уч йўналиш бўйича эътирозини билдирган: 1) фиқҳ илми руҳий-маънавий жиҳатларни қамраб олмаяпти; 2) фақиҳларнинг қиёслари баъзан мушокалага айланиб боряпти; 3) шаръий ҳийлаларда меъёр йўқоляпти. Бунинг ҳаммаси фиқҳни нотўғри тушунишдан келиб чиқади.

Аллома кўплаб асарларида рационал тафаккур аҳамияти, ақлни чархлаш ва фикр юритишнинг инсон тақдиридаги ўрнига тўхталиб ўтган: Расулуллоҳ (а.с.)га бир кишининг ибодатга берилгани ҳақида гап етиб келса, унинг ақлини суриштирар эдилар. “Ақли расо” дейишса, “умид қиламан” дер эдилар. Зидди бўлса, “етиша олмайди” деб марҳамат қилар эдилар.

Термизий райни ишлатишда ҳам адолатга риоя қиладиган ақлга таяниб, кўнгилга қулоқ тутишни, нафс, шаҳват ва васваса билан шаклланган райга эргашмасликни таъкидлаган [8:99]. Шу билан бирга, хато рай соҳибларини танқид қилган. Масалан, ўзига “рай”ни нисбат берганларнинг айримларини бундай зикр қилган: “Ўзига рай нисбат берганлар, бу масалаларга чуқур кириб кетди. Қўлида райга оид китоблар тўпланиб қолиб, шундан ҳаволаниб, буни фиқҳ деб атади. Улар мана шулар билан Аллоҳга бандалик қилинади, деб хаёл қилди. Буларда фақат шу масалаларгина айланади. Билмайдики, устозлари бу ҳақда гапириб ўтган… Улардан Иброҳим Нахаий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирин ўз замонларида, Абу Ҳанифа, Суфён Саврий, Молик, Авзоий ўз замонларида буни айтган. Улар бу масалаларда адолатли ечим беришга интилган”. Шундан сўнг Термизий райчиларни билиб-билмай Аллоҳ билан бандаси ўртасига тушишини, “ҳечқиси йўқ”,  “жоиз” ва “жоиз эмас” деб ҳукм чиқаришини танқид қилиб, бу соҳани хароб қилишидан огоҳлантирган [11:1121]. Аввалги фақиҳлар умматпарвар ва динпарвар бўлганини айтган.

Ҳаким Термизий ҳукмларнинг сабаб ва моҳияти ҳақида қалам тебратган илк муаллифлардандир. Бунда у нақлий ва ақлий далилларга таянган. Унинг фикрича, буни билиш учун оят, суннат, саҳобийлар, тобеинлар ва улардан кейинги уламолардан етиб келган қавллар, ҳукмнинг туширилиш сабабини билиш ва тафаккур қилиш (Аллоҳ бекорга буюрмаслиги ва таъқиқламаслиги ҳикматини англаш) керак бўлади [7:284-289].

Термизий ҳукмларнинг сабаб ва моҳиятини билишни махсус илм деб ҳисоблаган. Унга кўра, иллатларни ҳам илмий, ҳам маънавий жиҳатдан юксак мақомга эришган фақиҳларгина била олади. Ҳақиқий фақиҳ ҳукм мақсадини, унинг сир ва ҳикматини англайди, илоҳий амр ва наҳйнинг (нима учун буюрилгани) ҳикмат пардаларини, ишларнинг хайрли оқибати ёки шармандали натижасини кўра олади.

Ҳаким Термизий қиёс бўйича ҳам ўзига хос фикрни баён қилади: “(Араб тилида) “қиёс” (солиштириш) ва “сиёқ” (ҳайдаш) бир маънода, яъни қиёс ҳар нарсанинг шохобчасини ботиний олий ҳикмат ила Аллоҳ азза ва жалла бандалари учун ўрнатган аслига ҳайдашдир” [9:259]. Шунингдек, қиёсловчи – муқойис ким эканини айтиб ўтади: “Фаросат нури билан ҳикмат асосларини кўра олади, фуруъ масалалари келтирилса, ҳамма шохобчалар қайси ўзакдан тармоқланганини билади ва ўзаккача етиб бора олади” [10:259]. Қиёснинг ҳужжатлигини исботлаш учун оятлар, ҳадислар ва саҳобийлардан далиллар келтиради.

