Home / МАҚОЛАЛАР / Аждодлардан қолган маданий-маънавий мерос

Аждодлардан қолган маданий-маънавий мерос

Азалдан Марказий Осиё ўзининг бой қадрият ва ёзма маънавий мероси билан жаҳон халқларида катта қизиқиш уйғотган. Ота-боболаримизнинг қолдирган кўп асрлик анъаналари, урф-одатлари, маданияти, бетакрор бой қадимий мероси жамият маънавий салоҳиятининг юксалиши учун катта замин бўлмоқда. Айниқса, тарихий-меъморий обидалар, қадимий қўлёзмалар энг катта маънавий бойлик хазинаси бўлиб, бугунги авлодларни тарбиялашда кўприк вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Парламентга Мурожаатномаларида: “Бугун биз шиддат билан ўзгариб бораётган замонда яшамоқдамиз. Дунё миқёсида манфаатлар кураши, рақобат тобора авж олиб, халқаро вазият кескинлашиб бормоқда…..

Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак” деб бу соҳага алоҳида эътибор беришга чақирдилар.

Маълумки, барча босқичдаги таълим тизимларида ёшларнинг тафаккури ва маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда эди. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг ушбу маърузаларидан келиб чиқиб давлат миқёсида Республикамизда мавжуд қадимий қўлёзмаларни ўрганишда янги давр бошланди десак хато бўлмайди.

Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёевнинг: “Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» асари «Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади» деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор[1] деб таъкидлашлари замирида алоҳида маъно мужассамлашган. Дарҳақиқат, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асаридаги биринчи холис ниятда: Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Унда: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади”, дедилар” деб қайд этилган.

Ушбу ҳадисдан хулоса шуки, инсон онгида шаклланадиган бунёдкор ёки вайронкор ғояларни ўзи ўйлаб топади. Буларнинг муаллифи ўзи бўлгани учун ўзи бошқариш имкониятига ҳам эга бўлади. Шунинг учун имкониятларимизни Она Ватан равнақи йўлида ишлатиш асосий вазифамиз эканлигини англашимиз зарур. Қуръонда: “Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир ва қайтиш ҳам фақат Аллоҳгадир”[2] деб оят келтирилган. Шунингдек, ахлоқ-одобини тартибга солувчи панд ва насиҳатларни тарихий обидалардаги муқаддас жумлаларда: “(Пайғамбар) алайҳиссалом: “Бешикдан қабргача илм изланг”[3], – дедилар, “Субҳаналлоҳ”, “Мулк худоникидир”[4] кўплаб маротаба ҳам такрорланишининг ҳам гувоҳи бўламиз. Мана шу қайдлар ҳам инсонни езгу ишларга кўпроқ эътибор қаратиш учун даъватнома бўлса керак.

Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида мутахассислар томонидан Республикамизда мавжуд қадимий қўлёзмаларни таржима қилиш ишлари олиб борилмоқда. Қадимий қўлёзмалар билан замонавий адабиётлар уйғунлашиб бетакрор замон руҳига мос манбалар нашр этилмоқда. Бу манбалар ўсиб келаётган ёш авлод руҳиятини бунёдкор ғоя ва билим билан қуроллантириб қадриятларимизнинг ҳаётда амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади.

2019 йил 11 январ куни Президентимиз Ш. М. Мирзиеёв Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб марказнинг асосий вазифаси миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва ўрганиш, унинг моҳиятини халқимизга тарғиб этиш, алломаларимизнинг меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни  ўзида мужассам этган манбаларни илмий тадқиқ этишдан иборат эканлигини алоҳида таъкидладилар. Бу вазифадан келиб чиқиб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари ҳам ушбу ишда ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқдалар.

Хуллас, биз аждодлардан қолган бой ёзма маданий-маънавий меросни ўрганиш асосида тарих ҳақиқатларини ўрганамиз ва Ватан равнақи йўлида интелектуал салоҳиятли комил шахс сифатида шаклланамиз.

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
музей илмий ходими Сухроб Эргашев
 
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2019 йилда Мамлакатимизни ривожлантиришнинг енг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Парламентга Мурожаатномаларидан 28.12.2018 й
[2] “ Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.“Нур” сураси  42-оят
[3] “ Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” 3-китоб Т-2012 йил
[4] “ Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси. Т-2011.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …