Исломда овқатланишда бўлгани каби сув ичишда ҳам бир қанча одоблар жорий қилинган. Бунда, албатта, фақат фойдани кўзлаш ва зарарни қайтариш мақсад қилинган. Бу одоблар ҳозирги гигиена қоидаларига мос келиб, уларга риоя этилса, инсон сув ичиб роҳатланади ва саломатлигини мустаҳкамлайди.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло жаннат таомларидан егувчи ва ичувчи саодатманд бандаларни сифатлаб:
﴿ كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا أَسْلَفْتُمْ فِي الْأَيَّامِ الْخَالِيَةِ﴾
(Жаннат аҳлига): “Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!”[1], деган бўлса, бу дунёдагиларга:
﴿كُلُوا وَاشْرَبُوا مِنْ رِزْقِ اللَّهِ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ﴾
“Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”[2] деб марҳамат қилган.
Яна Аллоҳ таоло мўътадил яшаш ва соғлом ҳаёт тарзи учун қонун тариқасида нозил қилди:
﴿وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ﴾
“Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни хушламайди”[3].
Еб-ичишдаги исроф деб, қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейишга ҳам айтилади. Ҳорун Ар-Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. Бир куни Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, деди. У: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган” деб, мазкур оятни ўқиб берди. Шунда табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, деди. Али ибн Ҳусайн: “Аксинча, ошқозон – дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!” деган ҳадисни айтиб берди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобат учун ҳеч бир иш қолдирмабди”, деган экан[4].
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичишнинг одобларини ҳам баён қилиб берганлар. Улардан бири сувни бир кўтаришда сипқормай, ҳўплаб-ҳўплаб, орада нафас олиб ичиш тўғрисидаги кўрсатмадир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар ва: “Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва ботувчироқ”, дер эдилар”[5]. У зотнинг тавсияларини ҳозирги медицинаси ҳам тасдиқлайди.
Ичишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни, фориғ бўлгандан кейин “Алҳамдулиллаҳ”ни айтиш суннат амалдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Сувни) туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ичманг. Икки марта, уч мартада ичинг. Қачон (сув) ичсангиз, тасмия айтинг. Қачон ичиб битирсангиз, таҳмид айтинг”, дедилар”[6].
Сув ичишда идишнинг ичига нафас чиқарилмайди. Бу ҳақда Абу Қатода розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз (сув) ичса, идиш ичига нафас қайтармасин”, дедилар”[7].
Сув ичиш асносида ёки ичиб бўлгандан кейин сувга пуфламаслик ҳам одобдир. Сувда бирон нарсани кўриб қолса, пуфламасдан, уни қўли билан олиб ташлайди.
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ушбу ривоят келган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сувга пуфлашдан қайтардилар. Бас, бир киши: “Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?” деди. У зот: “Олиб ташла”, дедилар. “Мен бир нафасда ича олмайман”, деди. У зот: “Ундоқ бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир”, дедилар”[8].
Яъни, Нафаси етмаса оғзини сув идишдан узоқлаштириб, нафас олади.
Сув ичишдаги одобларнинг яна бири ўтирганлар орасидан ёши улуғи бошлаб беришидир. Кейин у ўнг томонидаги кишига беради. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сут келтирилди. Ўнг томонларида бир аъробий, чап томонларида Абу Бакр бор эди. У зот ўзлари ичиб, сўнг аъробийга бердилар ва “Ўнг томондан, ўнг томондан”, деб қўйдилар”[9].
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик келтиришди. У зот ундан ичдилар. Ўнг томонларида бир бола, чап ёнларида кексалар бор эди. У зот болага: “Буларга узатишимга изн берасанми?” дедилар. Бола: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, сиздан оладиган насибамга ҳеч кимни ўзимдан устун қўя олмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ичимликни) унинг қўлига тутқаздилар”[10].
Одобли киши пақир, кўза ва шунга ўхшаш идишларга оғзини қўйиб сув ичмайди.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувдонларни буклашдан қайтардилар”[11]. Ўша пайти асосан мешлар ишлатилгани учун бу ўринда “буклаш” феъли истифода қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эса: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувдоннинг оғзидан ичишдан қайтардилар”[12], деб ривоят қилинган. Сувдоннинг оғзидан ичишдан қайтаришнинг маъноси шуки, ичига бирор зарарли жонивор кириб қолган бўлиши ёки баъзилар биров ичган идишдан сув ичишни ёқтирмаслиги мумкин. Қолаверса, ичаётган оғиздан туфук ёхуд нафас қайтиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Сувни тик туриб ичгандан кўра ўтириб ичган афзалдир. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васллам: “Сиздан бирортангиз ҳам тик туриб ичмасин”, дедилар[13].
Сув ичиш одобларидан яна бири шуки, соқийнинг ўзи охирги бўлиб ичади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қавмнинг соқийси ичишда охиргисидир”, дедилар”[14]. Бунда ҳам ҳикмат бор. Дейлик, сув тугаб қолгудек бўлса, соқий учун захира манба бор. Қолганларда бундай имконият бўлмаслиги мумкин.
Ислом дини сув ичиладиган идишларга ҳам эътибор қаратиб, мусулмонларга тилла ва кумуш идишлардан фойдаланишни ман қилди. Ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: “Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоинда эди. Ичимлик сўради. Шунда бир дуҳқон[15] кумуш жом келтирган эди, уни ўзига (дуҳқонга) қараб отди ва бундай деди: “Мен буни отмас эдим, лекин уни шунча қайтарсам ҳам қайтмади. Ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ипак ва дебождан ҳамда олтин ва кумуш идишларда ичишдан қайтариб: “Ўшалар бу дунёда кофирлар учун, охиратда сизлар учундир”, деганлар”[16].
Демак, шулар орқали ичимлик ичишда инсоннинг маданияти, одоби намоён бўлади. Мусулмон киши мазкур одоблар орқали нафсини қондириш билан бирга савобга ҳам эришади. Ўзини иллатларидан сақлаган бўлади.