Термизий ҳақиқий қиёсга етишиш учун зоҳирий илм билан бирга ҳикмат – ботин илми зарурлигини таъкидлайди. Бу илм Аллоҳнинг нури билан қалбга жойлашади. Аллома қиёснинг нотўғри қўлланишини “мушокала” деб атаб, фақиҳларнинг бу усулдаги айрим ижтиҳодлари бўйича турли асарларида ўз мулоҳазаларини баён қилади:

– Абу Ҳанифанинг намозни такбир (Аллоҳу акбар) билан эмас, таҳмид (алҳамду лиллаҳ), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ), тасбеҳ (субҳаналлоҳ) билан бошлаш мумкинлиги ҳақидаги қараши;

– Абу Ҳанифанинг намозда форсча ўқиш бўйича қараши;

– Абу Ҳанифанинг рўзадор унутиб таом еб қўйиши масаласига муносабати;

– Абу Ҳанифанинг рўзадорнинг унутиб жимода бўлиши рўзасини бузмаслиги ҳақидаги сўзлари;

– маййитнинг ўрнига ҳаж қилиш масаласининг сабаби (иллати);

– намозда аввалги икки ракатда қаъдани тарк этса, намозга зарар қилмаслиги, саҳв саждаси билан тўғрилаши;

– агар бир киши аёлига мен сенга уйлансам, сен талоқсан, деса ва киши унга уйланса, талоқ тушади, деган қавл [14:95].

Термизий нафақат фақиҳлар, балки аҳли ҳадисдан айримларни ҳам танқид қилади. У ҳадисга ёндашувда кўпроқ фақиҳларга яқин бўлган ва муҳаддисларни уч турга ажратган: 1) руввот (ровийлар) – ҳадисларнинг санади билангина овора бўлиб, амалдан қолган ҳамда умумий ва хусусий мазмундаги хабарларни ажратмай, маъноси очиқ бўлмаган (ғомид)ларни фарқламайдиган, мақсади фақат ёзиш ва ёд олиш бўлиб қолган, фикри боблар, санадлар ровийлар йўллари билан чекланиб қолган, илмнинг фақат пўстлоғини қўлга киритганлар; 2) вуот (англаб етганлар) – Термизий уларни ҳадисларнинг мағзини англаб етишини мақтайди: “Вуот (англаб етганлар) Расулуллоҳ (а.с.) ҳадисларини диндаги ишончли, рози бўлинган имомлардан олиб, риоясини қилади. Ҳадис маъноларини очиб беради, таъвил жиҳатларини ўрганиб, зоҳирини ботинга ўгиради… Вуот мудом (ҳадиснинг) маънолардаги пардаларни очиб бориш ва ҳусни таъвил талабида бўлади”; 3) наққол – улар рувотдан ҳам пастроқ даражада бўлиб, санадларни териб чиқади, ривоят йўлларини ўрганишга берилиб кетиб, ҳадис маъноларини назардан четда қолдиради [14:79-80].

Аллома ҳадиснинг саҳиҳлиги унинг санади ва ровийлари эмас, балки матнини текшириш орқали ўрганилиши кераклигини таъкидлаган. Иснодларини ёдлаш билан чекланиб, маънога эътибор бермайдиганлар ҳақида: “Улар иснодларни, ривоят йўлларини ёдлайди, ровийларни таҳлил қилиш, уларнинг иллатларини топишга зўр беради. Лекин ҳадис маъноси ва лафзи эътиборидан четда қолади. Кўплаб сўзларнинг фарқланиб қолиши оқибатида асосий маъно ўзгариб кетади. Улар бунга эътибор бермайди, тадқиқ этмайди, ровийларнинг танқиди билан овора бўлади, холос” [3:52], деб ёзади.

Ҳаким Термизий «Шифоул илал» асарида айримлар иснодни безаш учун таниқли куфалик, басралик ёки шомлик ровийларни келтиришга интилишини қоралайди: “Булар юртдошидан эшитган бирор ҳадисни кейинроқ куфалик, басралик ёки шомликдан ҳам эшитиб қолса, дарров улардан ривоят қилишга ўтиб, ҳамюртини тарк этади. Гўё бу билан одамларни ҳайратлантиради” [1:110]. Яна бир ўринда: “Илм талабида ўлкалар кезади. Ўз юрти уламоларини қўйиб, “бизга буни фалончи фалоний ривоят қилган” деб, оммага кўз-кўз қилиш учун бошқа диёр уламолари номини келтириш билан ажралиб турмоқчи бўлади”, деб норозилик билдиради.

Аллома “Наводирул усул” асарида ҳадисларнинг саҳиҳини фақат ҳакимлар ажрата олишини, уларнинг услуби ҳадиснинг маъносини тафсилотларигача ўрганиш, сўзларнинг зоҳирий ва ботиний мазмунини таҳлил қилиш, Қуръон ва суннатга мувофиқлигини текшириш орқали тўғри хулосага келишдан иборатлигини айтади [13:536-537]. Бу услубда матн танқидига катта эътибор қаратилади. Шуни айтиш лозимки, айрим муҳаддислар матндан кўра санад танқиди, ровийларни саралаш масалаларига кўпроқ эътибор қаратган. Бунинг бир неча сабаби бор. Жумладан, мақсад санаднинг ўзи эмас, балки уни ўрганиш орқали матн саҳиҳлигини аниқлаш бўлган. Зеро, ривоятнинг саҳиҳлиги ровийнинг ишончлилигидан келиб чиқади. Ҳадисга ҳукм чиқаришнинг энг мухтасар йўли ҳам санад танқидидир. Матн танқиди эса, ўта машаққатли бўлиб, унинг учун катта салоҳият талаб этилади [2:16-17].

Ҳаким Термизий асарларини ўрганиш шуни кўрсатадики, у чин мужтаҳид бўлиб, ҳанафий мазҳабига кўр-кўрона тақлиддан эҳтиёт бўлган, ўз қарашларини фақат кучли далиллар асосида баён қилган. Аммо бу мутлақ эмас, балки суфий қарашлар асосидаги ижтиҳод сифатида баҳоланади. Аллома ҳукмларга кўр-кўрона эргашишни эмас, балки таҳлил орқали, моҳиятга етиб борган ва англаган ҳолда амал қилишни ёқлаган.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Ҳаким Термизий. Шифоуал илал / Ҳузаййин Р.М. нашрга тайёрлаган. – Қоҳира: Дорул офоқил арабиййа, 1998.
  2. Жузжоний А. Қавоид фи улумил ҳадисин набавий ала манҳажис садаил ҳанафийя. – Девбанд, 2018.
  3. Комил Авайза. Ҳаким Термизий фақиҳ ноқид. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1993.
  4. Мустафо Нашшор. Фалсафа Ҳасан Ҳанафий. – Қоҳира: Нью бук линнашр, 2017.
  5. Муҳаммад Аввома. Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни / тарж. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент: Hilol-nashr, 2018.
  6. Салоҳ Абулҳаж. Ал-мадхалил муфассал илал фиқҳил ҳанафий. – Аммон: Дорул фатҳ, 2017.
  7. Холид Заҳрий. Таълилуш шариа байнас сунна ваш шиа. –Байрут: Дорул ҳадй, 2003.
  8. Ҳаким Термизий. Ал-Ақёс вал муғтаррун / А.Солиҳ ва С.Жамилий нашри. – Қоҳира: Ал-Мактабус сақофий, 1989.
  9. Ҳаким Термизий. Ал-Фуруқ ва манъут тародуф. – Ажуза: Мактабатул имон, 2005.
  10. Ҳаким Термизий. Исботул илал. – Касабланка: Ан-Нажаҳул жадида, 1998.
  11. Ҳаким Термизий. Наводирул усул. – Қоҳира: Мактаба Имомил Бухорий, 2008. Т.2.
  12. Ҳаким Термизий. Наводирул усул. – Жидда: Дорул минҳож, 2015. Т.1.
  13. Ҳаким Термизий. Наводирул усул. – Жидда: Дорул минҳож, 2015. Т.4.
  14. Ҳусайний А. Ал-Маърифа индал Ҳакимит Тирмизий. – Қоҳира: Дорул кутубил арабия, 1963.

 

ИБРОҲИМ УСМОНОВ,
ЎзР ФА Шарқшунослик институти докторанти,
т.ф.н. доцент

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …