Бир ҳадис шарҳи
Ростгўйлик энг улуғ хулқ ва қадри баланд хислатлардан биридир. У дунё-ю охиратда саодат ва нажотга эришиш воситаларидан ҳисобланади. Ростгўйликнинг аҳамияти, юксак даражаси ва таъсирининг катталиги туфайли Аллоҳ таоло бандаларни унга ундади ва: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ﴾ “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119-оят) деди.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ ـ رضى الله عنه ـ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ « إِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ، وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَصْدُقُ حَتَّى يَكُونَ صِدِّيقًا، وَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ، وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَكْذِبُ، حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا ».
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ростгўйлик эзгуликка, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши фақат рост гапираверса, ниҳоят, сиддиқ бўлади. Ёлғон фисқ-фужурга, фисқ-фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса, ниҳоят, Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзилиб қолади” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида бизни ростгўй бўлишга, тўғрисўзликни яхши кўришга ўргатмоқдалар. Содиқ кишиларнинг ажри ва тўғрисўзликни лозим тутишнинг мавқеи ҳақида хабар беряптилар. Сидқидиллик барча яхшиликларга етаклар экан. Эзгулик ҳар бир яхшиликни жамловчи исмдир. Ростгўйлик тилнинг тўғрилигига ишлатилади. У ёлғончиликнинг аксидир. Содиқлик ниятда бўлиб, у бир ихлосдир. Тўғрисўзлик азму қарорда бўлиб, яхши ният билан чамбарчас боғланган.
Амаллардаги ростгўйликнинг энг кичиги яширин ва ошкораликнинг тенглигида кўринади. Бунга қизғанчиқлик, бахиллик, ҳасадга ўхшаган туйғулар билан одамлардан ниманидир яширмаслик, бисотида бор нарсани йўқ демаслик кабилар мисол бўла олади. Содиқликнинг даражаси қўрқув ва умид каби ҳолатларда намоён бўлади. Кимда шу сифатлар жамланса, сиддиқ бўлар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эзгулик жаннатга бошлашини хабар беряптилар. Бунинг тасдиғи Аллоҳ таолонинг: ﴿إِنَّ الْأَبْرَارَ لَفِي نَعِيمٍ﴾ “Албатта, яхшилар (эзгулик соҳиблари) неъмат (жаннат)дадирлар” (Инфитор сураси, 13-оят), деган сўзидир. Киши ҳам яширин, ҳам ошкора ҳолатда ростгўй бўлиб, фақат уни қасд қилса, ёлғондан сақланса, охир-оқибат тўғрилик ғолиб бўлар экан. Шу тариқа инсон ростгўйликнинг олий нуқтасига етар, содиқлар сафига кириб, уларнинг мукофотига лойиқ бўлар экан.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғон гапириш ва содир бўлмаган нарса ҳақида хабар беришдан ҳам огоҳлантираяптилар. Ёлғоннинг энг ёмони Аллоҳ таолога ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ишлатилганидир. У зот ёлғончилик фисқ-фужурга бошлашини хабар беряптилар. Бу тўғриликдан бурилиб кетиш, демакдир. Баъзи алломалар фисқ-фужурга гуноҳ ишларнинг туғилиши, деб таъриф берган. Фисқ-фужур дўзахга бошлар экан. Киши ёлғон гапириб, бу ишини такрорлайверса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзилар ва шунга яраша ҳукм қилинар экан.
Бу ҳадисда ростгўйликка тарғиб ва ёлғондан ҳазар қилишга чақирилганининг гувоҳи бўлдик. Чунки ростгўйлик ҳар бир инсонни гўзал хулқли бўлишга, ёлғон эса тубанликка чорлайди. Муқаддас динимизда ростгўйлик ва ёлғончилик энг эътибор қаратиладиган хислатлардандир.