Home / АЛЛОМАЛАР / Муҳаммад ибн Маҳмуд Самарқандий

Муҳаммад ибн Маҳмуд Самарқандий

Шамсиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий замонасининг машҳур Қуръон, тажвид ва бошқа илмларни чуқур ўрганган олимлардан бири сифатида бутун мусулмон оламида танилган.

    Шамсиддин Самарқандийнинг қайси йилда туғилганлиги ҳақида маълумот келтирилмаган аммо 1378 йилда вафот этган.

    Муҳаммад ибн Маҳмуд Самарқандийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти асосан, араб манбаларида бўлиб, алломанинг таваллуд топган йили номаълум. Аллома асли Самарқандлик бўлиб, умрининг куп қисмини илм ўрганишлик учун Бағдодда ўтказган.  Шамсиддин Самарқандийнинг қироат илми бўйича машҳур аллома бўлган ва ўз даврининг етук алломаси бўлиб етишишида устозларининг ҳиссалари катта бўлган. Шамсиддин Самарқандий қироатдаги тажвид, Қуръон тиловатидаги таянч, зеб бериш, қатъият ва тартиб  қоидалари сирларининг ҳар бири бўйича ўша даврнинг буюк қорилари ва қироат борасидаги машҳур бўлган олимлардан таълим олган. Устозларидан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад, Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад ибн Фасиҳ Куфий Девоний, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Асадий Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳруқ ва бошқа уламолар ҳисобланади.  

    Шамсиддин Самарқандий қобилиятли, ўз ишининг устаси бўлиб, етук қироат ва тажвид олими ҳисобланиб, асосан, қироат ва Қуръон тўғрисидаги асарларни таълиф қилган[1].

    Шамсиддин Самарқандийнинг ёзган асари қироат илмини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлган асарлардан бири бўлиб, хизмат қилади. Айнан Амур Темур ҳукмронлик қилган вақтда яшаб ижод этган. Амур Темур алломанинг асарларини мутолаа қилиб чиққан ва “Ас-саноиъ” (Маҳорат) асари тўғрисида бундай деган: “Аллома китобда Мусҳафни ўқишда лозим бўладиган йўл-йўриқларни ўз хати билан ёзган. Улар бир неча мингга етади ва у (китобча) қироатга тааллуқли бўлан муҳим фойдаларни ўз ичига олган”[2].      

    Алломанинг бизга қолдирган илмий меросларидан баъзилари: “Ас-саноиълул-лати илтазамаҳа фи Мусҳаф”, “Ал-қироатус-сабъа”, “Кашфул-асрор фи расми масоҳифил-амсор”, “Ат-тажрид фит-тажвид”, “Ал-мабсут фил-қироатис-сабъ”, “Ийзоҳул-ҳаволиф фи расми масоҳифис-саволиф”, “Ийзоҳул-қоваид фил-муаммо”  каби асарлари мавжуд[3].

     Алломанинг Миср Араб республикасининг “Таймурия” кутубхонасида № 336 рақам остида “Ал-қироатус-сабъа” (етти хил қироат)га оид қўлёзма асари сақланиб келинмоқда.

   Ушбу “Ал-қироатус-сабъа”  (“Етти хил қироат”)  номли асарида тажвид  ва қироат илмини очиқ-ойдин оят ва ҳадислар мисолида ёритгани, унда қорилар рўйхати ва уларни қироатдаги Санадлар силсиласи курсатиб ўтилган.            Саҳобалардан бошқа бир қанча қори саҳобалар, улардан тобиъийнлар, улардан бошқа бир тобиъийнларга етказилган силсиласи ёритилиб ўтилган.

      Ушбу асарда қироат илмига оид 23-дона боблар кўрсатиб ўтилган бўлиб, мазкур бобларда калималарнинг махражи, калималардаги ҳамзанинг қайси ҳолатларда ишлатишлик, қайси ўринда қанақа ишлатилиши, ҳарфларнинг идғом бўлиши, сукунлик нун ва танвин, махражларни бир-бирига яқинлиги, Қироат имомларининг турли фикрлари, оятларни вақф қилиш ва ҳарф махражлари ҳақида қоидалар мавжуд.

   Абдуллоҳ  ибн  Масъуд (р.а.)  ривоят  қилдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръон  етти ҳарф (Ҳадиснинг арабча матнидаги “етти ҳаррф” сўзи етти қироат, етти луғат ва етти хил маъно, деб таржима  қилинади.)да  нозил  бўлган.  Ҳар  бир  ҳарфнинг  ички  ва  ташқи  ҳолати  мавжуд.  Ҳар бир ҳарфнинг ҳадди-чегараси бор. Ҳар бир ҳад очиқ-ойдин маълумдир”[4].

    Имом Муслим ривоятларида Убай ибн Каъб шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макканинг бир  мавзеъида  эдилар.  Ҳузурларига Жаброил (а.с.)  келиб: “Раббингиз сизга  Қуръони  каримни умматингизга  бир  ҳарфда  ўқиб  беришингизни  буюрди”, —дедилар.  Расулуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен Парвардигоримнинг афв ва мағфиратини сўрайман. Умматим  Қуръонни  бир  ҳарфда  ўқишга  қодир эмас”, дедилар. Иккинчи марта келганларида: “Раббингиз сизга Қуръони каримни умматингизга икки ҳарфда ўқиб беришингизни буюрди”, — дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Парвардигоримнинг афв ва мағфиратини сўрайман. Умматим Қуръонни икки ҳарфда ўқишга ҳам қодир эмас”, —дедилар. Учинчи марта келганларида: “Роббингиз сизга Қуръони каримни умматингизга уч ҳарфда ўқиб беришингизни буюрди”, — дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Парвардигоримнинг афв ва мағфиратини сўрайман. Умматим Қуръонни уч ҳарфда ўқишга ҳам қодир эмас”, — дедилар. Жаброил (а.с.) тўртинчи марта келганларида: “Роббингиз сизга Қуръони каримни  умматингизга  етти  ҳарфда  ўқиб  беришингизни буюрди. Етти ҳарфдан ҳайси бирида ўқисалар ҳам тўғри ўқиган бўладилар”, дедилар[5].

     Қуръони  каримнинг “етти  ҳарф”да  нозил  бўлганлигига  далолат  қилувчи  ҳадислар  мутавотир даражасида бўлиб, барча саҳиҳ китоблар, жумладан: Бухорий, Муслим, Молик, Абу Довуд, Насоий, Термизий ва бошқа муҳаддисларнинг “Саҳиҳ” ва “Сунан”ларида улуғ саҳобалар Абу Ҳурайра, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Умар ибн Хаттоб, Ибн Аббос (р.а.) ва бошқалардан ривоят қилинган.

      Алломанинг ёзган асарлари қироат илмини ўрганишликда катта аҳамиятга эга бўлган. Энг зарур илмлардан бири бўлган қироат илми Аллоҳ таолонинг каломини ўз ўрнига қўйиб, тартиб билан тўғри ўқишга хизмат қилади.

А.Рахимов 
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими
[1] Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. – Б.347б.
[2] Зириклий. Ал-аълом. Ж.7.  Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 87.
[3] Уша асар.
[4] Тафсири Табарий. Байрут. 1999 й. Учинчи нашр. 1-ж. 35-бет.
[5] Қуртубий. Ал-Жомиъ ли-аҳкомил-Қуръон. Байрут. 1-ж. 41-42-бет.

Check Also

«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

 «Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен. Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен» «Авлиёларнинг  авлиёси», «мутафаккирларнинг …