Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ

ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ

Бир ҳадис шарҳи

Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани дўстига ҳам раво кўриш ҳақидаги ривоятлар шулар жумласидандир. Уламолар шундай ҳадиси шарифлардан бирини қандай шарҳлагани ва унда баён этилган ҳақиқий мўминга тегишли масалаларни кўриб чиқсак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсани дўстига ҳам раво кўрмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди”, дедилар. 

Демак, ушбу ҳадиси шарифда баён этилган энг эзгу хислатлардан бирига эга бўлган киши ҳақиқий мўмин бўлади. Бу хислат имоннинг, таъбир жоиз бўлса, таркибий қисмларидан бири ва камтарлик белгиси ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин ўзи яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўриши керак.

Яхшилик – тоат-ибодатлар, дунё ва охиратга тааллуқли хайрли ишларининг барчасини қамраб олувчи сўз.

Яхши кўриш – яхши деб билган нарсасини хоҳлаш.

Имом Нававий: “Яхши кўриш – яхши кўрувчига мувофиқ бўлган нарсага мойил бўлиш”, деган. Бу ерда ўз ихтиёри билан мойил бўлиш назарда тутилган. Ҳақиқий мўмин, шунинг учун ҳам ўзи эришган барча яхшиликларни дўстларига ҳам тилайди.

Абу Зинод ибн Сирож бундай дейди: “Бу ҳадис зоҳирига кўра ўзи яхши кўрган нарсани дўстига ҳам раво кўришни англатади. Ҳақиқат шуки, дўстига бундан-да яхшироғини тилайди. Чунки ҳар бир инсон бошқалардан афзал бўлишни хоҳлайди. Буни дўсти учун ҳам раво кўрса, ушбу ҳадисда баён этилган кишилар қаторига киради”.        

Қози Иёз бундай дейди: “Бу ерда камтарликка қизиқтириш бор. Инсон бошқалардан афзал бўлишни истамайди. Бу ҳадис бошқалар билан тенг бўлишни тақозо қилади. Бу Аллоҳ таолонинг: “Биз  ўша (сизларга  маълум)  охират  диёрини  ер  юзида  зулм  ва  бузғунчилик  қилишни  истамайдиган  кишилар  учун  яратурмиз” (Қасас сураси, 83-оят), деган сўзларидан олинган”.

Бу эса фақат ҳасад, адоват, хусумат, нафрат ва алдов каби ёмон хислатларни тарк қилиш билан қарор топади.

Кирмоний бундай дейди: “Ўзи ёмон кўрган нарсани дўстига ҳам раво кўрмаслик имоннинг ҳақиқатидандир. Бу жойи эса ҳадиси шарифда келтирилмаган. Чунки бир нарсани яхши кўриш унга зид бўлган нарсани ёмон кўришни тақозо қилади. Шу билан кифояланилган”.

Бу хитобларнинг барчасида ўзи яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўриш тарғиб этилган. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам, халқимизнинг миллий қадриятларида ҳам бу энг эзгу амаллардан бири ҳисобланади. Зеро, ўзи яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўриш ва ўзи ёмон кўрган нарсани бошқаларга раво кўрмаслик ҳақиқий мўминнинг хислатларидан саналади. Бу каби эзгу хислатларни қалбга жо қилиш ва уларга мунтазам риоя этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидандир.     

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …